Халқимиз азалдан меҳнатсеварлик, ҳамжиҳатлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби фазилатлари билан танилган. Ана шу гўзал анъаналардан бири ҳашардир.
Ҳашар – бу инсонларнинг ихтиёрий равишда бирлашиб, жамоат манфаати учун меҳнат қилиши, юртни обод қилиш ва атроф-муҳитни пок сақлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилишидир. Бундай ишлар халқимизнинг бирдамлиги ва меҳр-оқибатини намоён этади.
Ҳашар пайтида маҳалла аҳолиси бирлашиб, кўчаларни тозалайди, ариқ ва зовурларни очади, дарахтлар экиб, боғ-роғлар барпо этади. Бу ишлар орқали нафақат атроф-муҳит чиройли бўлади, балки одамлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланади. Ёшлар кексалардан ибрат олиб, меҳнатнинг қадрини англайди. Шу боис ҳашар фақат ободонлаштириш эмас, балки тарбиявий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом динида ҳам поклик, ободонлик ва жамоат манфаати учун хизмат қилиш катта савобли ишлардан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيمَانِ
яъни: «Поклик иймоннинг ярмидир», – деб марҳамат қилганлар.
Бу ҳадис инсонни нафақат шахсий покликка, балки атроф-муҳитни ҳам тоза сақлашга чақиришини англатади.
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِمَاطَةُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ
яъни: «Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаш ҳам садақадир».
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, кўчаларни тозалаш, йўлларни тартибга келтириш ва жамоат жойларини пок сақлаш ҳам савобли амал ҳисобланади.
Исломда ерни обод қилиш ҳам инсоннинг вазифаларидан бири сифатида кўрсатилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло инсонни ер юзида ободончилик қилиш учун яратгани таъкидланади. Бу маънода одамлар табиатни асраш, дарахтлар экиш ва ерни обод қилишга масъулдир.
Дарахт экишнинг фазилати ҳақида ҳам ҳадисларда катта савоб ваъда қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бир мусулмон дарахт экса ва ундан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бу унинг учун садақа бўлади», – деб айтганлар.
Бу ҳадис дарахт экиш ва табиатни асрашнинг қанчалик савобли амал эканини кўрсатади. Шунинг учун хашар пайтида дарахт экиш, кўчатлар ўтқазиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш жуда муҳим иш ҳисобланади.
Хашарнинг яна бир муҳим жиҳати – у одамларни бирлаштиради. Маҳалла аҳолиси бир жойга жам бўлиб, биргаликда меҳнат қилганда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик кучаяди. Бундай муҳитда ёшлар ҳам жамоатчилик ишларига масъулият билан қарашни ўрганади. Бу эса келажак авлоднинг ҳам ватанпарвар ва меҳнатсевар бўлиб етишишига хизмат қилади.
Юртни обод қилиш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Ҳар ким ўз уйи, маҳалласи ва атрофини тоза ва тартибли сақласа, бутун юрт гўзал ва файзли бўлади. Шу сабабли хашар каби ишлар халқимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, ҳашар – бу фақат меҳнат эмас, балки миллий анъана, жамоатчилик руҳи ва диний қадриятлар уйғунлигидир. Поклик, ободонлик ва бирдамликка асосланган бу анъана халқимиз ҳаётида доимо муҳим ўрин тутади.
Агар ҳар бир инсон юрти равнақи учун ўз ҳиссасини қўшса, Ватанимиз янада гўзал, обод ва фаровон бўлади.
Содиқжон Абдураҳмонов,
Косонсой туман “Бузрукхўжа” жоме
масжиди имом хатиби