Инсоният тарихида меҳр-шафқат, инсоф ва юксак ахлоқ тимсоли бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун уммат учун энг гўзал намунадирлар. У зотнинг ҳаётлари ҳар бир соҳада, айниқса болаларга бўлган муносабатда алоҳида ибрат мактабидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад!) Аллоҳнинг раҳмати билан сиз уларга мулойим бўлдингиз. Агар сиз қўпол ва бағри тош бўлганингизда эди, албатта, атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар...” (Оли Имрон сураси, 159-оят)
Ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мулойимлик ва раҳмдилликлари илоҳий фазл эканини кўрсатади. Бу фазилат эса, айниқса, болаларга бўлган муносабатларида янада равшан намоён бўлади.
Саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра қўл остидагиларига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим”. (Имом Муслим ибн Ҳажжож ривояти)
Бу гувоҳлик Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг болаларга бўлган чексиз меҳрларини ифодалайди. У зот болаларни фақат тарбия қилмас, балки улар билан мулоқот қилиш, ўйнаш ва қалбларини шод этишни ҳам муҳим деб билганлар.
Яна бир ривоятда Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумо шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб, тиззаларига ўтирғизар эдилар. Ҳасанни эса бошқа тиззаларига ўтирғизар эдилар. Сўнгра бизни бағирларига босиб: “Аллоҳим, буларга раҳм қилгин, мен ҳам уларга раҳм қилурман”, дер эдилар». (Имом Муҳаммад ал-Бухорий ривояти)
Бу ҳадис Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг болаларга бўлган меҳрлари фақат сўзда эмас, балки амалда ҳам юксак даражада бўлганини кўрсатади. Улар болалар билан самимий муносабатда бўлиб, уларни эркалаб, бағирларига босиб, муҳаббат ва ишонч муҳитини яратганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизни ҳурмат қилмаган киши биздан эмас”. (Имом Термизий ривояти)
Бу ҳадис болаларга меҳр кўрсатиш Ислом ахлоқининг ажралмас қисми эканини англатади. Болалар қалби нозик ва таъсирчан бўлгани учун, уларга кўрсатилган ҳар бир меҳр ва эътибор келажакда уларнинг шахсиятига катта таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда ҳам ҳар бир ота-она, устоз ва тарбиячи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гўзал сийратларидан ибрат олиши лозим. Болаларга меҳр билан ёндашиш, уларни тушуниш ва қўллаб-қувватлаш — жамиятнинг соғлом ва барқарор бўлишига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга бўлган меҳр-шафқатлари барча замонлар учун энг ёрқин намунадир. У зотнинг гўзал ахлоқларига эргашиш орқали биз ҳам меҳрибон, раҳмдил ва баркамол авлодни тарбия қилишга эриша оламиз.
Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига эргашувчилардан қилсин.
Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби.