Таълим тарбия

ҲУСНИ ХУЛҚ ВА ЧИРОЙЛИ МУОМАЛА

ҲУСНИ ХУЛҚ ВА ЧИРОЙЛИ МУОМАЛА

Маълумки, динимиз  ҳусни хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.  Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У зотни мақтаб бундай деган:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

яъни: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси 4-оят). Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон ва барча яхши хулқларни ўзларида жамлаган зот эканларига асло шубҳа йўқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга қуйидагича насиҳат қилганлар:

яъни: “Эй Абу Ҳурайра! Ўзингизга ҳусни хулқни лозим тутинг!”. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: Ё Расулаллоҳ! Ҳусни хулқ нима? – деб, сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиздан силаи раҳмни узган билан уни боғлашингиз, сизга зулм қилган кишини кечиришингиз ва сизни маҳрум қилган кишига инъом қилишингиз ҳусни хулқдир”, - дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Шунингдек, ҳусни хулқли киши деб – очиқ юзли, чиройли муомалали, кечиримли, оғир-босиқ, ўзгаларга фойдаси тегадиган, беозор, ҳаёли, ғазабини жиловлай олган, ростгўй ва шу каби яхши хислатларни ўзида мужассам қилган кишига айтилади.

Динимизда гўзал хулқ соҳибларига катта ажру савоблар ва юксак мақом ва мартабалар ваъда қилинган. Улардан баъзиларини қуйида баён қиламиз:

Гўзал хулқ – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Гўзал хулқ – Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг яхши кўрган инсон бўлишга сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: “Қиёмат куни менга маҳбуброғингиз ва яқинроғингиз хулқлари чиройлироғингиздир. Қиёмат куни мен учун ёқимсизроғингиз ва мендан узоқроғингиз сергап, кўп вайсайдиган ва “мутафайҳиқлардир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, биз сергап ва кўп вайсайдиганларни биламиз. “Мутафайҳиқлар” кимлар?” деб сўралди. У зот: “Мутакаббирлардир”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривоятлари).

Гўзал хулқ – Қиёмат куни мезонни оғир бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва чиркин сўз айтувчини ёмон кўрур”, (Имом Термизий ривоятлари).

Гўзал хулқ – умр зиёда бўлиши ва юрт обод бўлишига сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:“Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилигидан насибаси берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ ва яхши қўшничилик диёрларни обод, умрларни зиёда қилади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ҳусни хулқ – ажр-савобларни кўпайтириб берилишига сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: "Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳусни хулқни бир қанча шўъбаларини ўзида мужассам қилган ҳадиси шарифларида бундай деганлар:

تَبَسُّمُكَ في وَجْهِ أخِيكَ لَكَ صَدَقَةٌ وأمْرُكَ بالمَعْرُوفِ ونَهْيُكَ عنِ المنْكَرِ صَدَقَةٌ وإِرْشادُكَ الرَّجُلَ في أرْضِ الضَّلالِ لَكَ صَدَقَةٌ وإِماطَتُكَ الحَجَرَ والشَّوْكَ والعَظْمَ عن الطَّرِيقِ لَكَ صَدَقَةٌ وإِفْراغُكَ مِنْ دَلْوِكَ في دَلْوِ أخِيكَ لَكَ صَدَقَةٌ

( رواه الإمام الترمذي عن أبي ذر رضي الله عنه )

яъни: “Биродарингизни юзига табассум қилмоғингиз садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғингиз садақадир. Йўлда адашган одамга тўғри йўлни кўрсатиб қўймоғингиз садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашингиз садақадир. Челагингиздан биродарингизнинг челагига қуйиб бермоғингиз садақадир” (Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг ҳусни хулқ эгаси бўлишимизни муяссар айласин!

Маъруфхон Алоходжаев, 
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме  
масжиди имом-хатиби

Related posts