Жамият аъзоларига муносабат

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ КЕЛАЖАГИНИ ТАЪМИНЛАШ БУРЧИМИЗ

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ КЕЛАЖАГИНИ ТАЪМИНЛАШ БУРЧИМИЗ

Ота-боболаримиз фарзанд дунёга келгандан тортиб, камолга етгунга қадар унинг таъминоти, тарбияси ва билим олишини таъминлашни ғурур, ор билан чамбарчас боғлиқ бурч, деб билган. 

Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари “Билгил! Бола тарбияси энг муҳим ишлардандир. Фарзанд ота-онага омонат. Бола қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади... Агар бола яхшиликка ўрганиб, яхшилик ичида вояга етса, дунё ва охират саодатини топади. Агар бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг зиммасига юкланади” деб огоҳлантиргани бежиз эмас. Шунинг учун ҳам фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашиш, бунда шахсий ибрат жуда муҳим омил эканини унутмаслигимиз жоиз. Биз бугун фарзандларимиз тарбиясига беэътибор муносабатда бўладиган бўлсак, эртага ана шу масъулиятсизлигимизнинг аччиқ мевасини албатта татиб кўришга тўғри келади. Тўғри, бирон ота-она фарзандининг жиноятчи бўлишини ният қилмайди. Айни пайтда бунга сабаб бўлаётган бир қанча омиллар мавжуд.

Биринчидан, ота-онанинг фарзандни дунёга келтирганидан кейин унинг тақдирига бефарқ қараб, ажрашиб кетиши болага ўта салбий таъсир кўрсатиб, унинг жиноят оламига кириб келишига сабаб бўлмоқда. Бу оғриқли муаммони бартараф этиш ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида тўхталиб ўтди. Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича тегишли кўрсатмалар бердилар. Аммо ажрашиб яшаётган айрим ота-оналар фарзандларининг тарбиясида умуман иштирок этмаслиги, ҳатто фарзанди моддий таъминотини ҳам ихтиёрий амалга оширмаётганлиги ачинарли ҳолат. 

Иккинчидан, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига беэътиборлиги, ўз фарзандининг тарбиясини бировларга ишониши ҳам салбий ҳолатлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. 

Хусусан, бугунги кунда айрим ота-оналар катта орзу-ниятлар билан, яъни фарзандини яхшироқ моддий таъминлаш, унинг тўйини зўр ўтказиш, сарпосини бекаму-кўст қилиш ниятида боласини қари ота-онасига, қариндоши ёки таниш-билиш, қўни-қўшнисига ташлаб, ўзлари бошқа юртга пул топиб келиш учун кетаётгани сир эмас. Лекин улар фарзандига айни тарбия ҳам меҳр бериш лозим бўлган вақтни йўқотаётганлигини, бунинг ўрнини кейинчалик моддият билан қоплаб бўлмаслигини билавермайди. Билганида эса кеч бўлади. Бугунги кунда жиноят содир этиб, жазо ўтаётган вояга етмаганларнинг асосий қисмини ажрашган ёки бошқа юртга ишлаш учун узоқ муддатга кетган ота-она фарзандлари ташкил этаётганлиги фикримизнинг далилидир. Яна бир шундай салбий ҳолат борки, бугун Меҳрибонлик уйларида аксарият отаси ҳам, онаси ҳаёт, лекин ажрашган оила фарзандлари тарбияланмоқда. Бугун улар давлат қарамоғида, ҳамма нарсаси тўкин бўлсада, улар ўз ота-онасининг меҳрига зор. Зеро, халқимизнинг меҳр берган меҳр кўради, деган ўгити бежиз айтилмаган. Агарда, биз бугун фарзандларимизга меҳр кўрсатмасак, эртага бир кун ўзимиз уларнинг меҳрига зор бўлишимиз муқаррар. Буни турли баҳона билан болаларини Меҳрибонлик уйига ташлаб, ўз ҳаловатини кўзлаб юрган ота-оналар ўйлаб кўриши, жамоатчилик бунга муносабат билдириши керак. Учинчи яна бир сабаби, оиладаги ўзаро муносабатлар тўғри йўлга қўйилмагани ёки ота-онанинг спиртли ичимлик ичишга ружу қўйгани, яъни, бир сўз билан айтганда, оила бошлиқларининг ўзи тарбияга муҳтожлигида кўринади.  

Болалар жиноят йўлига киришининг сабабларидан яна бири, вояга етмаган фарзандларимизнинг онгига салбий таъсир этаётган турли ахборотлар, хусусан интернетда тарқатилаётган зўравонлик ва фаҳш маълумотлар бўлиб, уларни ушбу таъсирлардан жуда эҳтиёт қилишимиз лозим. 

Манбалар асосида тайёрланди.

 

Ғуломжон Саттаров

Наманган туман “Ал-Масжидун Набавий” жоме
масжиди имом ноиби

Related posts