Жамият аъзоларига муносабат

ҲАЗРАТИ УСМОН ИБН АФФОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

ҲАЗРАТИ УСМОН ИБН АФФОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

«Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!»

(Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам)

Асҳобларнинг улуғларидан, Ашарайи мубашшаранинг бирлари. Хулафойи Рошидинларнинг учинчилари. Насаблари: Усмон ибн Аффон ибн Абул Осс ибн Умайя ибн АбдушШамс ибн Абдуманноф ибн Қусойдир. У киши асли қурайш тоифасидан бўлганлар, насаблари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насабларига Абдуманноф орқали бирлашади. Усмон розияллоҳу анҳу фил йилининг олтинчи санасида, яъни энг тўғри райъга кўра Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларидан олти йил кейин Тоиф шаҳрида тугилганлар.

Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон келтириб, у зот учун ҳар қандай фидокорликка тайёр турганлар, бутун сарватларини дин йўлига вақф этган бу зот Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Руқойя розияллоҳу анҳо исмли қизларига уйланадилар. Руқойя розияллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир қизлари Умму Гулсум розияллоҳу анҳони никоҳларига олдилар. Шу боис, икки нур соҳиби “Зиннурайн” лақабини олганлар.

Табиатан ғоятда ҳалим, сокин, ҳақиқатпараст, умриларида ҳеч кимга озор бермаган ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Ҳақ таолонинг ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чин ошиғи эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан чексиз муҳабатлари ва Ислом йўлидаги жидду жаҳдлари боис ҳали ҳаётлик вақтларидаёқ жаннат билан муждаланган эдилар.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинанинг боғларидан бир боғда эдим. Бас, бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва жаннатни башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Абу Бакр розияллоҳу анҳу эканлар. У кишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратларини айтдим. У зот розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамд айтдилар. Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва жаннатни башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Умар розияллоҳу анҳу эканлар» У зот розияллоҳу анҳуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратларини айтдим. У зот розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамд айтдилар. Сўнгра яна бир киши келиб, эшикни очишни сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга эшикни оч ва етадиган бало учун жаннатни башоратини бер», дедилар. Эшикни очсам, Усмон розияллоҳу анҳу эканлар. У зот розияллоҳу анҳуга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган башоратларини айтдим. У зот розияллоҳу анҳу Аллоҳга ҳамд айтдилар ва сўнгра: «Аллоҳнинг ўзи ёрдам берсин», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَعِدَ أُحُدًا وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ وَعُثْمَانُ فَرَجَفَ بِهِمْ فَقَالَ اثْبُتْ أُحُدُ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ نَبِيٌّ وَصِدِّيقٌ وَشَهِيدَانِ

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар билан Уҳуд тоғига чиқдилар. Шунда уҳуд қимирлади. У зот: «Эй Уҳуд, собит тур! Устингда набий, сиддиқ ва икки шаҳид турибди!» дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаганлар.

Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлган даврларидаги юксак маданий ишларидан бири Қуръони карим нусхаларини кўпайтириш масаласи бўлди. Шунда Қуръон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида тўпланган асосда бир неча нусхада кўпайтирилди. 

Ҳижрий 35-йилнинг охирлари...

Мадинаи Мунаввара ташқаридан қараганда одатдагидек осойишта эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ҳамон намозхонларга тўла, Қуръон тиловатлари эшитилар, саҳобалар илм мажлисларини давом эттирар эдилар. Аммо бу сокинлик ортида Ислом тарихининг энг оғир синовларидан бири тобора яқинлашаётган эди.

Бир гуруҳ фитначилар Миср, Куфа ва Басрадан Мадинага келиб, мўминлар амири Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг уйларини қуршаб олдилар. Аввал улар талаб ва даъволар билан чиқиш қилдилар. Ҳазрати Усмон ҳар бир масалани Қуръон, Суннат билан изоҳлаб бердилар. Кўпчилик саҳобалар ҳам у зотнинг ҳақлигига гувоҳлик бердилар. Шунга қарамай, фитначилар ортга чекинмадилар. Тарихий манбаларда бу воқеалар бир неча ҳафта давом этгани зикр қилинади. (Ибн Касир. Ал-Бидоя ван-ниҳоя. Байрут: Дар ал-Кутуб ал-'Илмийя. 7-жилд.)

Ҳазрати Али, Толҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва бошқа улуғ саҳобалар халифани ҳимоя қилишни таклиф қилдилар. Ҳасан ибн Али, Ҳусайн ибн Али, Абдуллоҳ ибн Зубайр каби ёш саҳобалар эса уй олдида қўриқлашга турдилар. Аммо Ҳазрати Усмон уларга қатъий буйруқ бердилар:

"Мен сабабли бирорта мусулмоннинг қони тўкилишини истамайман."

Бу қарор ҳарбий нуқтаи назардан эмас, балки уммат бирлигини сақлаш нуқтаи назаридан қабул қилинган эди. У зот ўз жонларини эмас, мусулмонларнинг қонини асрашни афзал кўрдилар. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. Байрут: Дар ал-Маърифа. 13-жилд.) Қамал кунлари давом этар экан, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йиллар аввал айтган муборак сўзларини тез-тез эслар эдилар.

بَشِّرْهُ بِالْجَنَّةِ عَلَى بَلْوَى تُصِيبُهُ

"Унга бошига келадиган мусибат сабабли жаннат башоратини бер." Ҳазрати Усмон энди бу ҳадиснинг маъноси ўз ҳаётларида намоён бўлаётганини ҳис этаётган эдилар. Шаҳодатларидан бир кун олдинги кечада Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу туш кўрдилар. Тушларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумни кўрдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:

"Эй Усмон, сабр қилинг. Эртага биз билан бирга ифтор қиласиз." дедилар. (Ибн Саъд. Табақот ал-кубро. Байрут: Дар Содир. 3-жилд.)

Эрталаб Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу рўза тутдилар. Таҳорат олдилар. Уйдагилар билан хотиржам суҳбатлашдилар. Сўнг ибодат қиладиган жойларига ўтиб, Қуръони карим тиловатини бошладилар. Ташқарида ғазаб ва шовқин ҳукм сурарди. Ичкарида эса Қуръон оятлари янграрди. У зотнинг қўлларида дунёнинг энг улуғ Каломи бор эди. Қалбида эса Аллоҳнинг ҳузурига юзланаётган мўминнинг хотиржамлиги. Фитначилар девордан ошиб уйга бостириб кирдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уларга қарши қурол кўтармадилар. У зот умр бўйи ҳимоя қилган умматнинг қони ўзлари сабабли тўкилишини истамадилар. Шу лаҳзаларда Қуръон тиловати давом этаётган эди... У зот Қуръон тиловат қилаётган пайтда шаҳид қилиндилар. Мўминлар амири Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳижрий 35-йил, Зулҳижжа ойида шаҳид бўлдилар. 

Ўша пайтда у зот тахминан саксон ёшдан ошган эдилар. (Ибн Саъд. Ат-Табақот ал-кубро. 3-жилд.) Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу умрларини Қуръонга хизмат қилиш билан ўтказдилар ва умрларининг охирги онларини ҳам Қуръон тиловати билан якунладилар. У зот мусулмонлар бирлиги учун ўз жонларини фидо қилдилар, аммо мусулмон қўлидан мусулмон қони тўкилишига рози бўлмадилар. Ана шу сабр, ҳаё, саховат ва фидойилик у зотни Ислом тарихининг энг улуғ сиймоларидан бири сифатида абадийлаштирди. Тарих шунчаки ўтмишда содир бўлган воқеалар мажмуи эмас. У келажак авлодлар учун битилган ибрат китобидир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло:

﴿لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ﴾

"Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир." (Юсуф сураси, 111-оят.)

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг муборак ҳаётлари ҳам ана шундай битмас-туганмас ибратлар хазинасидир. У зотнинг ҳаётини ўқиган инсон бойликнинг қандай сарфланишини, ҳокимиятнинг қандай бошқарилишини, фитна қаршисида қандай сабр қилинишини ва Қуръонга қандай хизмат қилиш лозимлигини ўрганади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَلَا أَسْتَحْيِي مِنْ رَجُلٍ تَسْتَحْيِي مِنْهُ الْمَلَائِكَةُ

"Фаришталар ҳаё қиладиган кишидан мен ҳаё қилмайманми?" деганлар.

