Байрам ва марака маросимлари

БАЙРОҒИМИЗ — ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ

БАЙРОҒИМИЗ — ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ

Ҳар бир халқнинг ўзлигини, миллий қадриятларини, тарихи ва орзу-интилишларини намоён этувчи муқаддас рамзлари бўлади. Давлат байроғи ана шундай улуғ ва муқаддас тимсоллардан биридир. Байроқ — мустақиллик, озодлик, тинчлик ва халқ бирлигининг ёрқин ифодасидир.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи 1991 йил 18 ноябрь куни қабул қилинган. У мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг буюк келажакка бўлган ишончи ва эзгу мақсадларини ўзида мужассам этган. Бу қутлуғ сана халқимиз учун фахр ва ифтихор, миллий давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдеворларидан бири сифатида алоҳида қадрланади.

Давлатимиз байроғи мовий, оқ ва яшил рангли учта горизонтал йўлдан иборат бўлиб, улар орасида иккита ингичка қизил чизиқ жойлашган. Байроқнинг юқори қисмида ярим ой ва ўн иккита юлдуз тасвирланган.

Байроғимиздаги ҳар бир ранг ва белги ўзига хос чуқур маъно-мазмунга эга:

  • Мовий ранг — туркий халқлар рамзи бўлиб, мусаффо осмон, ҳаёт манбаи бўлган сув, тинчлик ва осойишталик тимсолидир. Соҳибқирон Амир Темур тузукларида ҳам “Кўк — осмоннинг абадийлигини англатади”, деб қайд этилган.

  • Оқ ранг — ҳалоллик, поклик, беғуборлик, эзгулик, тинчлик, адолат ва ёруғликни англатади.

  • Яшил ранг — ҳаёт, янгиланиш, ўсиш ва деҳқончилик, табиатнинг уйғониши, навқиронлик ва яшариш рамзидир.

  • Қизил чизиқлар — ранглар ўртасидаги уйғунликни таъминловчи, вужудимизда оқаётган ҳаёт қудрати ва тириклик нишонаси сифатида талқин қилинади.

Ярим ой халқимизнинг тарихий анъаналари ва мустақиллик рамзини ифода этади. Ўн икки юлдуз эса қадимий қадриятларимиз, мукаммаллик ва баркамолликка интилиш тимсолидир.

Давлат байроғи халқаро майдонларда мамлакатимизнинг мустақил давлат сифатидаги ўрни ва нуфузини намоён этади. Нуфузли халқаро мусобақалар, фан олимпиадалари ва турли анжуманларда юртдошларимиз ғалаба қозонганда байроғимизнинг баланд кўтарилиши ҳар бир фуқаро қалбида чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади.

Байроқни ҳурмат қилиш — Ватанни, унинг тарихи, тили, маданияти ва миллий қадриятларини ардоқлаш демакдир. Шунинг учун ҳам ёш авлод қалбида давлат рамзларига нисбатан ҳурмат, ватанпарварлик ва садоқат туйғуларини шакллантириш ҳар бир ота-она, устоз ва мураббийнинг муҳим вазифасидир.

Ўзбекистон Республикаси байроғи нафақат давлат тимсоли, балки миллий бирлик, Ватанга садоқат ва мустақиллик ғоясини мустаҳкамловчи юксак маънавий белгидир. Байроққа ҳурмат — давлат рамзларига ҳурмат деганидир, бу эса қонунчилигимизда қатъий белгиланган. Бош Қомусимиз — Конституцияда ҳам давлат рамзлари алоҳида эътироф этилган. Давлат байроғи, герби ва мадҳияси халқимизнинг миллий ғурури ва давлат мустақиллигининг муқаддас белгиларидир.

Бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, юртимиздаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, ёшларимиз эришаётган ютуқлар байроғимиз тимсолида янада улуғвор маъно касб этади. Уни кўз қорачиғидек асраш, эъзозлаш ва қадрлаш барчамизнинг фуқаролик ва инсоний бурчимиздир.

Хулоса қилиб айтганда, давлат байроғи — шунчаки мато эмас, балки халқимизнинг орзу-умидлари, миллий ғурури, мустақиллиги ва ёруғ келажакка ишончини мужассам этган муқаддас рамздир. Қаерда байроғимиз ҳилпираса, ўша ерда Ўзбекистон номи, халқимизнинг шаъни, ғурури ва шон-шавкати намоён бўлади.

Байроғимиз доимо баланд ҳилпираб турсин! Юртимиз тинч, халқимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Исроилов Шуҳратилла,
Учқўрғон тумани бош имом-хатиби ва 
“Саидхон Эшон” жоме масжиди имом-хатиби

Related posts