Инсон қадр-қимматига рахна солувчи энг оғир ижтимоий иллатлардан бири — бу зулмдир. Ижтимоий иллатлар орасида зулм энг каттаси ва энг хатарлиси ҳисобланади. Чунки у жамиятда адолат ва инсофни йўқотади, инсонлар ўртасида ишончсизлик, адоват ва нафратни пайдо қилади. Зулм нафақат жамият барқарорлигига, балки ҳар бир инсоннинг қадр-қимматига ҳам жиддий футур етказади. Зулм ҳукмрон бўлган жамиятда тартибсизлик, низолар, ихтилофлар ва маънавий инқироз авж олади.
Зулм сўзи аслида ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш маъноларини англатади. Араб тилида бу тушунча жуда чуқур маънога эга. Масалан, белгиланган жойдан бошқа ерга чуқур қазилса, ерга нисбатан «зулм қилинди», қазилган тупроққа эса «мазлум тупроқ» деб аталади. Бу мисол зулм ҳар қандай нарсанинг ўз ўрни ва ҳаққини поймол қилиш эканини яққол кўрсатади.
Зулм кенг ва қамровли тушунча бўлгани сабабли, у баъзан инсофнинг, баъзан эса адолатнинг зидди сифатида таърифланади. Инсоф — ҳар бир нарсанинг ҳаққини тўлиқ ва холисона беришдир. Адолат эса ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўйиш ўртасидаги мўътадил, ўрта йўлдир. Шу боис инсофсизлик ва адолатсизлик сўзлари кўп ҳолларда зулм маъносида қўлланади.
Араб тилида зулм «жавр» сўзи билан ҳам ифодаланади. «Жавр» барча ишларда ҳаддан ошишни англатади. Бу ерда «барча» сўзининг умумий маънода келиши зулм фақат моддий ёки жисмоний нарсаларда эмас, балки маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий ва руҳий соҳаларда ҳам бўлиши мумкинлигини англатади.
Зулм Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар ва ижмои уммат билан қатъий равишда ҳаром қилинган бўлиб, у катта гуноҳ — гуноҳи кабира ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръонда зулмни қаттиқ қоралаб, золимларнинг оқибати оғир бўлишини баён қилган. Аслида зулмнинг катта-кичиги бўлмаса-да, унинг даражалари мавжуд.
Араб тилида зулмнинг энг кучли даражаси «ғошим» деб аталади. Бу сифат билан инсон ҳам, ҳатто уруш ҳам сифатланади. «Ғошим» сўзи луғатда кечаси ўтин тўплаш маъносини англатади. Одатда кечаси ўтин тўплаган киши нимага дуч келаётганини билмасдан, ҳўлу қуруқни фарқ қилмай, йўлида учраган ҳамма нарсани кесиб ташлайди. Бу ҳолат зулмнинг энг шафқатсиз ва вайронкор шаклини ифодалайди.
Зулмнинг қуйи даражаси эса «ҳазм» деб аталади. Бу ҳолатда ҳаққа бироз нуқсон етказилади, яъни инсон тўлиқ зулм қилмаган бўлса-да, бировнинг ҳаққини камайтириш ёки эътиборсиз қолдириш орқали ноҳақликка йўл қўяди.
Шунингдек, зулм шахсларга нисбатан икки турга бўлинади. Биринчиси — гуноҳ ишларга қўл уриш орқали инсоннинг ўз-ўзига зулм қилиши. Иккинчиси — бошқаларга нисбатан зулм қилиш. Бу икки турнинг ҳар иккаласи ҳам шариатда ҳаром қилинган бўлиб, инсонни ҳалокатга олиб боради.
Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган машҳур ҳадис жуда ибратлидир. У зот айтадилар:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Муфлис кимлигини биласизларми?» — дедилар.
Саҳобалар: «Орамиздаги муфлис — дирҳами ҳам, моли ҳам йўқ киши», — деб жавоб беришди.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом дедилар:
«Умматимдаги ҳақиқий муфлис қиёмат куни намоз, рўза ва закот билан келади. Аммо у буни сўккан, уни зинода айблаган, бунинг молини еган, унинг қонини тўккан, бунисини урган бўлади. Натижада унинг яхшиликларидан жабр кўрганларга берилади. Агар яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳлари олиб бунинг устига юкланади. Сўнгра у дўзахга улоқтирилади», — дедилар.
(Имом Муслим ривояти)
Ушбу ҳадис зулмнинг охиратдаги оқибати қанчалик оғир эканини яққол кўрсатиб беради. Инсон қанчалик ибодатли бўлмасин, агар у бошқаларга зулм қилган бўлса, бу ибодатлар уни қутқариб қолмаслиги мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, зулм — жамиятни емирувчи, инсон қадр-қимматини поймол қилувчи, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлувчи энг хавфли иллатдир. Шунинг учун ҳар бир мўмин инсофли, адолатли бўлишга, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам зулмдан сақлашга қатъий аҳд қилиши лозим.
Зикрулло Умурзақов,
Норин тумани бош имом-хатиби