Жамият аъзоларига муносабат

МАВЛИД УН-НАБИЙ

МАВЛИД УН-НАБИЙ

Ислом оламида қадимдан аҳли сунна ва жамоа ақидавий мазҳаби ва тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашувчи мусулмонлар, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган робиул аввал ойида “мавлуд” маросимини ўтказишни одат қилганлар. Бизнинг диёрларимизда бу ойни “Мавлуд ойи” деб ҳам номлашади. Дунёдаги бошқа миллат ва элатлар, турли динлар вакиллари ўз улуғларининг туғилган кунларини алоҳида эътибор билан нишонлайдилар. Ҳатто у кунларни ўз тарихларини бошланғич санаси қилиб олганлар. Афсусланарли жойи шуки биз мусулмонларни залолат ботқоғидан ҳидоят нури томон чорлаган, инсониятни икки дунё саодатига эришишларига сабабчи бўлган халаскорнинг туғилган кунлари яқинлашиши билан “Мавлуд маросими” ҳақида:  “Бу каби исломнинг аввалги даврида бўлмаган нарсанинг барчаси бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат-дўзахдир, куфрдир” деган ихтилофлар қулоққа чалинади.

Мавлуддан мақсад мусулмонларни комил мўмин мақомига кўтариш ва  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам талаб қилган муҳаббатни умматга ҳосил қилиш эди. 

Аллоҳ таоло каломида:  “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг саодат чекишингизга ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”- деб марҳамат қилди.

Мавлудда Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломлар айтилади. Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилинади.

Имом Термизийдан ривоят қилинади:  Набий алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп саловат айтганлардир”,  деганлар. Мавлудда саловатлар айтилади. Саловат билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга қиёмат куни яқин бўламиз. Бу кимга ёқмайди ёки қайси мусулмон уммат буни хохламайди?!

Қалби Расулуллоҳга муҳаббат билан лиммо-лим тўлган, у зотнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади. Ҳар биримиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳаётларини ўрганиб, барча иш ва амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга тарғиб қилишимиз керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва  салламнинг сийратларини қанча кўп ўргансак, у зотга муҳаббатимиз янада ортади. Шу билан бирга, шариатимизнинг баъзи ҳукмлари ва мақсадларини яхшироқ англаймиз. 

 

Соҳибжон Болтабаев,
Косонсой тумани “Содод” жоме
масжиди имом-ноиби

Related posts