Инсоннинг ҳақиқий одоби фақат юзма-юз суҳбатда эмас, балки унинг ёзган сўзларида ҳам намоён бўлади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Қиёмат куни мўминнинг тарозусида гўзал хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди» (Имом Термизий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, сизларнинг менга энг севимлиларингиз ва қиёмат куни менга энг яқин бўладиганларингиз хулқи энг гўзал бўлганларингиздир», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ўйлаб кўрайлик, қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлишдан ортиқ қандай бахт бор?! Шундай экан, гўзал хулқни ҳаётимизнинг энг муҳим безагига айлантиришимиз керак.
Аммо бугун ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар, изоҳлар ва баҳс-мунозараларга назар ташласак, баъзан одоб-ахлоқимиз нақадар аянчли аҳволга тушиб қолаётганини кўрамиз.
Ачинарлиси, айрим инсонлар ҳаётда ўзларини одобли, босиқ ва маданиятли тутадилар. Аммо телефон экрани ортига ўтгач, гўё бошқа одамга айланадилар. Ҳақорат, истеҳзо, камситиш, ғийбат, бўҳтон ва бировнинг шаънини топташ улар учун оддий ҳолга айланади.
Баъзилар эса ўзини ҳақиқат ҳимоячиси деб билиб, ҳақиқатни айтиш баҳонасида инсонларнинг иззат-нафсига тегади. Гўё экран ортида ёзилган ҳақорат учун жавобгарлик йўқдек!
Ахир, телефон ортида ҳам инсон бор! Унинг ҳам қалби, орияти, оиласи ва қадр-қиммати бор. Бир оғиз оғриқли сўз инсоннинг қалбини қанчалар яралашини ўйлаб кўрганмизми?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:«Эй имон келтирганлар! Бир қавм бошқа бир қавмни масхара қилмасин. Эҳтимол, улар булардан яхшироқдирлар...» (Ҳужурот сураси, 11-оят).
Яна бир ояти каримада:«Ким бирон сўзни айтмасин, унинг ҳузурида ҳозиру нозир кузатувчи бордир» (Қоф сураси, 18-оят).
Демак, инсоннинг оғзидан чиққан сўз ҳам, қаламидан ёки клавиатурасидан чиққан ёзув ҳам жавобгарликдан холи эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:«Банда бир гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилса, гуноҳдан тийилса ва истиғфор айтса, қалби покланади. Агар гуноҳни яна такрорласа, қора нуқта зиёда бўлади. Мана шу Аллоҳ таоло айтган “ран”дир: “Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир”» (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривоятлари).
Хулоса ўрнида...
Азизлар! Ижтимоий тармоқларда ҳам ўзимизнинг кимлигимизни унутмайлик. Бировни ҳақорат қилиш билан обрў орттирмаймиз, камситиш билан юксалмаймиз, ғийбат билан ҳақиқатни ҳимоя қилмаймиз.
Бировнинг хатосини кўрсангиз, одоб билан танбеҳ беринг. Ихтилофга борсангиз, ҳақоратсиз баҳслашинг. Бирор гап ёзишдан олдин эса бир лаҳза тўхтаб, ўзингиздан сўранг: «Бу сўзим Аллоҳнинг ҳузурида менга фойда берадими ёки зарар?»
Унутманг! Ўчирилган изоҳ хотирадан ўчиши мумкин, аммо ёзилган сўзнинг гуноҳи тавба қилинмагунча инсоннинг зиммасида қолиши мумкин.
Бугун телефон экрани ортида яшириниб, одамларнинг қалбини оғритган киши эртага Аллоҳнинг ҳузурида қилган ишларига жавоб беради.
Келинг, ижтимоий тармоқларда ҳам гўзал хулқ соҳиби бўлайлик! Тилимиздан ҳам, қаламимиздан ҳам, клавиатурамиздан ҳам инсонларга озор етмасин. Қалбларни вайрон қилиш эмас, обод қилишга сабабчи бўлайлик!
Аллоҳ таоло қалбларимизни покласин, тилларимизни ростликка, қаламларимизни яхшиликка, хулқларимизни гўзалликка йўналтирсин.
Муҳиббуллоҳ Худойбердиев,
Тўрақўрғон тумани бош имом-хатиби