Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАН ВА ДИН ҲИМОЯСИ — МУҚАДДАС БУРЧ

ВАТАН ВА ДИН ҲИМОЯСИ — МУҚАДДАС БУРЧ

Ватан — инсон учун Аллоҳ таоло берган энг улуғ неъматлардан биридир. Инсон туғилиб ўсган юртини, унинг тупроғи, халқи ва тинчлигини қадрлаши, уни обод қилиш ва ҳимоя этишга ҳисса қўшиши керак.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида Маккага қараб шундай деганлари ривоят қилинади:

«وَاللَّهِ إِنَّكِ لَخَيْرُ أَرْضِ اللَّهِ، وَأَحَبُّ أَرْضِ اللَّهِ إِلَى اللَّهِ، وَلَوْلَا أَنِّي أُخْرِجْتُ مِنْكِ مَا خَرَجْتُ»

«Аллоҳга қасамки, сен Аллоҳнинг энг яхши ва Аллоҳга энг севимли еридирсан. Агар мен сендан чиқарилмаганимда, асло чиқмаган бўлар эдим».

Бу сўзлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам  қалбларида Ватанга муҳаббат қандай улуғ бўлганини кўрсатади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонлардан юртларини ҳимоя қилишга сабаб бўладиган машруъ кураш ҳақида шундай марҳамат қилади:

وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَفَسَدَتِ الْأَرْض

«Агар Аллоҳ (одамларнинг) баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаганида, ер юзида бузғунчилик авж олган бўлур эди». 

(Бақара, 251)

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам  яна шундай марҳамат қилганлар:

«مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ، وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ»

«Ким мол-мулкини ҳимоя қилиш йўлида ўлдирилса — шаҳиддир. Ким аҳли-оиласини ҳимоя қилиш йўлида ўлдирилса — шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қилиш йўлида ўлдирилса — шаҳиддир».  (Абу Довуд, Термизий)

Зоҳидлардан бири ҳаёти давомида юртини тарк этиб, узоқ ўлкаларда яшаб қолибди. Кексайганида Ватанини эслаб, кўзига ёш олиб: «Мен дунёда кўп жойларни кўрдим, аммо болалигим ўтган тупроқдек азиз жойни топмадим», деган экан. 

Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Ҳиндистондай улкан мамлакат ҳукмдори бўлса-да, она юртини унутмаган. Унинг Бобурнома асарида она ватанини қўмсаб унинг ҳар бир ҳолатини, шарқироқ сойларидан тортиб унумдор ерларигача таърифлаб келтиргани ҳам сўзимизни далил бўла олади.

Шундай экан, азизлар, Ватанни севиш — унинг тупроғини севиш билан бирга, унинг тинчлиги, халқи, оиласи ва келажаги учун масъулиятни ҳис қилишдир. Ватан ҳимояси фақат қурол билан эмас — ҳалол меҳнат, илм, одоб, қонунга риоя, фарзанд тарбияси ва юрт тинчлигига ҳисса қўшиш билан ҳам бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзбекистонимизни тинч ва обод, халқимизни аҳил ва фаровон қилсин. Ватанимизни ҳимоя қилиш, уни обод этиш ва динимизни асрашда барчамизни холис ва фидойи бандаларидан қилсин. Омин!

 

Ҳусниддин Тожибаев,
Наманган шаҳар “Боҳоуддин Нақшбандий” жоме 
масжиди имом-ноиби 

Related posts