Инсон табиатининг энг мураккаб ва бошқарилиши қийин бўлган жиҳатларидан бири — бу ғазабдир. Муқаддас ислом таълимоти манбаъларида ва мутафаккир олимларимиз асарларида инсоннинг жаҳл устидаги ҳолати ва унинг оқибатлари теран таҳлил қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Огоҳ бўлинглар! Одам болалари турли табақаларда яратилганлар:
Биринчи тоифа: Жаҳли секин чиқади ва тез тушади.
Иккинчи тоифа: Жаҳли тез чиқади ва тез тушади.
Учинчи тоифа: Жаҳли секин чиқади ва секин тушади .
Тўртинчи тоифа: Жаҳли тез чиқади ва секин тушади.
Огоҳ бўлинглар! Уларнинг энг яхшиси — жаҳли секин чиқиб, тез тушадиганидир. Энг ёмони эса — жаҳли тез чиқиб, секин тушадиганидир».
Имом Термизий ривоят қилган.
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни жаҳл келиши ва қайтишига кўра тўрт гуруҳга бўладилар:
Энг яхшилар: Жаҳли секин чиқиб, жаҳлдан тез тушадиганлар.
Мўътадиллар: Жаҳли тез чиқиб, тез тушадиган ёки жаҳли кеч чиқиб, жаҳлдан секин тушадиганлар.
Энг ёмонлар эса: Жаҳли тез чиқиб, секин тушадиганлар.
Бу тасниф инсоннинг руҳий мувозанатини ўлчайдиган маънавий мезондир.
Буюк адиб мутафаккир олим
Саъдий Шерозий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Гулистон» асарларида бир неча ўринларида ғазабни жиловлаш ҳақида сўз юритади ва жаҳл устида қилинган ишлар ақлсизликнинг белгиси эканлигини айтиб ўтади.
Шайх Саъдий айтади:
«Ҳаддан ташқари қаттиққўллик нафратни уйғотади, ноўрин мулойимлик эса ҳайбат (обрў)ни кетказади».
Буни юқоридаги ҳадисдаги мўътадилликка ишора десак ҳам бўлади. Халқимиз ҳикматларида айтилганидек жаҳл чиққанда ақл қочади: ғазаб — ақлнинг душмани. Агар инсон жаҳли тез чиқиб, жаҳлдан кечроқ тушадиган бўлса, у ўз ақлининг жиловини йўқотади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳадиси шарифларида мақтаган «жаҳли тез тушадиган» инсон сиймосини Шайх Саъдий қуйидагича таърифлайди:
«Агар душманинг сени хафа қилса, унга ғазаб қилма, чунки ўч олишдан кўра кечириш афзалроқдир».
Дарҳақиқат, ақлли инсон жаҳли чиққанда ҳам тилини ва қўлини тия оладиган кишидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг саҳобалари, тобеъинлар улардан кейинги руҳий тарбия дарғалари — тасаввуф намояндалари мазкур ҳадис мантиқидан келиб чиқиб нафс тарбияси борасида улуғ мартабаларга эришганлар.
Ҳа, инсон ўз табиатини ўзгартира олади. Агар сиз жаҳли тез чиқадиган тоифадан бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда «тез тушадиган» (тез кечирадиган) бўлишга интилишингиз керак. Чунки:
«Мулойимлик билан филни ҳам ипда етаклаб кетиш мумкин, лекин қаттиққўллик билан ҳатто кичик бир чумчуқни ҳам ушлаб бўлмайди».
Бугунги ахборот хуружи авжига чиққан замонда бизнинг вазифамиз — жаҳлимиз чиққанида ақлимизни йўқотмаслик ва ҳадисда айтилган «энг яхшилар» сафидан жой олишга ҳаракат қилишдир.
Манбалар асосида тайёрланди
Адҳамжон Абдураҳмонов,
Поп тумани “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом-ноиби