Оилавий ажримлар — бир лаҳзалик ғазаб ортидаги бир умрга татигулик армон. Бир лаҳзалик жаҳл — бир умрлик пушаймонликка сабаб бўлмасин!
Оила — инсон ҳаётидаги энг муқаддас маскан, меҳр-муҳаббат, садоқат, ишонч ва хотиржамлик қўрғонидир. Оила қуриш шунчаки икки инсоннинг бир уйда яшаши эмас, балки икки қалбнинг, икки тақдирнинг, икки оиланинг бир-бирига боғланишидир. Никоҳ — Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати, эр ва хотиннинг зиммасига юкланган муқаддас масъулиятдир.
Афсуски, бугунги кунда жамиятимизда оилавий ажримлар сонининг ортиб бораётгани барчамизни чуқур ташвишга солмоқда. Кечагина бир-бирига меҳр изҳор қилиб, бахтли ҳаёт қуришга аҳд қилган инсонлар бугун бир-биридан воз кечмоқда. Энг ачинарлиси, бу ажримлар ортида бегуноҳ фарзандларнинг кўз ёшлари, ота-оналарнинг изтироблари ва пароканда бўлган оилалар тақдири турибди.
Хўш, оилаларни пароканда қилаётган асосий сабаблар нималардан иборат? Шу ажримларга сабаб бўлаётган баъзи омилларни тушунтириб ўтамиз.
1. Оилада меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурматнинг йўқолиши. Оилани мустаҳкам тутиб турадиган энг катта устунлардан бири — ўзаро ҳурматдир. Эр хотинини қадрламаса, хотин эрини ҳурмат қилмаса, оилада совуқлик пайдо бўлади. Баъзан инсонлар бегоналарга ширинсўз, ўз яқинларига эса қўпол муомала қиладиган бўлиб қолишади. Кўчада бошқаларга табассум улашган инсон уйига киргач, турмуш ўртоғига бир оғиз ширин сўз аяшни одат қилади. Унутмаслигимиз керак: оилани катта совғалар эмас, балки кундалик кичик эътиборлар, самимий муомала ва меҳрли сўзлар мустаҳкамлайди.
2. Ижтимоий тармоқлар ва бегона инсонларнинг аралашуви. Бугунги кунда айрим оилаларнинг бузилишига ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланиш ҳам сабаб бўлмоқда. Бегона инсонлар билан ноўрин ёзишмалар, яширин муносабатлар, оилавий сирларни бошқаларга ошкор қилиш ишончни емиради. Айримлар ўз турмуш ўртоғининг камчилигини кўриб, бошқаларнинг ҳаётига ҳавас қилади. Ижтимоий тармоқларда кўрсатилаётган сохта бахт манзараларига алданиб, ўз оиласидаги неъматларнинг қадрига етмайди. Шуни унутмайлик: бировнинг кўз-кўз қилаётган ҳаёти бизга кўринганидек мукаммал бўлмаслиги мумкин. Ўз оиламизни бошқаларнинг оиласи билан солиштириш ўрнига, уни меҳр ва эътибор билан обод қилишга ҳаракат қилайлик.
3. Моддий манфаатни оилавий бахтдан устун қўйиш. Оилавий низоларнинг яна бир муҳим сабабларидан бири — моддий масалалардир. Айрим оилаларда эрнинг даромади, хотиннинг харажатлари, уй-жой, автомобил ва қимматбаҳо буюмлар сабабли келишмовчиликлар юзага келади. Баъзи инсонлар оилавий бахтни мол-дунё билан ўлчашади. Гўёки уйда қимматбаҳо жиҳозлар, ҳашаматли автомобил ва катта даромад бўлса, оила бахтли бўладигандек. Ҳолбуки, оиланинг бахти бойликнинг кўплигида эмас, балки қалбларнинг бир-бирига яқинлигидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз — ўз аҳли оиласига энг яхши муносабатда бўлганларингиздир». Демак, инсоннинг ҳақиқий фазилати унинг оиласига қилаётган муомаласида ҳам намоён бўлади.
4. Қайнона-келин ва қариндошларнинг ноўрин аралашуви. Оила икки инсоннинг розилиги ва масъулияти билан қурилади. Аммо баъзан эр-хотин ўртасидаги оддий келишмовчиликлар қариндошларнинг аралашуви сабабли катта низога айланади. Айрим ота-оналар фарзандларининг мустақил оилавий ҳаётига ортиқча аралашиб, уларнинг ҳар бир қарорини назорат қилишга уринади. Келин ёки куёвнинг кичик хатоси катталаштирилиб, оилавий низога сабаб бўлади. Албатта, ота-онани ҳурмат қилиш фарз, уларнинг насиҳатига қулоқ тутиш фазилатдир. Лекин эр-хотин ўртасидаги муаммоларни адолат, донолик ва вазминлик билан ҳал қилиш лозим. Қайнона келинни ўз фарзандидек кўрса, келин қайнонани ҳурмат қилса, куёв икки томоннинг ҳам кўнглини топишга ҳаракат қилса, кўплаб низоларнинг олди олинади.
5. Оилавий масъулиятни ҳис қилмаслик. Оила фақат ҳуқуқлардан иборат эмас, унинг зиммасида катта бурч ва мажбуриятлар ҳам бор. Эр оиланинг моддий таъминоти, хотиржамлиги ва ҳимояси учун масъул. Хотин эса оиланинг меҳр-муҳаббати, фарзандлар тарбияси ва оилавий муҳитни асрашда муҳим ўрин тутади. Бу масъулиятлар бир-бирини инкор қилмайди, балки ўзаро ҳамкорликни талаб қилади. Афсуски, айрим эркаклар оиласининг нафақасига бепарво бўлса, айрим аёллар ҳам оилавий бурч ва масъулиятни унутиб қўяди. Натижада ўзаро ишонч ва ҳурмат йўқолади. Оила — бир кишининг эмас, икки инсоннинг ҳамжиҳатликдаги меҳнати билан обод бўлади.
6. Фарзандларни тарбиялашдаги келишмовчиликлар. Фарзанд — оиланинг зийнати, ота-онага берилган улуғ омонатдир. Аммо айрим оилаларда фарзанд тарбияси ҳам жанжал сабабига айланади. Бир ота-онанинг фарзандга қўйган талабини иккинчиси инкор қилади. Бири қаттиққўллик қилса, иккинчиси ҳаддан ташқари эркалатади. Натижада фарзанд тарбиясида ягона мезон йўқолади. Энг ачинарлиси, айрим ота-оналар ўзаро жанжалларини фарзандлар олдида давом эттиради. Улар эса руҳий зарба олиб, меҳр ва эътиборга муҳтож бўлиб улғаяди. Фарзандларимиз бизнинг сўзларимиздан кўра, амалларимиздан кўпроқ сабоқ олади. Уларнинг бахтли келажаги учун аввало ўзимиз ибрат бўлишимиз керак.
7. Ғазаб устида айтилган сўзлар ва шошма-шошарлик. Баъзан биргина оғиз сўз йиллар давомида қурилган меҳр-муҳаббатни вайрон қилиши мумкин. Жаҳли чиққан инсон ўйламасдан гапиради, кейинчалик эса айтган сўзидан пушаймон бўлади. Айримлар оддий келишмовчилик сабабли талоқ сўзларини тилга олади. Ваҳоланки, талоқ масаласи ниҳоятда масъулиятли ва жиддий масаладир. Шунинг учун ҳар бир эр-хотин ғазаб пайтида сукут сақлашни, вазиятни совитишни ва муаммони маслаҳат билан ҳал қилишни ўрганиши лозим. Бир лаҳзалик ғазаб билан қилинган ишнинг армони бир умрга чўзилиши мумкин.
8. Диний билим ва маънавиятнинг етишмаслиги. Оилавий ажримларнинг муҳим сабабларидан яна бири — эр-хотиннинг ўз диний бурч ва масъулиятларини етарлича билмаслигидир. Эр хотинининг ҳаққини, хотин эрининг ҳаққини, ҳар иккиси эса Аллоҳ олдидаги масъулиятини билиши лозим. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар билан яхшиликда яшанглар» (Нисо сураси, 19-оят). Ушбу оят оилавий ҳаётнинг муҳим мезонини белгилаб беради. Яъни эр-хотин бир-бирига яхшилик, меҳр, сабр ва чиройли муомала билан муносабатда бўлиши керак. Агар оилада намоз, ҳалоллик, тақво, сабр, шукр ва ўзаро кечиримлилик устувор бўлса, кўплаб муаммоларнинг олди олинади.
АЖРИМНИНГ ЭНГ ОҒИР ЗАРБАСИ КИМГА ТЕГАДИ? Оилавий ажрим ҳақида гап кетганда, энг аввало, фарзандлар тақдирини ўйлашимиз керак. Эр-хотин ўзаро келишмовчилик туфайли ажралиши мумкин. Аммо фарзанд ота-онасининг меҳрига, тарбиясига ва эътиборига бирдек муҳтож бўлиб қолаверади. Ота меҳрини соғиниб улғаяётган бола, онасининг кўз ёшларини кўриб вояга етаётган фарзанд — буларнинг барчаси жамиятимиз учун катта огоҳлантиришдир. Ажрашган ота-оналар фарзанд олдидаги масъулиятидан озод бўлиб қолмайди. Уларнинг тарбияси, таъминоти ва келажаги ҳар икки ота-онанинг зиммасидаги бурчдир. Шу сабабли ҳар бир инсон бир лаҳзалик хафагарчилик билан бутун бир оиланинг келажагини хавф остига қўймаслиги керак.
Хулоса ўрнида яна шуни қўшимча қилишим мумкинки, оилани бузишга эмас, асрашга ҳаракат қилайлик! Оила қуриш учун икки инсоннинг розилиги кифоя қилиши мумкин, аммо уни сақлаб қолиш учун сабр, садоқат, масъулият, кечиримлилик ва фидойилик керак. Ҳар бир эр хотинининг кўнглини олишга, ҳар бир хотин эрининг ҳурматини жойига қўйишга, ҳар икки томон эса оиланинг тинчлиги учун ҳаракат қилишга интилсин. Муаммо юзага келганда, дарҳол ажрим ҳақида ўйламайлик. Аввало, суҳбатлашайлик, бир-биримизни тинглайлик, хатоларимизни тан олайлик. Зарур бўлса, икки томоннинг ҳам ишончли, адолатли ва оқил инсонларидан маслаҳат олайлик. Шунда оилавий ажримларни, ёш фарзандларни тирик етим бўлишини олдини оламиз.
Муҳаммадшокир Бобоҳўжаев,
Норин тумани “Умархўжа эшон” жоме
масжиди имом-хатиби