Жамият аъзоларига муносабат

АЗОБДАН АСРОВЧИ ҚАЛҚОН

АЗОБДАН АСРОВЧИ ҚАЛҚОН

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдилар: «Илгари иккита омонлик (азобдан асровчи қалқон) бор эди. Аллоҳ таоло айтган:

«Модомики сиз уларнинг ичида экансиз, Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир. Ва улар истиғфор айтиб турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир» (Анфол сураси, 33-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келсак, у зот охират оламига риҳлат қилдилар. Аммо истиғфор эса қиёмат кунигача бандаларнинг қўлида қолган, кечаю кундуз қалбларни ва жамиятни муҳофаза қилиб турувчи боқий омонликдир».

Баъзи илм аҳллари ва салафи солиҳлар бу оятнинг тафсирида шундай деганлар:

«Бу бандаларга берилган иккита буюк омонлик эди. Улардан бири — Аллоҳнинг Набийи соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орамизда мавжудликлари эди. У зотнинг вафотлари билан бу биринчи ҳимоя кўтарилди. Иккинчисини эса Аллоҳ таоло чексиз раҳмати ўлароқ қиёматгача қолдирди — у ҳам бўлса истиғфор ва чин тавбадир».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам юқоридаги оятни шарҳлаб: «Уларнинг ичида иккита омонлик бор эди: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва истиғфор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кетдилар, аммо истиғфор қолди», деганлар.

Истиғфор — нажот ва барака калити

Истиғфор фақат тилда айтиладиган оддий лафз эмас, балки гуноҳлардан пушаймон бўлиб, қалбни поклаш, Аллоҳнинг улуғворилигини ҳис этиб, Унинг раҳматига паноҳ топишдир. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда истиғфорнинг дунё ва охират учун қанчалик улкан манфаатлар келтириши алоҳида таъкидланган:

Барака ва кенг ризқ манбаи

Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида бандаларини истиғфорга чорлаб, унинг эвазига берилувчи неъматларни шундай санаб ўтади: «Раббингизга истиғфор айтинглар, чунки У ўта мағфират қилувчи зотдир. У Зот устингизга осмондан мўл-бўл ёмғирлар ёғдиради. Сизларни мол-мулк ва фарзандлар билан қўллаб-қувватлайди, ҳамда сизларга боғлар ато қилади ва дарёларни чиқариб қўяди» (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).

Демак, истиғфор қуруқлик ва қурғоқчиликни кетказиб, ризқнинг кенгайишига, турмушнинг обод бўлишига сабаб бўлади.

Ғам-ташвишлардан халос этувчи қалқон

Имом Аҳмад ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ таоло унга ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш йўлини кўрсатади, ҳар қандай танглик ва қийинчиликдан чиқаради ҳамда уни ўзи ўйламаган, кутмаган жойдан ризқлантиради».

Қалб сукунати ва гуноҳлар каффорати

Инсон фарзанди хато ва камчиликдан холи эмас. Лекин хато содир бўлганда дарҳол истиғфорга ошиқиш — қалбнинг тириклиги ва имоннинг мустаҳкамлиги белгисидир. Ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам кунига юз мартадан ортиқ истиғфор ва тавба қилганликлари ривоят қилинган. Агар гуноҳлардан покланувчи истиғфор бўлмаганида эди, инсоният ўз хатолари остида эзилиб кетган бўлур эди.

Хулоса

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисмоний ҳимояларидан кейин бизнинг қўлимизда қолган энг улуғ қалқон, офат ва балолардан сақлайдиган кучли қурол — бу тинимсиз истиғфор ва чин қалбдан қилинган тавбадир.

Аллоҳ таоло барчамизни тилидан истиғфор тушмайдиган, гуноҳларига пушаймон етиб, Унинг мағфиратига сазовор бўладиган холис ва тақводор бандаларидан қилсин!

Муҳаммад Нажмиддинов,
Наманган шаҳри “Мавлоно Алиюл қори” жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts