Миллатимиз ривожи албатта таълимсиз бўлмайди. Албатта таълим масаласидаги оғир юк муаллимлар зиммасига тушади. Динимизда устознинг қадри ва фазли улуғдир. Чунки айнан ўша зотлар келажак авлоднинг шаклланишида катта ўрин тутади.
Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ” деганлар.
Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Ўқитувчилик касби жамиятдаги энг муҳим ва таъсирли касблардан биридир. Ўқитувчи нафақат талабаларга билим беради, балки уларни илҳомлантиради, рағбатлантиради ва бутун ўқув жараёнида қўллаб-қувватлайди. Улар ҳар бир талаба учун индивидуал ёндашувни топишда малакали. Ўқитувчилар келажакни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди, чунки улар ўқувчиларни шахс сифатида шакллантирадилар. Улардан маълумотни аниқ етказа олиш, билим бериш, танқидий фикрлашни ривожлантириш, масъулиятни сингдириш талаб этилади.
Ўқитувчилик муҳим, ижтимоий аҳамиятга эга касб. Болалар - келажак. Касбий ривожланишсиз, асосий ҳаётий кўникмаларнинг ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди. Мактабда болалар ижтимоий жиҳатдан мослашади, хулқ-атвор нормаларини ўрганадилар, тўғри ва нотўғри ўртасидаги фарқни ўрганадилар. Ота-оналар ҳам фарзандларига буни ўргатишлари мумкин, лекин катталарнинг ҳар доим ҳам вақти, билими ёки сабри бўлавермайди.
Ҳар куни ўқитувчилар ўқув дастурини ишлаб чиқиш, ўқувчилар тараққиётини баҳолаш ёки мактаб тадбирларида қатнашиш каби ишларга тўла. Ижобий таълим муҳитини яратиш учун қатъийлик ва меҳрибонлик ўртасидаги мувозанатни сақлаши жуда муҳимдир. Ўқитувчилар малака ошириш курслари ва семинарларда қатнашиб, доимий равишда касбий жиҳатдан ривожланиб борадилар. Ушбу давомий таълим уларга энг сўнгги таълим тенденцияларидан хабардор бўлишга ва янги ўқитиш усулларини қўллашга ёрдам беради. Охир оқибат, ўқитувчилик касби фидойилик, сабр-тоқат ва ўз ишига муҳаббатни талаб қиладиган вазифадир. Ўқитувчилар ўз ўқувчиларининг ҳаётига чуқур таъсир кўрсатади, уларнинг келажагининг пойдеворини шакллантиради. Ўқитувчи бўлиш ҳеч қачон осон эмас. Ўқитувчиларга катта масъулият юкланади. Тарбиячилар ва ўқитувчилар ривожланиш ва камолотнинг барча қийинчиликларига дуч келишади.
Динимиз таълимотига кўра илмларига амал қилувчи уламолар ва одамларга фойдали илмларни таълим берувчи муаллимларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида шаънлари улуғ, қадрлари юксакдир. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Замонавий билимлардан дарс берувчи устозлар ҳам яхши ниятлари сабаб ажру савобга эришадилар. Уламо ва устоз мураббийларни қадрлаш ва эҳтиром қилиш шаръан вожиб амаллардандир. Зеро улар ўтган улуғ зотлар ва олимларнинг меросхўрларидир. Ўтган олимлар молу дунёни эмас, балки илмни мерос қолдиргандирлар. Илмнинг фазилати ҳақида Имом Бухорийдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Тушимда менга бир идишда сут келтирилди, қонгунимча ичдим, ҳатто тирноқларимдан сут чиққанини кўрдим”. Саҳобаи киромлар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ, сутни нимага йўйдингиз?”. “Илмга”, - дедилар Расулуллоҳ алайҳиссалом”.
Ўтмишда олимлар ва устозларга ҳурмат-эҳтиромда бўлган шахслар келажакда баланд даражаларга эга бўлган ва ҳаёти ҳам яхшиликда ўтган.
Манбалар асосида тайёрланди.
Пахриддин Юсупов
Наманган туман бош имом хатиби