Жамият аъзоларига муносабат

БАЙРОҒИМИЗ — ҚАДРИЯТИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ ВА ОМОНАТИМИЗ

БАЙРОҒИМИЗ — ҚАДРИЯТИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ ВА ОМОНАТИМИЗ

Баъзан инсон ўз уйининг қадрини ундан айрилмагунча, тинчликнинг неъматини эса уруш ва мусибатни кўрмагунча тўлиқ англамайди. Ватан ҳам шундай азиз неъматдир. Унинг осмонида ҳилпираб турган байроқ эса мустақиллигимиз, тинчлигимиз, бирлигимиз ва аждодларимиз орзу қилган эркин ҳаётнинг рамзидир.

Ислом дини инсонни Ватанини севишга, унинг тинчлиги ва ободлиги учун хизмат қилишга, аҳд ва омонатларга вафо этишга чорлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан ҳижрат қилар эканлар, ўзлари туғилиб ўсган юртларига бўлган муҳаббатларини изҳор этганлар. Бу воқеа қалбимизга бир ҳақиқатни муҳрлайди: инсон учун туғилиб ўсган юрти қадрли, унинг хотиржамлиги эса улкан неъматдир.

Таърихдан сабоқлар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам байроқ ва ливо муҳим ўрин тутган. Жангларда мусулмонлар сафини бирлаштирувчи байроқ кўтарилган, уни ишончли саҳобаларга топширишган. Саҳиҳ ҳадисда Хайбар куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Эртага байроқни Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўрадиган, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳам уни яхши кўрадиган кишига бераман», деганлари ривоят қилинади. Кейин байроқ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширилган (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Бу воқеа байроқни кўтариш катта ишонч ва масъулият эканини кўрсатади.

Уҳуд куни Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу мусулмонлар байроғини кўтариб, уни ҳимоя қилиш йўлида шаҳид бўлдилар. У зотнинг жасорати ва фидойилиги саҳобалар қалбидаги иймон, садоқат ва масъулиятнинг ёрқин намунасидир. Саҳобалар учун байроқ шунчаки мато эмас, балки мусулмонлар сафининг бирлиги, зиммаларидаги вазифа ва омонат рамзи эди.

Байроққа ҳурмат — эъзоз ва масъулият

Байроққа ҳурмат — шунчаки матога эҳтиром кўрсатиш эмас. У ортида турган тарихга, озодлик йўлида жон фидо қилган аждодлар хотирасига, бугун осойишта ҳаёт кечираётган халқимизга ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятимизга ҳурматдир. Уни ерга улоқтириш, оёқости қилиш ёки ҳақоратлаш қалбдаги Ватан туйғусига зиддир.

Ватанимиз байроғи мактабларда, давлат идораларида ва нуфузли халқаро майдонларда ҳилпираганда, ҳар бир юртдошимизнинг қалбида чексиз ғурур ва ифтихор ҳисси жўш уради. Спортчиларимиз ғолиб чиққанда ёки юртимиз вакиллари юксак марраларни забт этганда осмонга кўтарилган байроқ остида бутун бир миллатнинг бирдамлиги ва куч-қудрати намоён бўлади. Бу эса ёшларда ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтиради.

Шуни ҳам унутмаслигимиз керакки, муқаддас қадриятларимизни асраш, жумладан, давлат рамзларига садоқат билан ёндашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Байроққа қилинган ҳурматсизлик — бу ўша юртнинг тинчлигига, осойишталигига ва келажагига нисбатан беэътиборликдир. Аксинча, унинг қадрини улуғлаш, ҳар бир фарзанднинг юрагига Ватанга муҳаббат туйғусини сингдириш орқали жамиятимизда маънавий муҳит янада мустаҳкамланади.

Тасаввур қилинг: бир ona фарзандини Ватан ҳимоясига кузатади. Унинг дуоси, кўз ёши ва умиди шу юрт тинчлиги билан боғлиқ. Бир ота фарзандига ҳалол меҳнат қилишни, элга наф келтиришни ўргатади. Бир нуроний эса умри давомида юрт осмони мусаффо бўлишини тилайди. Ана шу орзу-умидлар, меҳнат ва фидойиликлар рамзларидан бири — байроғимиздир.

Хулоса

Шунинг учун байроққа ҳурматни фақат байрам кунлари эмас, ҳар куни қалбимизда сақлайлик. Уни эъзозлашни фарзандларимизга ўргатайлик. Байроқни улуғлашнинг энг гўзал ифодаси — унинг остида ҳалол яшаш, бир-биримизга меҳр кўрсатиш, қонунларга риоя қилиш, илм олиш, меҳнат қилиш ва Ватан равнақига ҳисса қўшишдир.

Байроғимиз баланд бўлсин десак, аввало, ахлоқимиз, виждонимиз ва бирлигимиз баланд бўлсин!

 Абдулвоҳид Исақов,

Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ ҳожи” жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts