Аллоҳи таъоло бу кенг оламдаги барча мавжудотларни ўз ҳикмати билан жуфт яратганидек, инсонни ҳам жуфт яратди. Бошқа жонли-жонсиз махлуқотларидан афзал ўлароқ уни ақл, тафаккур, нутқ каби улуғ неъматлари билан азизу мукаррам этди. Эркакни оилага меҳрибон бошчи, раҳбар қилиб, аёл зотини эса ардоқли, жуфти ҳалол, оиланинг чироғи, посбони ва фарзандларга мураббия қилиб яратган. Аллоҳи таъоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик бахтини ва масъулиятини берди. Аёл эркак учун ширин ҳаёт ва таскину ором, осойишталик тимсолидир.
Муқаддас динимиз таълимотларида аёлнинг шарафини, иффатини ҳақ ҳуқуқларини на қадар улуғ эканлиги батафсил кўрсатиб ўтилган. Ислом бундан ўнбеш аср муқаддам аёл ҳам инсон сифатида эркак билан тенг ҳуқуқларга эга эканлигини эълон қилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад сав аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ ҳуқуқларини белгилаб беришда бутун кишилик жамиятига намуна бўлдилар. Мусулмонлар аёлга қандай муносабатда бўлиши лозим эканлиги ўз шахсларида намоён қилдилар. У зот оилаларига, қизларига, аёл қариндошларига, шунингдек умуман аёл зотига алоҳида меҳр-шафқат билан муомала қилар ва умматларига: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин, аёлларга доимо яхшилик қилсин...” деб тавсия қилар эдилар.
Муқаддас динимиз аёл зотини улуғлаш билан чекланиб қолмаган, балки эркак кишига берган барча ҳуқуқ ва вожиботлардан жамиятнинг ажралмас бир аъзоси бўлмиш аёлга ҳам берган. Илм олиш эркагу-аёлга бирдек фарз, молиявий муносабатларда аёл ўз моли ва бойликларини ўз ихтиёри билан тасарруф қила олади. Аёл эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий тарзда тузиш ҳуқуқига эга. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуққа эга бўлишса, аёлларга ҳам худди шундай ҳуқуқлар берилган. Аёл ислом таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақли ва жисмини ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишларда эркак билан тенг ҳуқуқлидир.
Бу фикрларимизни исботи ўлароқ Қуръони каримда ҳам: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробарида мукофот билан тақдирлаймиз” дейилади.
Исломда эркаклар зиммасига ўз аёлларига яхшилик қилиш хушмуомала бўлиш, озор бермаслик, илм олишига ва динини ўрганишига имкон бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрларини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган. Қуръони каримда аёл ҳақида кўплаб оятлар келган ҳатто алоҳида “Нисо” (аёллар деб номланувчи сура ҳам келган).
Аслини олганда аёл аввало онамиз, қолаверса жуфти ҳалолимиз, опа синглимиз, қизимиздир. Ана шу нозик хилқатнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши, жамиятимиз соғлом бўлишини таъминлайди. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандларнинг дунёга келиши оналар сабабли бўлади. Уларга илк таълим-тарбияни ва одоб-ахлоқни ҳам оналар, момолар ўргатишади. Демак, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига боғлиқ экан. Биз ҳозирги кунда ардоқлаб тарбиялаётган қизларимизни қанчалик илмли, ахлоқли, имонли, дунёқараши кенг, шу билан бирга аёлларга хос бир касб ҳунар устаси қилиб тарбиялай олсак, динимиз талаби, Ватан тараққиёти учун улуғ хизмат қилган бўламиз.
Ҳақиқатни олиб қараганда ўғил бола тарбиясидан кўра қиз болани тарбиялаш оғирроқ. Чунки табиатан нозик аёлларга алоҳида меҳрибонлик кўрсатиш, қўполлик қилмасдан юмшоқ муомала қилиш, ўзларига яраша касб ҳунар илмга йўналтириш лозим бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз сав уч қизни тарбиялаб вояга етказиб ҳаётга йўллаган ота-она жаннатийлардан бўлади, иккита қизни ва битта бўлса ҳам қизини чиройли тарбиялаб вояга етказган ота-она жаннатий бўлишини ваъда қилганлар.
Бугунги маънавий таҳдидлар, информация хуружи авжига олган кунларда кўзимиз оқу қораси қизларимизни – келажак оналарини тарбиялаш янада долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Уларни турли диний экстремистик оқимлар, миссионерлар, оммавий маданият фитналаридан асраб, пок эътиқодли, миллий қадриятларига содиқ, юксак маънавиятли, илмли ва ўзига яраша касб ҳунар эгаси қилиб тарбиялаш бош мақсадимиз бўлиши лозим. Ҳали коллежни тамомламай туриб бойни боласидан совчи келиб қолди деб, куёв томонни бойлигига, амалига учиб қизларимизни эрта турмушга узатиш ёки ножўя жойга узатиб, кейин пушаймон бўлиб қолишдан сақланишимиз керак.
Аёлларимизга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилмоқда. Соғлом она – соғлом бола шиори остида оналар саломатлигини сақлаш учун жуда катта ишлар амалга оширилгани дунё ҳамжамияти томонидан тан олинди. Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасида изчиллик билан амалга оширилаётган эзгу ишларнинг ҳуқуқий асоси Бош қомусимизда ёрқин ифодасини топган. Ҳар йилни муаййан бир ном билан аташ анъанасига мувофиқ, йилларнинг “Аёллар йили”, “Оналар ва болалар йили”, “Соғлом авлод йили” ва “Соғлом бола” дея номланиши давлат ва жамият ҳаётида аёлларга, оилага алоҳида аҳамият берилаётгангини кўрсатиб турибди.
Мақсудхон Инамханов,
Чуст тумани “Қосим шайх” жоме
масжиди имом-хатиби