Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗЛАР УЛУҒ ЗОТЛАР.

УСТОЗЛАР УЛУҒ ЗОТЛАР.

Аллоҳ таоло бутун инсониятни зулмат, жаҳолат, залолатдан фақат илму маърифатгина халос этишини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Қуръони каримнинг илк оятларида “Иқро”, яъни ўқинг, деган чақириқларида алоҳида таъкидлаб қўйган.

Инсон ҳаётида билими, маърифати билан жамият аъзолари ўртасида қадр-қиммат ва обрў эътиборга эга бўлади, ҳатто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса илм-маърифатдир.

Ёш авлодни билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида устоз ва мураббийларнинг хизматлари улкан. Дарҳақиқат, муборак динимиз таълимотлари инсон зотини жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга етишишда устоз ва мураббийлар хизматларига юқори баҳо беради ва Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башоратини беради.

Ҳақ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилишини баён қилиб, бундай дейди:

Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир. (Мужодала сураси 11-оят)

Аллоҳ таоло Олимларнинг нақадар омонатли ва тақволикларини таъкидлаб бундай дейди:

“Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”. (Фотир сураси 28-оят)

Мазкур ояти карималар, Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис жиддий саъйи-ҳаракат қиладиган улуғ устозларнинг обрў-эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда.

Устозлик мақоми улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз бундай марҳамат қилганлар: “Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. 

Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илмни олган бўлса, у катта бахту-саодатни қўлга киритибди”. 

 Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можалар ривоят қилишган.

 Ёшларга таълим тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш эканлиги ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму-маърифатни ўргатган барча устозларга барча ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиоғфор айтади”.

Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади”деганлар. 


Зикруллоҳ Умурзақов,
Норин тумани “Ҳаққулобод" жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts