Фарзанд тарбияси бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра кўпроқ масъулият ва қатъийликни талаб этяпти, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки айни дамда уларнинг тарбиясига салбий таъсир этувчи омиллар жуда ҳам кўп. Айниқса, жигарпораларимизни ижтимоий тармоқларда ўзларини тутишлари, одоб қоидаларига риоя этмасликлари, шу билан бирга, фойдали томонидан кўра кўпроқ зарарларини ўзларига юклаётганлари ўта ачинарлидир. Тўғри, ҳаётимизни гаджетларсиз тасаввур қилиш қийин. Лекин бу дегани ҳамма билганини қилаверсин, дегани эмас-ку! Мўмин замонасининг фарзандидир, дейилади ҳикматларда. Яъни, мўмин ўзи яшаб турган заминдаги ҳар бир янгилик ва воқеликдан хулоса ола биладиган ва шунга мувофиқ иш юритадиган одамдир.
Динимиз фарзандни нафақат кўз қувончи, балки ота-онага берилган энг улуғ омонат деб билади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган оловдан сақланг...» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Бу оят ота-онанинг масъулияти фақат фарзандини боқиш ёки кийинтиришдан иборат эмаслигини, балки унинг маънавий дунёсини ижтимоий ва ахлоқий хатарлардан ҳимоя қилиш эканини англатади. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) ушбу оят тафсирида: "Уларга одоб ўргатинг ва илм беринг", деб таъкидлаганлар. Демак, ижтимоий тармоқлар гирдобида қолган фарзандга "виртуал одоб"ни ўргатиш – бугуннинг энг катта ибодатларидан биридир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадиси шарифларида тарбиянинг нақадар муҳимлигини шундай ифодалаганлар:
«Ҳеч бир ота фарзандига гўзал одобдан кўра афзалроқ мерос қолдира олмайди» (Имом Термизий ривояти).
Бугунги мерос – бу фақатгина уй-жой ёки бойлик эмас, балки фарзандимизнинг қўлидаги телефондан тўғри мақсадда фойдалана олиши, ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетга эга бўлишидир. Фарзандларимиз ижтимоий тармоқларда ўзларини қандай тутаётгани, кимлар билан мулоқот қилаётгани ва нималарни томоша қилаётгани ота-онанинг диққат марказида бўлиши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз» (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса. Мўмин киши замон билан ҳамнафас бўлиши, технология имкониятларидан хабардор бўлиши керак, аммо бу жараёнда ўзлигини, иймонини ва ахлоқини йўқотмаслиги шарт. Фарзандларимизга гаджетларни тақиқлаш эмас, балки улардан фойдаланишда "Аллоҳ мени кўриб турибди" деган эҳсон мақомини сингдириш лозим. Шундагина биз нафақат замонавий, балки икки дунё саодатига интилувчи соғлом авлодни тарбиялаган бўламиз. Фарзандларимизнинг одоб-ахлоқи – бизнинг қиёматдаги юзимиздир.
Қодиржон Умурзақов
Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме
масжиди имом-хатиби