Таълим тарбия

КАТТАЛАРГА ҲУРМАТ, КИЧИКЛАРГА ИЗЗАТ — ДИНИМИЗ КЎРСАТМАСИДИР

КАТТАЛАРГА ҲУРМАТ, КИЧИКЛАРГА ИЗЗАТ — ДИНИМИЗ КЎРСАТМАСИДИР

Ислом дини жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатларни юксак ахлоқ, меҳр-оқибат ва самимий ҳурмат асосига қуришни таълим беради. Инсоний муносабатларнинг энг муҳим устунларидан бири — ёши улуғларга ҳурмат кўрсатиш ва ёшларга иззат-шафқатли бўлишдир. Айнан шу гўзал одат жамиятда тотувлик, барака ва авлодлар ўртасидаги мустаҳкам маънавий риштани таъминлайди.

Ояти карималарда катталарнинг ҳаққи

Қуръони каримда ёши улуғлар, айниқса, ота-оналарга ҳурмат кўрсатиш Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги энг муҳим бурч сифатида таъкидланади:

«Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг биргинаси ёки икковлари ҳам кексалик ёшига етсалар, уларга "Уфф..." дема ва уларни зажр қилма (жеркиб берма)! Уларга карамли (ширин) сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).

Оятдаги «Уфф» сўзидан қайтариқ ёши улуғ инсонларга, айниқса, кексайиб қолган ота-онага нисбатан озгина бўлса-да беҳурматлик қилиш, оғриниш ёки малал олиш мумкин эмаслигини уқтиради. Кексаларнинг кўнгли нозик ва озорланувчан бўлади, шу сабабли уларга алоҳида эътибор ва мулойимлик билан муомалада бўлиш талаб этилади.

Ҳадиси шарифларда катталар ва кичиклар ҳаққи

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига катталар ва кичикларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини очиқ баён қилиб берганлар.

Абдуллоҳ ибн Амрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизнинг ҳаққини (ҳурматини) билмаган киши биздан эмас» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Сочи-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддан ошмаган ва ундан узоқлашмаган кишини ҳамда одил подшоҳни икром қилиш — Аллоҳ таолони улуғлашдандир» (Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларнинг кексаларга кўрсатадиган ҳурмати бежавоб қолмаслигини башорат қилиб: «Қайси бир ёш йигит ёши улуғ кексани ёши учун икром қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг кексалигида икром қиладиган кишиларни муҳайё қилади», деганлар (Термизий ривояти).

Саҳобалар ва солиҳлар ҳаётидан намуналар

Ислом тарихида ёши улуғларни эъзозлаш ва кичикларга меҳр кўрсатишнинг гўзал намуналари жуда кўп:

  • Ҳазрати Умар ва ёш Абдуллоҳ ибн Аббос: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида ёш бўлишига қарамай, Абдуллоҳ ибн Аббосни розияллоҳу анҳу ўз кенгашига қўшар, унинг илмини ҳурмат қилар эди. Бошқа катта ёшли саҳобалар бундан таажжубланганда, Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббоснинг теран илми ва фаросатини исботлаб, ёшларни ҳам муносиб ўрнида иззат қилиш ва қадрлаш лозимлигини кўрсатган.

  • Имом Аъзамнинг устозига ҳурмати: Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтган эканлар: «Устозим Ҳаммоднинг уйи томонга ҳеч қачон оёғимни узатиб ётмаганман, ваҳоланки, у кишининг уйи билан менинг уйим оралиғида еттита кўча бор эди». Бу — кексалар, устозлар ва илм аҳлига бўлган юксак эҳтиром ва одобнинг ёрқин мисолидир.

Хулоса

Катталарга ҳурмат кўрсатиш жамиятда тартиб, меҳр-оқибат ва баракани таъминласа, кичикларга иззат ва раҳм-шафқат қилиш келажак авлоднинг соғлом эътиқод, юксак фазилат ва гўзал хулқ билан ўсиб-улғайишига мустаҳкам замин яратади. Халқимизда «Қариси бор уйнинг баракаси бор» дейилади. Кексаларимизнинг дуосини олиш, уларга иззат-икром кўрсатиш ва ёшларимизга меҳр бериб тарбиялаш ҳар бир мусулмоннинг ҳам диний, ҳам инсоний бурчидир.

Ҳабибуллоҳ Мўминжонов

Косонсой тумани “Исломхон” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts