Инсон ҳаётида илм ва тарбиянинг ўрни беқиёс. Илм инсонни жоҳилликдан асраса, тарбия уни ахлоқсизликдан ҳимоя қилади. Илм ва тарбия – жамият тараққиётининг асосий устунларидир. Бу неъматларга эришишда энг катта хизматни амалга оширадиган, йўлбошчи вазифасини бажарадиган шахс – устоз ва мураббийдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм аҳлининг юксак мақоми ҳақида Зумар сурасининг 9-оятида шундай марҳамат қилади:
“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!”
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илм аҳлининг фазилатини шундай ифода этганлар:
“Олимнинг фазилати обиддан тўлин ойнинг юлдузлардан устунлиги кабидир”.
Бу оят ва ҳадислардан маълум бўладики, илм ўргатиш ва уни авлоддан-авлодга етказиш жуда улуғ ва савобли иш саналади. Устоз ва мураббий ана шу эзгу ишнинг давомчилари ҳисобланади.
Устоз – нафақат билим берувчи, балки шахс тарбияловчи комил инсон. Унинг ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракати, ҳатто юриш-туриши ҳам шогирд учун ибрат ҳисобланади. Шу боис устозлик катта масъулият талаб этади.
Аждодларимиздан бири “Бир болага етти қишлоқ устози кам, деганлар. Бу ҳикмат устозликнинг қанчалик оғир ва масъулиятли касб эканини англатади.
Тарихда буюк алломалар, давлат арбоблари, адиблар ва кашфиётчиларнинг ортида улуғ устозлар турган. Масалан, Имом Бухорий ўз асарларини яратишдан олдин минглаб устозлардан таълим олган. Имом Абу Ҳанифа эса қанчалик буюк мақомга эришган бўлмасин, ўз устозларини доимо эҳтиром билан зикр қилганлар. Бу ҳолат устозга бўлган ҳурмат ва миннатдорликнинг аҳамиятини янада ёрқин намоён қилади.
Бугунги глобаллашув даврида илм ва маърифат ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Миллатнинг келажаги билимли, маънавиятли ва тарбияли ёшлар қўлидадир. Ёшларни ана шундай тарбиялаш эса, аввало, устоз ва мураббийнинг зиммасига юкланган. Шу боис ҳар қандай жамият устоз ва мураббийлар хизматини юксак қадрлаши шарт.
Ислом таълимотида устозга ҳурмат қилиш илмда барака келтириши таъкидланади. Шогирд устозининг ҳаққини билиб, эҳтиром кўрсатса, илмда ҳам, ҳаётда ҳам муваффақият қозонади.
Устоз ва мураббий – миллат келажагини белгилайдиган буюк шахсиятдир. Улар билим билан бирга одоб, ҳаё, инсоф ва меҳр-оқибат каби юксак инсоний фазилатларни ҳам авлодлар қалбига жо этирдилар.
Шу боис устозлик – шарафли, бироқ жуда масъулиятли касбдир. Ҳар бир устоз ўз шогирдига меҳрибон ва адолатли бўлиши, ҳар бир шогирд эса устозини ҳурмат қилиб, унинг дуосини олиши лозим. Зеро, устоз – нур таратувчи майоқ, мураббий эса келажак йўлини ёритувчи роҳбардир.
Нурулло Маҳкамов,
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-ноиби