Уламолар “илмнинг шарафи унда ўрганилаётган билимнинг шарафи билан ўлчанади” дейдилар. Ҳадис илмининг фазилатини билмоқчи бўлсак, у илмда нималар ўрганилишига боқайлик — унда башарият саййиди бўлган зот, сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари, сийрату шамоиллари ўрганилади. Ҳадис илми Яратганнинг каломидан сўнг ўрганиладиган энг улуғ илмдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига саҳобийларнинг иштиёқлари бениҳоя юксак бўлган. Буни Умар розияллоҳу анҳунинг биргина сўзларидан ҳам билиб олишимиз мумкин. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Менинг бану Умайя ибн Зайдлик (Мадинанинг чекка маҳаллаларидан бири) ансорийлардан бир қўшним бор еди. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига тушишга навбатлашар эдик. Бир кун у тушса, бир кун мен тушар эдим. Мен тушганимда ўша кунги ваҳий ва бошқа хабарларни олиб келардим. У ҳам тушганда шундай қилар эди”.
Ҳадис илмини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Аллоҳ таолонинг дини борасида ўз фикрингизга асосланиб бирор сўз айтишдан сақланинглар. Суннатга эргашишни лозим тутинглар. Ким суннатдан чиқса адашади”.
Ҳадис илмини ўрганган зотларнинг даражаларини қуйидаги воқеадан ҳам билиш мумкин: “Абу Наср Воиз айтадилар: Тушимда Абу Саҳл Сулукий (улуғ муҳаддислардан) бетоб бўлиб қолибдилар. Бу муҳаддисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиёрат қилгани кетаётган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мен ҳам эргашиб олдим ва уйга кириб, у зот билан ўтирдим. Ичимда “Абу Саҳл ҳадис асҳобларининг пешвоси бўлса, у вафот этса ҳадис уламолари орасида нуқсонлик юзага келади-ку” дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бу борада ғам чекма! Албатта, Аллоҳ мен саййиди бўлган жамоани зое қилмайди” дедилар”.
Ҳадис илмини ўрганадиган инсонларнинг энг катта ютуқларидан бири улар ҳар бир ҳадисни айтганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга енг камида бир марта саловат айтишади. Шу борасида ҳам ижозатингиз билан бир ажойиб воқеани келтирамиз.
Ҳафс ибн Абдуллоҳ айтадилар: “Абу Зуръани (жуда улуғ, муҳаддис уламолардан) вафотидан сўнг тушимда кўрдим. У зот осмонда фаришталар билан намоз ўқиётган эдилар. Мен у зотга: “Бу даражага қандай етишдингиз?” дедим. Улар менга шундай дедилар: “Ўз қўлим билан бир миллионта ҳадис ёздим. Уларнинг барчасида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинадики” деб ёздим. Ахир, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир саловат айтса, Аллоҳ унга ўнта саловат айтади” деб марҳамат қилганлар. (Менга берилган мукофот ҳам шундандир)”.
Ҳадис илмини ўрганиш бизнинг икки дунёда муваффақият қозонишимизга олиб боради. Ҳадис илми илмлар ичида энг шарафли илмлардан биридир. Аллоҳ мусулмонлар ичида бу илмнинг янада юксалишини насиб этсин!
Икромхон Жаббаров,
Янги Наманган тумани “Абу Юсуф” жоме
масжиди имом ноиби