Жамият аъзоларига муносабат

ҚАЛБГА ХИТОБ: АНГЛАНМАГАН ДАРД ВА ҲАҚИҚИЙ БОҒЛАНИШ МЕЗОНИ.

ҚАЛБГА ХИТОБ: АНГЛАНМАГАН ДАРД ВА ҲАҚИҚИЙ БОҒЛАНИШ МЕЗОНИ.

“Билмаган на билсин сени, ғамланма телба кўнгил.

Кўнгилдан англамаганга, боғланма телба кўнгил.”

Инсон қалби — беқиёс ва чексиз маънолар хазинасидир. Унда яширин дардлар, сукутли нидолар ва Аллоҳгагина маълум бўлган сирлар мужассам. Ушбу мисралар айнан шу қалбга мурожаат қилиб, уни тасалли бериш билан бирга, тўғри йўлга йўналтиради. Бу нафақат шеърий ифода, балки қалб тарбиясига доир нозик ва чуқур ҳикматдир.

Англанмаган қалб ва инсон баҳоси

“Билмаган на билсин сени...” — бу сўзлар инсоннинг ички оламини ҳар ким ҳам тушуна олмаслигини эслатади. Чунки қалб зоҳир билан эмас, ихлос ва ният билан баҳоланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга ва молларингизга қарамайди, балки қалбларингизга ва амалларингизга қарайди.”

Бу ҳадисни Абу Ҳураира ривоят қилган (Имом Муслим).

Демак, инсоннинг ҳақиқий қадри унинг қалбидадир. Уни тушунмаганлар эса фақат зоҳирни кўради. Шу боис қалбга айтилмоқда: бундайлар учун ғам чекма.

Муҳаббат ва боғланишда эҳтиёт

“Кўнгилдан англамаганга, боғланма...” — бу огоҳлантириш инсоннинг руҳий ҳаётида жуда муҳим масалани кўтаради. Қалбни кимга боғлаш оддий танлов эмас, балки масъулиятдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Киши ўз севганлари билан биргадир.”

Бу ҳадисни Анас ибн Малик ривоят қилган (Имом Бухорий ва Муслим).

Шу сабабли қалбни тушунмаган, унинг қадрига етмаган инсонларга боғлаш нафақат руҳий оғриқ, балки охират нуқтаи назаридан ҳам хавфлидир.

Қалб — иймон ойнаси

Ислом таълимотида қалб марказий ўрин тутади. У инсоннинг бутун ҳаётини белгилайди. Агар қалб пок бўлса, амаллар ҳам пок бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Огоҳ бўлинглар! Танада бир парча гўшт бор. Агар у тўғри бўлса, бутун бадан тўғри бўлади. Агар у бузилса, бутун бадан бузилади. У — қалбдир.”

Бу ҳадисни Нуъман ибн Башир ривоят қилган (Имом Бухорий ва Муслим).

Шу маънода қалбни асраш — иймонни асрашдир.

Ҳақиқий суяниш — Аллоҳ

Инсон кўпинча одамлар орасидан тушуниш, меҳр ва эътибор излайди. Аммо ҳақиқий таскин фақат Аллоҳга суяниш билан топилади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳга таваккул қилган киши учун У зот етарлидир.” (Талоқ сураси, 3-оят)

Бу оят қалбга шундай дейди: агар сени одамлар тушунмаса, Аллоҳ сени билади.

Хулоса

Ушбу мисралар қалбга берилган нозик насиҳатдир. У инсонни:

-англанмаганликдан тушкунликка тушмасликка

-қалбини ҳар кимга боғламасликка

-муҳаббатда онгли бўлишга ва энг муҳими, Аллоҳга суянишга чақиради.

Чунки қалбнинг ҳақиқий ороми — уни яратган Зот билан боғланишдадир.

 

Нуриллоҳ Имамов,
Тўрақўрғон туман “Хонақоҳ” жоме 
масжид имом хатиби

Related posts