"Ватан" сўзи араб ва бошқа ўзбек тилида "юрт", "ватан", ёки "ота-оналар юрти" деган маъноларни англатади. Бу сўз, кўпинча миллий ва маданий идентификацияни ифодалашда ишлатилади. Ватан ҳақида гапирганда, кўплаб кишилар учун бу ернинг тарихий, маънавий ва маданий аҳамияти катта бўлади.
Ўзбекистонда ҳам "Ватан" сўзи ота-боболарнинг қони ва меҳнати билан боғланган, ва улар ўз ватанига нисбатан катта севги ва фидойиликни ҳис қилишади. Шунингдек, бу сўз кўпинча халқни бирлаштириш, тинчликни сақлаш, ва миллий қадриятларни ҳурмат қилишда ишлатилади.
Ҳикмат:
Хоин гарчи бошига иккита тож кийса ҳам, у барибир хоиндир.
Ватанга хиёнат қилган чоғинг ўлар кунингда сенга ғамхўрлик қиладиган тупроқни топа олмайсан! Сен, ҳаттоки оламдан ўтган бўлсангда, ўша вақт қалтироқни сезасан!
Мустақил мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жамиятимизнинг барча жаб-ҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилаяпти.
Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.
Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қўмсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини ҳақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши, ютуқларидан қувониши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Тарихдан маълумки, бирорта миллат бошқа бир миллатни таҳқирламоқчи ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанининг душманлар қўлида қолганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб бўлмаса керак. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ҳақида қайғуриш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам кенг ёритилган.
Халқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда «ўзга юртда шоҳ бўлганингча ўз юртингда гадо бўл», деган ҳикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур-ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унутган киши ҳеч қачон она Ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.
Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган Ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча кундуз «рибот», (яъни душман қаршисида туриш) бир ой тутилган нафл рўза ва ўқилган тунги намоздан яхшидир», – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Уламолардан бирлари айтган эди: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».
Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги уни ватанини ҳимоя қилишига, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлишига ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражасида ҳисса қўшишга ундаши лозим.
Орифлардан бири айтади:
"Кўнгил бўлмаса, ишқ қаерни ватан айлар?
Ишқ бўлмаса кўнгил нима ишга ярар?"
Юртга муҳаббат, унга садоқат иймонли кишиларнинг хислатидир. Ватанга бўлган муҳаббатнинг энг гўзал намунасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини доимо она Ватанга муҳаббатли бўлишга чорлаганлар: “(Эй Макка!) Агар қавмим мени сендан чиқармаганда, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан сени ташлаб кетмаган бўлардим”, дейдилар.
Бутун инсоният учун ўрнак бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз юртларини севиб ардоқлаганлар. Ватанга хиёнат энг оғир гуноҳлардан биридир. Шу ўринда бир савол туғилади. Билиб билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса, ноқонуний йўллар билан чет элларга кетган ва манфур жангари гуруҳларга қўшилиб олиб, ўз юртига қарши бўлмағур пўписалар қилаётган баъзи бир ватанфурушлар инсоният олдида, Аллоҳ таоло ҳузурида нима деб жавоб беришади?
Унутмайликки Аллоҳ таоло ватан хоинларини бу дунёда ҳам охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало килади.
Нажмиддин Кубро ҳазратларининг ватанга садоқати, унинг учун жон берганликлари тилларда достон бўлган. У кишига душман тараф одам юбориб сиз ва шогирдларингиз шаҳардан чиқиб кетишларингиз мумкин деганида, у киши бу таклифни рад этиб:
«Ватанимнинг яхши кунларида шу ерда бўлсаму, унинг учун оғир ва ёмон кунда уни ташлаб кетаманми?» деганлар. Бу ҳаётий ҳақиқатда барчамиз учун катта ибрат, огоҳлантириш бор.
Ўтмишдан маълумки, ҳар бир инсон қалбида ўз юртига садоқат, фидоий бўлиш туйғуси ватанпарварликнинг олий нишонаси ҳисобланади. Зеро, инсон учун энг азиз ва муқаддас бўлган Ватанни ҳимоя этиш, уни севиш ва эъзозлаш ҳар бир инсондан буюк маънавий жасоратни талаб этади. Илму ирфонга қарши қаратилган жаҳолат ғафлатга, лоқайдлик эса бепарволикка гирифтор этади. Натижада, мазкур ҳолат инсонни ватан тақдирига нисбатан дахлдорлик туйғусини йўқотиш орқали уни тўлиқ моддий ва маънавий мустамлака бўлишига замин яратади. Мазкур ҳолат ҳар қандай миллат, халқни ўз тақдирига раҳна солувчи таҳдидларга нисбатан мунтазам огоҳ, сезгир ва ҳушёр бўлишга ҳамда уларга қарши илм, маърифат ва ўз тарихини ўрганиш билан жавоб бериш борасида жиддий фикрлашни тақозо этмоқда. Барчамизга яхши маълумки, ҳозирги кунда дунё шиддат билан ўзгариб, инсониятнинг тақдири ва келажагига таҳдид солаётган хавф-хатарлар кучайиб, дунё миқёсида шафқатсиз рақобат, турли зиддият ва қарама-қаршиликлар тобора авж олмоқда. Мана шундай бир шароитда тинчлик, барқарорликни сақлашда ёшларнинг таълимига эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Биз учинчи дунё мамлакатлари қаторидан фақат илм ила чиқишимиз мумкин. Илм-нурдир, у бизни зулматдан ёруғликга олиб чиқади, бунда аввало ҳар ким ўзидан ва фарзандларидан бошламоғи зарур.
Суфиев Жаъфархон,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.