Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗЛИК — ШАРАФЛИ ВА МАСЪУЛИЯТЛИ МАҚОМ

УСТОЗЛИК — ШАРАФЛИ ВА МАСЪУЛИЯТЛИ МАҚОМ

Таълим-тарбия жамиятимиз ривожи ва порлоқ келажаги учун энг муҳим аҳамиятга эга бўлган соҳадир. Ана шу машаққатли ва шарафли юк таълим-тарбия иши билан бевосита шуғулланадиган муаллимлар ва устозлар зиммасига тушади.

Динимизда устознинг қадри, фазли ва мавқеи жуда улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг маънавий ва интеллектуал шаклланишида беқиёс ўрин тутадилар. Ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнатлари эвазига ёш авлоднинг илмига илм, одобига одоб ва дунёқарашига кенглик қўшилади. Инсон маънавий камолотга ҳамда икки дунё саодатига устоз ва мураббийларнинг панд-насиҳатлари, тарбияси ва йўл-yo'риқларисиз эришолмайди. Маънавият ва илм ҳар доим моддиятдан устун тургани сабабли устоз-муаллимлар ҳар бир даврда эъзозлаб келинган.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят).

Мазкур ояти карима олимлар ва илм ўргатувчиларнинг мартабаси нафақат инсонлар олдида, балки Аллоҳ таоло ҳузурида ҳам юқори эканига далолат қилади. Зеро, улар буюк муаллим бўлмиш Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асл меросхўрларидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: «Шубҳасиз, Аллоҳ таоло, Муқарраб фаришталар, осмонлар ва ердаги барча мавжудотлар, ҳатто уясидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам инсонларга яхшилик ва илм ўргатган муаллим ҳаққига дуо қиладилар» (Имом Термизий ривояти).

Илм ва устозга бўлган ҳурмат ҳақида сўз кетганда, ҳазрат Али (розийаллоҳу анҳу) шундай деганлар: «Менга битта ҳарф ўргатган одамнинг қулиман. Хоҳласа сотади, хоҳласа озод қилади ва хоҳласа қул қилиб сақлайди».

Шу маънода Шайх Саъдий Шерозий: «Ким фарзанди олим ва маърифатли бўлишини истаса, олимларни ҳурмат қилсин, улуғласин ва фарзандининг устозларига эҳтиром кўрсатиб, ҳадялар юборсин», деб таъкидлаганлар.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтадилар: «Агар олим ва устозлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби нодонликда қолиб кетардилар». Яъни, маърифат ва эзгулик олимлар ҳамда устозлар орқали жамиятга тарқалади ва инсонлар илм билангина ҳақиқий улуғликка эришадилар.

Анас (розийаллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Олимлар — Аллоҳнинг ердаги ишончли ва омонатдор бандаларидир», дедилар (Имом Суютий ривояти).

Шундай экан, ҳар бир шогирд ва ҳар бир фуқаро илм берган ўқитувчисини, касб-ҳунар ўргатган устозини чин дилдан ҳурмат қилиши, уларнинг хизматини қадрлаши, доимо ҳақларига хайрли дуолар қилиб, яхшиликлар тилаши лозим.

Аллоҳ таоло бизларга таълим берган, тўғри йўлни кўрсатган ва касб-ҳунар ўргатган барча устоз ҳамда мураббийларимиздан Ўзи рози бўлсин, уларнинг умрларига ва меҳнатларига барака берсин!

Азизов Қодирхон

Косонсой тумани бош имом-хатиби

Related posts