Байрам ва марака маросимлари

ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

Инсон ҳаётида энг улуғ қадриятлардан бири — хотирадир. Хотира — бу фақат бир шахснинг ёки гуруҳнинг эсда қолган лавҳаларини эмас, балки миллатнинг, тарихнинг, маънавиятнинг юракда сақланиши демакдир. Шу маънода айтиш мумкинки, инсоннинг хотираси унинг кимлигини белгилайди, унинг маънавий олами ва ҳаётий тажрибасини шакллантиради.

Ҳар бир миллат ўтмишини унутмаса, у келажагини мустаҳкам ва нурли қила олади. Шунинг учун ҳам “Хотирасиз миллат – йўқ миллат” деган гап бежиз айтилмаган. Инсон хотираси — улуғ аждодлардан қолган маънавий мерос, уларнинг жасорати, олижаноблиги ва фидойилигини эслаш билан боғлиқдир. Жумладан, ватан ҳимоясида жонини фидо қилган юртдошларимизни ёд этиш, уларнинг хотирасини ардоқлаш — бу авлодларнинг муқаддас бурчидир.

Мамлакатимизда ҳар йили 9 май — Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана – юртимизда тинчлик ва осойишталик учун жонини фидо қилган инсонларнинг хотирасини ардоқлаш, уларни ёд этиш ва ҳурмат қилиш кунидир. Бу орқали ёш авлод қалбида ватанпарварлик, фидойилик ва тарихга эҳтиром туйғуси юзага келади.

Қуръони каримда ҳам инсон хотирасига алоҳида урғу берилган. Аждодларимиз ҳаётидан ибрат олиш, тарихий воқеаларни эслаш ва улардан сабоқ чиқариш Қуръонда қайта-қайта таъкидланган. Мисол учун, Ҳашр сурасининг 10-оятида қуйидагича келтирилади: яъни “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан” деб зикр қилинган.

Шунингдек, инсон хотираси — бу инсонийлик тимсоли, маънавият манбаи. Кимки ўтганларни эслаб яшаса, у инсофли, юксак ахлоқ соҳиби бўлади. Ҳар бир оилада, ҳар бир маҳалла ва жамоатда ўтмишни ёд этиш, катталарнинг сўзини тинглаш, уларнинг ҳаёт тажрибасидан сабоқ олиш муқаддас вазифадир.

Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман "Саид Насимхон тўра" жоме
масжиди имом-ноиби 

Related posts