Ақидадан адашмайлик

ИМОН – БАХТ МАНБАИ

ИМОН – БАХТ МАНБАИ

Бахт бойликнинг кўплиги, мансабнинг катталиги, фарзанднинг кўплиги, бирор фойдага эришиш ва моддий бойликда эмас. 

Бахт маънавий тушунча бўлиб, уни кўз билан кўриб бўлмайди, ҳажм билан ўлчаб бўлмайди, уни бирор хазина сиғдира олмайди, доллор ёки тиллога сотиб олиб бўлмайди. 

Бахт бу инсон ҳис қиладиган нафс софлиги, қалб ҳотиржамлиги, кўнгил кенглиги ва инсон ички дунёсининг роҳат олишидир. 

Бахт инсоннинг ичидан отилиб чиқади. Ташқаридан олиб келинмайди. Агар бахтни дарахт деб ўйласак, у ўсадиган жой инсон нафси ва қалбидир. Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтириш бу дарахтнинг ичадиган суви, озуқаланадиган таоми, нафас оладиган ҳавоси ва тобланадиган нуридир. 

Мисрлик адиб Мустафо Лутфий Манфалутий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Дунёда бахтли бўлиш учун ички олам чиройли бўлиши, хотиржам нафс ва олийжаноб қалбнинг бўлиши кифоя". 

Ривоят қилинишича эр хотинига ғазаб ва жаҳл билан: "Сени албатта бахтсиз қиламан", дебди. 

Хотин хотиржамлик билан: Мени бахтли қила олмаганингиз каби бахтсиз ҳам қила олмайсиз, деб жавоб берибди. 

Эр яна қутуриб:  "Қандай қилиб бу иш қўлимдан келмас экан", деди. 

 Хотин ишонч билан: "Агар бахт ойлик нафақада бўлса, уни бермаслигингиз мумкин ёки тақинчоқ ва зеб-зийнатда бўлса, улардан маҳрум қилишингиз мумкин. Лекин бахт сизнинг ҳам, бутун инсониятнинг ҳам қўлида эмас!" деди. 

Эр  ҳайратдан лол бўлиб сўради:  "Унда бахт нима экан?". 

Хотин аниқ ишонч билан:  "Мен бахтимни имонимдан топаман. Имоним эса, қалбимда. Қалбимга эса, Парвардигоримдан ўзга ҳеч ким эгалик қила олмайди!" деб жавоб берди. 

Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога дуо қилиб, ўзларига кампирларнинг имони каби имон сўраган эканлар! У зот олимларнинг имони каби имон сўрамаганлар. Чунки кампирларнинг имони хотиржам, сокин ва чуқур имон бўлиб, унга гумон ёки шак аралашмайди. Бу имон оддий ва содда имондир. Улар Аллоҳ таолога имон келтиришни қўйидагича идрок этадилар: Аллоҳ таоло барча нарсани яратган, ҳар бир нарсани бошқаради, яхши кўрган бандасига яхшиликни инъом қилади. Ўзига имон келтирмаган кишига ўша заҳоти ёки келажакда, албатта жазо беради. 

Ким илтижо қиладиган, суянадиган куч ва мусибатларда ёрдам оладиган зот Аллоҳга имон келтирмаса, бамисоли пойдевори ва устунлари йўқ уйга ўхшайди. 

Шу сабабдан, ҳаётдаги энг бахтсиз инсонларнинг кўпи худосизлар эканини кузатишимиз мумкин! Улар кўп бойликка эга, тўкин сочин ризққа ҳам эга. Лекин бошига бирор мусибат тушиши билан ўзини тўхтата олмайди. Чунки нафснинг табиати шундайки, у йўқ бўлишдан қўрқади. Мўмин киши эса, хурсандчилик вақтида ҳам, ҳафачилик вақтида ҳам, бошига қандай кулфат тушмасин, Аллоҳга ҳамд айтади. У улуғ кучга, мустаҳкам қўрғонга таянади. Агар дунёда бирор яхшиликка эриша олмаса, охиратда эришишни умид қилади. Агар бугун унинг омади келмаган бўлса, Аллоҳ таоло эртага омадини беришини умид қилади. 

Доктор Комил Яъқуб айтади: 

Шифокор сифатида ҳаётим давомида кузатган ҳақиқатим шуки, нафси хотиржам бўлган инсонларнинг кўпи имон қуввати кучли бўлган ва дин арқонига мустаҳкам осилган инсонлардир. 

Имон омонатдор инсоннинг паноҳ топадиган даргоҳидир. У қаршисидан чиққан муаммоларда, атрофини қамраб олган зулматларда ана ўша имонига таянади. У имонсиз бамисоли ҳаётнинг номаълум бурчакларида адашиб тентираб юрган, ўз мақсадини билмайдиган ва ҳаётида барқарорлик, қониқиш нималигини билмаган шахсга ўхшайди. 

Иброҳим Қосимҳўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди махдум”жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts