Аёллар саҳифаси

АЁЛ — ХОНАДОННИНГ ФАЙЗИ ВА ҚАЛБНИНГ ОСОЙИШТАСИ

АЁЛ — ХОНАДОННИНГ ФАЙЗИ ВА ҚАЛБНИНГ ОСОЙИШТАСИ

Оила — муҳаббат, меҳр ва ҳурмат билан мустаҳкам бўладиган муқаддас қўрғондир. Бу қўрғоннинг файзи эса, аввало, аёлга бўлган муносабат билан ўлчанади. Чунки аёл — она, рафиқа, меҳрибон ҳамдард ва фарзандлар тарбиячисидир. Уни қадрлаган хонадонда барака бўлади, унинг кўнглини оғритган уйда эса меҳр сусаяди.

Афсуски, баъзан эркак киши жуфти ҳалолини қўпол муомала, совуқ сўз ёки бепарволик билан ранжитиб қўяди. Ваҳоланки, бир оғиз ширин сўз аёл қалбига оламча қувонч бағишлайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Улар (аёллар) сизлар учун либосдир, сизлар ҳам улар учун либосдирсиз.» (Бақара сураси, 187-оят)

Ушбу оят эр-хотиннинг бир-бирига яқинлиги, ҳимояси ва меҳрини нақадар гўзал тарзда ифода этмоқда. Либос инсонни безаганидек, жуфти ҳалол ҳам инсон ҳаётини гўзал қилади.

Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади: «Улар билан яхшилик ила турмуш кечиринглар.» (Нисо сураси, 19-оят)

Бу амр фақат моддий таъминот эмас, балки яхши муомала, ширин сўз ва меҳрибонликни ҳам ўз ичига олади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга яхши муносабатда бўлишга алоҳида эътибор берганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сизларнинг энг яхшингиз — аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир.» (Имом Термизий ривояти)

Демак, инсоннинг ҳақиқий фазилати фақат одамлар олдида эмас, балки уйида, оиласи билан бўлган муомаласида намоён бўлади.

Эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ва ҳурмат фақат бугунги кун билан чегараланмайди, балки у узоқ йиллар давом этадиган вафотдан кейин ҳам давом этадиган абадий риштадир. Ҳаёт машаққатлари, кундалик ташвишлар оқимида инсон баъзан энг яқин одамига нисбатан эътиборсиз бўлиб қолиши мумкин. Аммо айнан оғир куunларда ёнида турмуш ўртоғининг далдасини ҳис қилган инсон дунёнинг энг бахтли одамига айланади.

Оилавий бахтнинг яна бир муҳим сири — бу кечиримли бўлиш ва бир-бирининг камчиликларини тўлдиришдир. Ҳеч ким мукаммал эмас, аммо муҳаббат бор жойда кичик хатолар кўринмай кетади, катта муаммолар эса осонлик билан енгилади. Фарзандларнинг бахтли ва соғлом муҳитда камол топиши ҳам ота-онанинг бир-бирига кўрсатган ҳурмати ва меҳрига бевосита боғлиқ.

Аёл киши кўп нарсани унутиши мумкин, аммо унга айтилган меҳрли сўзни умрбод эслаб юради. “Жоним”, “суйганим”, “гўзалим”, “фариштам” каби сўзлар аёл қалбига нур бағишлайди. Чунки аёл — меҳр билан яшайдиган нозик қалб соҳибасидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жуфти ҳалолларига меҳр ва ҳурмат билан муносабатда бўлганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли аёлларига энг мулойим инсон эдилар.» (Имом Бухорий ривояти)

Шунинг учун эркак киши жуфти ҳалолини қўпол сўз билан эмас, эҳтиром билан чақириши лозим. “Хотин” деб эмас, “хонадоним эгаси”, “болаларим онаси”, “меҳрибоним” деб мурожаат қилиш оила муҳитини янада илиқ қилади.

Аёлни қадрлаш — бу миллатни, келажакни қадрлаш демакдир. Чунки жамиятнинг пойдевори оила бўлса, ўша пойдеворнинг мустаҳкамлигини таъминлаб турган зот аёлдир. Унинг кўнгли обод бўлган хонадонда ҳеч қачон барака ва осойишталик аримайди.

Унутманг, баъзан бир оғиз яхши сўз йилларча унутилмайди. Бир мақтов, бир меҳрли нигоҳ ёки бир самимий мурожаат аёлнинг қалбида умид ва қувонч уйғотади.

Аллоҳ таоло барча хонадонларга меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва барака ато этсин. Жуфтлар орасидаги муҳаббатни зиёда қилсин.

Исмоил Жўраев,

Тўрақўрғон тумани “Усмон Зуннурайн” жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts