Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАННИ  СЕВМОҚ ИЙМОНДАНДИР

ВАТАННИ  СЕВМОҚ ИЙМОНДАНДИР

Инсоннинг қалбида шундай бир туйғу борки, у ҳеч қачон сусаймайди. Яна бир ҳис борки, у ҳеч қачон камаймайди. Бу- Ватан туйғуси, бу юртга муҳаббат ҳиссидир. 

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтади: “Башар ўз ерига, гарчи у  тап-тақир саҳро бўлса ҳам, қаттиқ боғланади. Зеро, Ватанни севиш инсон табиатида бор. Шу туйғу Ватанда яшашдан ҳузур-халоват, ундан узоқда бўлганда соғинч, унга ҳужум қилинганида мудофаа этиш ва у камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади.”

Мусулмонларнинг Ватанни севишлари суюкли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка атрофларида Маккага қараб хитоб қилардилар. Унинг тоғлари ва водийларига хитоб қилардилар. Кўчалари ва биноларига хитоб қилардилар: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим!”

Дарҳақиқат, Ватанни севиш туйғусини Аллоҳ таоло ҳазрати инсоннинг қалбига жо айлаган.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатларимиз, саломларимиз бўлсин. Мана, юртимиз истиқлолининг 34 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Бу йиллар мобайнида тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битса арзийдиган ютуқларга эришилди. Очиғи, шўролар даврида дунё ҳаритасида Ўзбекистон деган юрт борлигини кўпчилик билмас эди. Бугун дунёнинг барча мамлакатларида байроғимиз ҳилпираб турибди.

Минг бор шукр қилишимиз керакки, юртимиз тинч, яшаш тарзимиз фаровон, дастурхонларимиз тўкин-сочин. Ҳар бир мусулмон банданинг эмин-эркин ибодат қилишининг ўзи катта неьмат. Масжидларимиз эшикларининг ҳар доим очиқлиги, диний байрамларнинг бемалол нишонланиши, умра ва ҳаж сафарлари учун яратилаётган шароитлар, булар барчаси мустақиллик туфайлидир.

Юртимизда янги масжидларнинг кўпаяётгани бир қувонч, диний ўқув даргоҳларининг сони йил сайин ошиб борётгани яна бир қувонч.

Республикамизда кейинги йилларда ташкил этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Термизий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Қурьони карим ва тажвид курсалари ёшлар ва юртимиз аҳли учун зиё масканига айланиб бормоқда. 

Бундай эзгу ишларни амалга оширишда давлатимизнинг, шахсан юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари чексиздир. Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон деб аталаётган жонажон Республикамизда кейинги йилларда амалага оширилаётган ишлар, туб ислоҳотлар кишини лол қолдирадиган даражададир. Беиҳтиёр тафаккур қилиб қоласан киши. Жамият ривожида шахснинг роли нақадар муҳим. Ўзбекистонни дунёга танилиб боришида шахсан Президентимиз олиб бораётган сиёсат ва у бошчилигида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари бунинг ёрқин далилидар.

Давлатшох Самарқандий раҳимаҳуллоҳ Алишер Навоийнинг фазилатларини таърифлаб шундай байт битган: 

“Ҳар чунен к-аз мақдами саййид шуда Ясриб азиз, 

Гашта дорул фазли олам аз вужуди о Хири”.

Яъни, Ясриб (Мадина) Муҳаммад Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам туфайлидан азиз бўлганидай, Ҳирот ҳам Навоий туфайлидан фазилат маконига айланди.

Ушбу таърифни Ўзбекистон Президентига нисбатан ишлатсак ҳам муболаға бўлмас. Юртимизининг кундан- кун гуллаб-яшнаб боришида, давлатимиз мавқеининг жаҳон миқёсида ошиб боришида муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатларии чексиздир.

Зеро, бу эришган ва эришаётган ютуқларимизнинг барчаси Аллоҳнинг бизга бераётган улуғ неъматларидир. Бу неъматлар хақида қанча сўзласак, шунча оз. Неъматларни зикр қилиш, шукрини келтириш уларнинг янада кўпайишига сабаб бўлади. “Иброҳим” сурасининг еттинчи оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман”.

Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукрлар бўлсинки, истиқилолга эришганимиздан кейин хақиқий тархимизни тиклаш, миллий ва диний қадриятларимиз, бой ва кўҳна меросимизни ҳалқимиз ҳаётига қайтариш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни Ўзбекистон Респуликаси мустақиллигининг 34 йиллик тўйи билан чин қалбдан муборакбод этаман. Мамалакатимизда олиб борилаётган барча ҳайрли ишларда Аллоҳ таборака ва таоло ҳамиша ёру мададкор бўлсин.

 

Нуруллоҳ Сирожиддинов,
Мингбулоқ тумани “Гуртепа” жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts