Таълим тарбия

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛАЙЛИК!

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛАЙЛИК!

   Хозирги кунда долзарб масалалардан бири бўлган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, сабаби, охирги пайтларда баъзилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида бир қанча кишилар вафот этмоқда ёки бир умрга ногирон бўлиб қолмоқда.

   Ислом шариати йўл ҳаракати қоидаларига ижтимоий қоидалар сифатида қарайди ва унга риоя қилишга буюради! Зеро инсон уловда юрганида ўзи ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги, пиёдалар, йўловчилар ва бошқа ҳайдовчилар ҳаётига хавф солмаслиги керак. Бунинг учун эса йўл ҳаракати иштирокчиларининг барчаси йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим бўлади. Қоидани бузиш – бошқа бир йўл ҳаракати иштирокчиси ҳаққини поймол қилиш ва унга зулм қилиш ҳисобланади.

   Исломнинг асосий қоидаларидан бири ҳисобланган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

  “Исломда зарар кўриш ҳам зарар бериш ҳам йўқ” (Имом Байҳақий ривоятлари). Ушбу шаръий қоидага кўра, ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади. Фақат ҳайдовчига боғлиқ бўлмаган, унинг айби йўқ ҳолатлар – бундан мустасно ҳисобланади.

   Ислом Фиқҳи Академияси ва Саудия Арабистони подшоҳлигининг илмий баҳслар ва фатво бериш бўйича доимий қўмитаси каби фатво идоралари ва жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш – вожиб экани ҳақида хулоса берганлар. Демак, юқоридаги сабабларга кўра йўл қоидаларига амал қилишнинг лозимлиги ҳамда уни бузганларга молиявий жазолар қўллаш жоизлиги келиб чиқади.

  Йўллардаги бахтсиз ҳодисаларнинг аксарияти тезликни ошириш ва қарама-қарши йўлга чиқиш оқибатида содир бўлмоқда. Бунинг сабаби, биринчи навбатда – шошқалоқликдир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда саҳобаларни шошқалоқликдан қайтариб келганлар ва ҳадиси шарифларидан бирида: “Босиқлик – Аллоҳдан, шошқалоқлик – шайтондандир”, – деганлар (Имом Байҳақий ривоятлари).

  Тезликни чеклашда асосан ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини сақлаш назарда тутилади. Ҳайдовчининг бу чекловни бузиши ўзининг ва бошқаларнинг ҳаётини хатарга қўйиш бўлади. Шу боис қатор фатво марказлари ва уламолар, жумладан, Саудия Арабистони уламолари рухсат этилган тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиш оқибатида рўй берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ҳайдовчи ўз жонига қасд қилган бўлади, деб фатво берган.

  Шундай экан, мусулмон кишини йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши кузатув камералари ёки йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлинмалари ходимлари назорат қилаётгани учун эмас, Ислом шариатининг талаби деб эътиқод қилган ҳолда бажариши керак! Шунда йўлда юриш ҳам ибодатга айланади.

   Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилиб, барчамизни тўғри йўлда бардавом айлаб, турли бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин! 

Жобирхон  Халимхон ўғли, 
Наманган шаҳар “Яхёҳон тўра” жоме 
 масжиди имом ноиби

Related posts