Жамият аъзоларига муносабат

ДЕҲҚОНЧИЛИК ШАРАФЛИ КАСБДУР.

ДЕҲҚОНЧИЛИК ШАРАФЛИ КАСБДУР.

Деҳқончилик шарафли касб. Икки дунёда манфаъат берувчи амал. Нафақат кишининг ўзига, балки бутун жамиятнинг тараққиётига , равнақига ҳисса қўшишнинг имкони бор. 

Муқаддас динимиз таълимотларида деҳқончиликка аоҳида эътибор берилган. Қуръони каримда деҳқончиликка далолат қилгувчи бир қанча оят ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадислар бор. Жумладан Қуръони каримда шундай баён қилинади:

    “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир.(Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир” (Наҳл, 10 -11)

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини деҳқончилик қилишга алоҳида қизиқтириб, бундай деганлар: “Бирон-бир мусулмон  кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан  у киши эҳсон қилган савобига эришади” (Бухорий ва муслим ривояти).

Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо разияллоҳу анҳунинг  олдиларидан ўтиб бораётса у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо разияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага киради-ку”, деди. Абу Дардо разияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин”, деган эканлар.

   Халқимиз кўчат экишга қадимдан эътибор бериб келинган. Чунки кўчат экиб қолдириш аввало ўзимиз учун манфаатли бўлса, биздан кейинги авлодларимиз учун ҳам бўйнимиздаги инсоний бурчимиз. Шунинг учун ҳам кўчат экувчи Ўзбек азалдан келажакни бир қатор кўнглидан ўтказиб қўйиши қон-қонимизга сингиб кетган. Ҳали бирорта боласини уйлаб ёки чиқармаган инсон ҳам “невараларимиз келиб меваларидан еб мазза қилар” − деб қўйишини  неча бора эштганмиз. 

  Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда келтиришича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Мусулмонлардан кимки кўчат ўтқазса ёки экин эксаю, ундан қушми, инсонми ёки бир жониворми еса, унга ўшандан садақа бўлади”.  (Бухорий ривояти)

Муслим ривоятида “Қиёматга қадар унга садақа бўлиб туради” дейилган. 

 Ушбу ҳадиснинг шарҳига кўра экиб қўйган дарахтлари мўъмин учун садақаи-жория бўлади. Вафот  этиб кетганидан сўнг, номаи аъмоли ёпилиб ҳеч қандай савоб қўшилмайдиган ҳолга келгандан кейин ҳам тириклигида қилган савобли амаллари каби амал дафтарига ажри бориб тургувчи уч хил амалнинг бири эканлиги таъкидланган. 

  Кўзимизнинг оқу қораси бўлган фарзанди дилбандларимиз, энг яқин дўсту биродарларимиз қабримизнинг тепасидан қайтиб кетади. Аммо садақаи жория туфайли Ҳазрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек дарахт экиб қўйган бўлсак “ундан қушми, инсонми ёки бир жониворми еса” ажру савобларимиз тобора кўпаяверади.

  Яна бошқа бир ҳадисда эса: “Бирортангизнинг қўлида ниҳол бўлган чоғида мабодо Қиёмат бўлиб қолсаю, қоим бўлгунича экишга имкон қила олса экиб қолсин, чунки унга шу билан ажр бўлади”, − деганлар. Ҳа, муқаддас Ислом дини таълимотлари вужудларига сингиб кетган ўзбек халқи кўчатни келажак учун экади ва бунинг эвазига жаннат ваъдаларига умид боғлайди. 

 Юртимизни жаннатмакон қилган Парвардигоримиз она Заминимиз янада гуркираб яшнашини насиб этсин. Халқимизнинг турмушини фаровон, ризқини кенг айласин.

 

Жобирхон Рашидов,
Наманган шаҳар “Ҳазрати Лангар” жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts