Таълим тарбия

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ.

ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ.

Инсоннинг ҳақиқий шарафи ва камолотга эришиши унинг билими, яъни илмга бўлган муносабати билан белгиланади. Жаҳолат ботқоғидан чиқишнинг ягона йўли — илмдир. Ислом дини илк кунлариданоқ илмни шарафлаган, ўқиш, ўрганиш, изланишни ҳар бир мусулмон учун фарз этиб белгилаган. Шунинг учун ҳақиқий нажот ва саодат йўли илмдан бошланади.

Ислом динининг асосий манбалари — Қуръон ва Суннатда илмнинг фазилати қайта-қайта таъкидланган. Қуръони Каримнинг илк нозил қилинган ояти айнан илм ҳақидадир:

 «Ўқи!» — деди Роббинг, У Зот яратди. Инсонни алақадан яратди. Ўқи! Роббинг энг карим Зотдир. У қалам билан (ёзишни) ўргатди. Инсонга билмаган нарсаларини ўргатди.» (Алақ сураси, 1–5 оятлар)

Бу оятларда Аллоҳ таоло инсонни илм орқали танийди, қалам ва ўрганиш воситасида уни шарафлайди. Илм — инсонни жаҳолат, зулмат ва гумроҳликдан қутқарадиган нурдир.

Набий алайҳиссалом ҳам илмни жуда юқори қадрлаганлар: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир.» (Ибн Можа ривояти)

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлари давомида илм тарқатиш, уни ўргатиш ва амалиётда қўллашга катта аҳамият берганлар. Масжидда нажат, ибодат билан бирга таълим ҳам олиб борилган.

Жаҳолат инсонни йўлдан оздиради, тўғри йўлни танишдан маҳрум этади. Илмсиз инсон ўз динини тўғри тушуна олмайди, ибодатларини тўлиқ адо этолмайди, ҳаётдаги муаммоларни ечишда нотўғри қарорлар қабул қилиши мумкин.

Аллоҳ таоло илм соҳибларини юқори даражага кўтарган: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларда (бошқалардан) юксалтирур.» (Мужодала сураси, 11-оят)

Илмсизлик одамни нафақат дунёда, балки охиратда ҳам нажотдан маҳрум қилади. Шу сабабдан, ҳар бир мусулмон илм олишга, ўзи билмаган нарсаларни ўрганишга интилиши шарт.

Ислом илмни икки йўналишда ўрганишни тарғиб қилади: диний илм ва дунёвий илм. Диний илм — инсоннинг Аллоҳ билан боғланишини, охиратга тайёргарлигини таъминласа, дунёвий илм — бу дунёда фойдали инсон бўлиб яшашга, жамиятда ўрин топишга хизмат қилади. Ҳар иккиси ҳам муҳими. Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилар эканлар: «Эй Аллоҳим! Мени фойдали илм билан ризқлантир!» (Ибн Можа)

Бундан кўриниб турибдики, илм фойдали бўлиши керак. Фақатгина назарий билим эмас, балки амалий ва ахлоқий жиҳатдан ҳам самарали бўлиши лозим.

Ҳақиқий нажот — илм, иймон ва амал бирлигидир. 

Мусулмон инсон илм орқали Аллоҳни танийди, иймон келтиради ва бу илмни ҳаётда татбиқ қилади. Илм — иймонга олиб боради, иймон эса инсонни нажотга етказади. Лекин фақат илмнинг ўзи етарли эмас, у амал билан тўлдирилиши шарт. Қуръонда бунга ишора қилинади:

 «Асрга қасамки, инсон албатта зарардадир. Илло, иймон келтирганлар, солиҳ амал қилганлар, ҳақни тавсия қилганлар ва сабрни тавсия қилганлар мустасно.»(Аср сураси)

Бу оятда нажот топувчилар — илм билан иймон ва амални уйғунлаштирган инсонлар эканлиги аниқ таърифланган.

Хулоса қилиб айтганда, илм мусулмон инсоннинг нажот йўлидаги энг муҳим йўлдошидир. Илмсиз иймон тўлиқ бўлмайди, илмсиз ибодатлар тўғри бажарилмайди. Жаҳолат — нажотсизликнинг, илм esa ҳақиқатнинг калитидир. Ҳар бир инсон, айниқса мусулмонлар, ҳаётида илмни энг олий қадрият сифатида қабул қилиши ва унинг самарасини амалда кўрсатиши лозим. Шундагина ҳақиқий нажотга эришиш мумкин бўлади.

Хазратали Хайдаров,
Учқўрғон туман “Мухаммадзариф” 
жоме масжиди имом-хатиби

Related posts