Дарҳақиқат, кечиримлилик ва афв этиш мўмин кишининг энг гўзал ва юксак фазилатларидан бири саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини, саҳобаларнинг тутумларини ўрганиш ва Қуръони карим оятлари маънолари борасида тафаккур қилиш — мўмин-мусулмон кишига шахсий адоват, ҳақорат ёки зарар етказилган ўринларда кечиримли бўлиш лозимлигини кўрсатади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримизга ва у зот орқали барча умматга қарата: «Афвни ол (кечиримли бўл), урфга буюр ва жоҳиллардан юз ўгир!» (Аъроф сураси, 199-оят) деб марҳамат қилган.
Ҳа, мўмин киши ўз шахсига нисбатан қилинган ёмонликларга қасос ва адоват билан эмас, балки афв ва эҳсон билан жавоб қайтариши — ҳақиқий олийжаноблик белгисидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари давомида ҳеч қачон ўз шахслари учун ўч олмаганлар. Ҳатто қўй гўштини заҳарлаб олиб келган яҳудий аёлни ҳам, дарахт остида ухлаб ётганларида қилич яланғочлаб ўлдирмоқчи бўлган бадавийни ҳам юмшоқ муомала қилиб афв этганлар. Қолаверса, Макка фатҳи куни ўзларига ва мусулмонларга йиллар давомида озор бериб, юртларидан ҳайдаб чиқарган Макка мушрикларига: «Бугун сизларга ҳеч қандай айблов, маломат йўқ. Боринглар, сизлар озодсиз!» дея умумий афв эълон қилган эдилар.
Айниқса, улуғ саҳобий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларида содир бўлган ушбу воқеадан барчамиз катта ибрат олишимиз лозим: Қизлари Оиша розияллоҳу анҳо онамизга нисбатан қилинган туҳмат (Ифк воқеаси)га қариндошлари Мустаҳ ибн Усоса ҳам қўшилиб қолди. Унгача Мустаҳга доимий моддий ёрдам қилиб келган Абу Бакр розияллоҳу анҳу энди унга қайта ёрдам бермасликка қасам ичдилар. Шунда Аллоҳ таоло Нур сурасининг 22-оятини нозил қилди:
«Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга... эҳсон қилмасликка қасам ичмасинлар, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?!»
Бу оятни эшитган заҳоти Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Албатта, Аллоҳнинг мени мағфират қилишини истайман!» деб, қасамларининг каффоратини бердилар ва қариндошига моддий ёрдам беришни янада афзалроқ суратда давом эттирдилар.
Кечиримлилик шахсий масалаларда юксак ахлоқ саналса-да, Аллоҳ таолонинг ҳуқуқлари ва жамият манфаатларига келганда ўз чегарасига эга. Шахсий нафс ёки қариндошлик ришталари Аллоҳнинг қонунлари ва адолат мезонларидан устун қўйилмайди.
Махзумия қабиласидан бўлган бир аёл ўғрилик қилганида, унинг жазосини енгиллатишни ёки афв этишни сўраб шафоатчи бўлиб келганлардан Пайғамбар алайҳиссалом қаттиқ ғазабландилар. Чунки бу ўринда ўғрига масъулиятсизларча раҳм қилиб жазо берилмаса, Аллоҳ белгилаб қўйган чегара, жамият тинчлиги ва инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилган бўлар эди.
Шунингдек, жамиятда адолатни қарор топтириш ва жоҳилиятдаги салбий одатларга барҳам беришда ҳам аниқ позиция лозим. Макка фатҳи кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига озор берган кишиларни кечирган бўлсалар-да: «Жоҳилият давридан қолган барча одатлар ва риболар (судхўрлик) оёғим остида бекор қилинди», деб эълон қилдилар. Жоҳилият асарлари ва адолатсизликни йўқотишда қариндош-уруғчилик ёки юз-хотирчиликка асло йўл қўймадилар.
Хулоса қилиб айтганда, мусулмон киши ўз шахсий ҳаққига тажовуз қилинганда олийжаноблик кўрсатиб, кечиримли бўлиши — улуғ фазилат. Аммо Аллоҳнинг амрлари, жамият адолати ва инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида собит ва қатъиятли бўлиш Ислом ахлоқининг асосий мезонидир.
Манбалар асосида тайёрланди.
Адҳамжон Абдураҳмонов
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом-ноиби