Илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан бўлиб, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланди. Илм ўз соҳибини юқори мартабаларга кўтариб, Роббисини яхшироқ танишга ва У Зотдан қўрқишга олиб боради.
Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир (Фотир сураси, 28 оят).
Илм ўз эгасини улуғ мукофот бўлган жаннатга олиб боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаби йўлига чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади”, дедилар. (Имом Муслим ривояти.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида шундай дейдилар: “Дунё ва охират яхшилиги илм билан, дунё ва охират ёмонлиги жоҳиллик биландир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўп ҳадисларида илм олишга тарғиб қилганлар.
• Билим озуқадир. Ақл ва қалб у билан озиқланади.
• Билим муваффаққият. Билимсизлик эса мағлубиятдир.
• Билим жасоратдир. Билимли киши муаммоларни жасорат билан енгади.
• Билим дурбинга ўхшайди. Чигал масалаларни у ҳал этади. Тўсиқ ғовлар устидан унинг ёрдамида ошиб ўтамиз.
• Билим нурдир. Йўлимизни у билан ёритамиз.
• Билимсизлик эса барча ёмонликларнинг манбаидир.
Билимсиз инсон ўзига энг катта ёмонликни қилган бўлади. Жоҳил кишининг тик тура олмайдиган қопдан фарқи йўқ. Саъдий билимсизликни уруш довулига ўхшатади. Овози баланд ичи эса бўш. Гўзал тушунчалар, билим жавҳарлари билан тўлдирилмаган зеҳн сандиқ фойдасиз ва зарарли нарсалар билан тўлади.
Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Илмли киши ҳодисаларга холис баҳо беради, талабчанлик ва уддабуронликни ўрганади.
Билмаслик айб эмас, ўрганишга интилмаслик айбдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу инсон билмаганини билиши ҳам илмдир, дейди.
Чунки, инсон билмаганини билса, ўрганишга интилади. Фалокатларнинг устидан билим билан устун келиш мумкин. Ҳожи Бектош Валийнинг ифодасига кўра «Билимсизлик билан кетилган йўлнинг охири ҳайрли бўлмайди». Ғалаба қозониш, муваффаққиятга эришиш, юксалишни хоҳлаганлар илмни маҳкам ушлайдилар. Шундай экан биз азиз фарзандларимизни илмли бўлишлари ва камолот сари интилишларига астойдил белбоғлаб, уларни илм томон йўналтирайлик. Шундагина икки дунё саодати биз ва фарзандларимизга бўлади.
Манбаълар асосида тайёрланди
Ғуломжон Каримов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме
масжиди имом ноиби