Таълим тарбия

КИЙИНИШ ОДОБЛАРИ

КИЙИНИШ ОДОБЛАРИ

       Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади. Зотан, азалдан халқимизда «Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши — кийимдур», мазмунидаги ҳикмат бор. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ шогирдларини виқорли, салобатли кийинишга ундар эдилар. Чунки бу ишда илмни ва илм аҳлини ҳурмат қилиш бор. Инсон кийим танлаш борасида миллий-диний қадриятлари чегарасида тургани яхши. Кийиниш маданияти инсоннинг диди қандай эканини кўрсатади. Ҳазрат Мир Алишер Навоий бир байтларида:

Яхши суҳан жонга оройиш, Яхши либос танга оройиш, деб ҳикматли насиҳат берадилар.

Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. У инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади “Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир” (Аъроф сураси: 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини “нозил қилдик” деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Аврат ўринлари эркакларда киндикдан тиззагача бўлган жойни ўз ичига олади. Демак, мазкур жойларни беркитиш вожибдир. Имом Аҳмад ўзларининг “Муснад” номли ҳадис тўпламларида ривоят қилишларича, Жарҳад исмли саҳобий сонини очиб турган пайтда Набий алайҳиссалом унинг ёнидан ўтиб қолдилар ва “Эй Жарҳад, сонингни ёп(!), зеро, сон авратдир”, дедилар.

Мазкур ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб аксар уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари сон авратдир, дейдилар. Шундай экан, киши энг камида ўзгаларга баданининг мазкур жойларини очиқ ҳолда кўрсатмаслиги лозим. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади.

Ислом дини мукаммал шариат бўлгач, унда барча нарсанинг одоби ва маданияти муфассал тарзда баён қилиб берилган. Шу жумладан динимиз таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд бўлиб, қуйида улар ҳақида қисқача сўз юритамиз.

 Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим.

 Тор бўлмаслиги. Баъзи либослар терини кўрсатадиган даражада юпқа бўлмасада аммо, аврат ерларининг шаклини кўрсатиб қўядиган даражада тор бўлади. Бу ҳам мумкин эмас.

 Эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги лозим. Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Саҳиҳ” тўпламларида Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар”.

Фазлиддин Пўлатов,
Наманган тумани “Шамсиддин вали” жоме
масжид имом хатиби 

Related posts