Жаҳолатга қарши маърифат

ГИЁҲВАНДЛИК – КАТТА ГУНОҲ

ГИЁҲВАНДЛИК – КАТТА ГУНОҲ

Умр Аллоҳ таоло бандаларига берган катта неъмат ва имкониятдир. Айниқса, бугунги дунёнинг турли нуқталарида нотинчликлар, уруш-жанжаллар ва таҳликалар авж олган бир вақтда, бизга берилган тинчлик ва хотиржамлик неъматининг қадри янада баланддир. 

Тинчлик бўлган жойдагина хотиржам ибодат қилиш, фарзанд тарбиялаш ва эзгу ишлар билан машғул бўлиш имкони бўлади. Бироқ инсон мана шундай тинч ва фаровон ҳаётнинг қадрига етмасдан, ўз соғлиғи ва ақлига завол етказувчи гиёҳвандлик каби иллатларга мубто бўлиши берилган улуғ неъматларга нисбатан ношукурликдир. 

Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини муҳофаза қилгани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Гиёҳванд эса ўз ихтиёри билан ақлу ҳушини йўқотади. Ҳам жисмонан, ҳам маънан яроқсиз ҳолга келади. Гиёҳванд модда қабул қилган киши Аллоҳ таолони унутади ва жиноятга қўл уриш эҳтимоли катта бўлади. 

Динимиз асосларига кўра гиёҳванд моддалар қабул қилиш қатъиян ҳаромдир. Гиёҳванд моддалар Ислом умматига ҳаром қилинишининг сабабларидан бири уларнинг нопок эканидир. Гиёҳвандликнинг ҳаром қилинишига сабаблардан яна бири бу уларнинг инсон соғлиғига зарар келтирувчи, ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи эканидир. 

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар Соллаллоҳу Алайҳи Васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар. (Имом Абу Довуд ривояти) 

Гиёҳвандлик кишини секин-секин (базан эса жуда тез) ўлимга олиб келади. Бу эса гуноҳи кабирадур. Ҳозирги айрим ёшлар ўртасида авж олаётган чилим ва электрон сигарет чекиш одати ҳам шариатимиз томонидан қатъий қораланади. Бу иллат инсон саломатлигига зарар етказиши ва рак ҳамда бошқа хавфли касалликларга сабаб бўлиши тиббиёт томонидан исботланган. 

Гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир мусулмонга фарз. Бу нарсага бепарво бўлмайлик, бу иш Аллоҳ ва унинг Расулининг талабидир. Гиёҳвандлик қўшнининг томига кетаётган ўтга ўхшайди. Уламолар айтадилар: ёшларни тўғри тарбиялаш уларни ёмон дўстлардан сафлаш билан бўлади. 

Тарихдан маълумки, Нуҳ алайҳиссаломнинг барча фарзандлари пайғамбар бўлганлар, фақат Ём исмли фарзандлари ёмон кимсаларга қўшилиб, бу буюк мартабадан — пайғамбарликдан маҳрум бўлди. Ёшларни гиёҳвандликка ўргатадиган ва ажал уруғи савдосига аралаштирадиган кимсалардан фарзандларимизни эҳтиёт қилиш барчамизнинг муҳим вазифамиздир. Аллоҳ таоло бу гуноҳ ишлардан ўзимизни, яқинларимизни ва фарзандларимизни сақласин. 

Аъзамхон Исақов,
Наманган шаҳар “Ёқуббой ҳожи” жоме 
масжиди имом хатиби 

Related posts