Байрам ва марака маросимлари

УСТОЗ ОТАДЕК УЛУҒ

УСТОЗ ОТАДЕК УЛУҒ

Минг шукурлар бўлсинким, мамлакатимиз мустақиликка эришгандан сўнг ҳар бир соҳа қатори, таълим тизимига ҳам катта эътибор қаратилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуслари билан ўқитувчи ва мураббийларга юксак ҳурмат-эътибор кўрсатила бошланди. Халқимизнинг энг улуғ қадриятларидан бўлган устозга эҳтиром яна жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин олди. Буюк аждодимиз, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий:

«Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила», 

деб таъриф берган, отадек улуғ номга сазовор бўлган устозлар Президентимиз Фармонига биноан юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди. Озод ва обод юртимизда 1 октябрь - Ўқитувчилар ва мураббийлар куни, деб эълон қилинди ҳамда дам олиш куни этиб белгиланди.

Хўш, давлат миқёсида устозларга шунчалик эҳтиром кўрсатилаётган бир даврда, биз-ота-оналар ва шогирдлар мураббийларга қандай муносабатда бўляпмиз? Алломаларнинг айтишларича, ўқувчининг таълим олиб, олим бўлишига уч кишининг дуоси ва ҳаракати керак бўлар экан. Булар: устоз, ота-она ва ўқувчининг қизиқиши. Шундагина илм толиби мақсадига етади. Устоз тажрибали, виқорли, малакали бўлса, ота-она эса фарзандининг ўқишига тўсқинлиқ қилмай, илм олишига рози бўлиб, унга шароит яратиб, осонлаштириб ва доимо дуо қилса, ўқувчи дарси ёки касбига қизиқса ва ҳар қандай қийинчиликка чидаб сабр қилса, илм йўлида риёзат чексагина ўз соҳасининг етук мутахассиси бўла олади. Ўқувчи яна тез таълим олиб, илм ва ҳунарда ривож топиши устоз ва мураббийларга бўлган ҳурматига қараб бўлади.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу "Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа сотсин, хохласа қулликдан озод килсин", деб устозларни шундай ҳурмат қилган эканлар.

Ўқувчининг устози олдидаги асосий одоблари: устознинг олдига тушиб юрмаслик, устознинг ўрнига ўлтирмаслик, ҳузурида рухсатсиз галирмаслик, малол келадиган бўлса дарс вақтида кўп савол бермаслик, дарсдан ташқари саволни вақтида сўраш қоидаларига амал қилиш, дарсга ўз вақтида келиш, устозни безовта қилмаслик, устоз келишини сабр билан кутиш. Мазкур амалларнииг самараси устознинг розилигини топиш, кўнглида муҳаобат пайдо қилишдан иборат. Шунингдек, норози қилиб қўйишдан, ғазабидан сақланиш ҳам ҳосил бўлади. Огоҳ бўлинг, эй ўқувчи ва шогирдлар! Устоэзнинг розилиги, дуоси сизга сув ва ҳаводвкзарур.

Бухорои шарифда катта алломалардан бири дарсда эдилар. Ўқувчиларга саооқ бериш асносида гоҳ-гоҳ ўринларидан туриб қўярдилар. Зийрак шогирдлари бунинг сабабини сўрадилар. У зот "Меҳрибон уcтозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар, гоҳ ўйнаб эшик олдига келсалар, дарҳол устозимнинг ҳурматлари учун ўрнимдан туряпман", деб жавоб қилган эканлар. Шунинг учун ҳам ака шундай инсонлар ўша даврда буюк олим бўлиб етишишган. Ўқувчининг яна бурчларидан бири, устозини унутиб қўймай, унинг зиёратига бориб гуриши лозим. Бир бухоролик устоз бемор бўлганларида ҳамма шогирдлари кўргани келибди. Бироқ энг яқин шогирдларидан бири келмабди. Уни бир куни кўчада кўриб, нега зиёратга келмаганини сўрабди. Шогирд "Онам бемор эдилар, бўшамадим", деб узр сўрабди. Устози "Умрингизнинг узоқ булишига насиба олибсиз. Лекин исмингизнинг равнақи - дарсингизнинг ривожини ризқлантира олмабсиз", дебди. Худди шу гаплари исботи юз бериб, у киши узоқ яшабдилар-у, илм ололмаган эканлар.

Устозга одобли шогирд бўлишга ота-онасининг таъсири ҳам катта. Халифа Хорун ар-Рашид, подшо ўғилларини шогирдга берибдилар. Бир куни устоз ҳазратларининг таҳорат қилаётганларини кўриб қолибди, ўғли унинг оёқларига сув қўйиб бераётган эди. Шунда подшох устозни уришиб: "Мен сизнинг ҳузурингизга ўғлимни илм ва одоб ўргатишга юборсам шуми қилган ишингиз, нима учун бир қўли билан сув қуйиб, иккинчиси билан оёғингизни ювишни буюрмайсиз", деган экан.

Азиз ота-оналар! Фарзандларимизга илм, одоб ва ҳунар ўргатаётган устозларга ҳурматда бўлишни ҳам ўргатайлик. Ана шундагина улар одобли, илм ва ҳунарни мукаммал эгаллаган етук инсонлар бўлишади.

 

 

 Абулвоҳид Исақов, 

Наманган шаҳар "Мирёқуббой Мирҳакимбой" жоме 
масжиди имом-хатиби.

Related posts