Бу ҳадис Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бутун ҳаётларини тавсифлайди. Ҳаё у зот учун фақат ташқи одоб эмас, балки қалб поклиги, тил поклиги ва амал поклигининг меваси эди. Бугунги ахборот асрида ҳаё кўпинча заифлик сифатида талқин қилинаётган бир пайтда Ҳазрати Усмоннинг ҳаётлари ҳаё мўминнинг кучи, зийнати ва комиллиги эканини яна бир бор эслатади.

Тарих минглаб подшоҳларни унутди. Аммо Қуръонга хизмат қилган Усмон ибн Аффонни унутмади. Бугун дунёнинг қайси бурчагида Қуръон тиловат қилинаётган бўлса, унда Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг хизматлари бор. Инсоннинг энг улуғ мероси бино ёки бойлик эмас, балки илм ва ҳидоятга қўшган ҳиссасидир. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг шаҳодатлари мусулмонларни ташқи душман эмас, ички фитна ҳам ҳалокатга олиб боришини кўрсатди.

Фитна аввал миш-миш билан бошланади.

Сўнг гумон туғилади.

Кейин қалблар бўлинади.

Охирида эса қиличлар суғурилади.

Шунинг учун Қуръони карим:

﴿وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ﴾

"Фитна қотилликдан ҳам оғирроқдир." (Бақара сураси, 191-оят.)

Ҳазрати Усмоннинг даврларида бошланган фитна кейинги ўнлаб йиллар давомида мусулмон умматига оғир синовларни олиб келди. Демак, ёлғон хабарни текширмасдан тарқатиш, гумон билан ҳукм чиқариш ва жамоат бирлигини бузиш ҳар бир давр учун энг катта хатарлардан биридир. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари, ваҳий котиби, Қуръонни жамлаган халифа эдилар. Шундай бўлса-да, уларга туҳмат қилинди, айбловлар қўйилди ва охир-оқибат мазлум ҳолда шаҳид қилиндилар. Бу ҳақиқат бизга шуни ўргатадики, одамларнинг танқиди ёки туҳмати ҳақиқат мезони эмас. Ҳақиқий мезон — Аллоҳнинг розилиги ва тўғри амал қилишдир.

Ҳар бир авлод ўз "Усмон"ини ҳимоя қилиши керак

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фожеаси фақат бир инсоннинг шаҳодатидан иборат эмас эди. Бу илмни, Қуръонни, ҳаё ва саховатни ҳимоя қила олмаган жамиятнинг фожеаси ҳам эди. Ҳар бир даврда ҳақиқатни ҳимоя қиладиган, ёлғонни фош этадиган, фитнага қарши илм билан курашадиган инсонлар зарур. Агар жамият бундай инсонларни ёлғиз қолдирса, тарих яна такрорланиши мумкин. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳаётлари бизга шуни ўргатадики, умрнинг узунлиги эмас, унинг мазмуни муҳимдир. Мол-дунё тугайди, мансаб тугайди, салтанат тугайди. Аммо Қуръонга хизмат, саховат, ҳаё, сабр ва ихлос билан қилинган амаллар асрлар оша яшайди. У зот Қуръонни асрадилар. Аллоҳ эса у зотнинг номини Қуръон билан бирга тарих саҳифаларида абадийлаштирди.

Бугун ҳар сафар мусулмонлар қўлларига Мушафни олиб тиловат қилса, ҳар сафар Қуръоннинг бир хил матни дунёнинг шарқи ва ғарбида янграса, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг улкан хизматлари ёдга тушади. Аллоҳ таоло Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али ва барча саҳобайи киромлардан рози бўлсин. Уларнинг муҳаббатини қалбларимизга жо айласин, ҳаётларини биз учун ҳидоят ва ибрат мактабига айлантирсин.

 

Шамсиддин Бурхониддинов,
Давлатобод тумани “Имом Аъзам” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts