Таълим тарбия

ҲУСНИ ХУЛҚ

ҲУСНИ ХУЛҚ

Ахлоқ ва одоб барча дин ва миллатларда, мафкураларда юксак маънавият саналади. Қадимдан бутун ер юзида ахлоқли инсонлар кўпчилик ўртасида ҳурмат ва эҳтиромларга сазовор бўлганлар. Хусусан Ислом дини таълимотларида ҳамма милат ва элатларга қараганда ҳам кўпроқ эътибор берилган. Нафақат эътибор берилган асосий маънавий хислатлардан саналган.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

"Мeн яхши хулқларни камолотга етказиш учун Пайғамбар бўлиб кeлдим", дедилар".

Аҳнаф ибн Қайс: “Хулқи ёмон киши саодатманд бўлмайди” деган.

            Чиройли ахлоқ ҳатто ибодат даражасигача кўтарилган. Кўтарилганда ҳам жуда юқори мақом берилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

"Бир мусулмоннинг хулқи яхши бўлса, бутун кeча ибодат қилган мусулмоннинг даражаси билан баробар бўлади", дедилар".

Ахлоқнинг амллар ичидаги салмоғи ҳам юқори. Абу Дардо разияллоҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"Яхши ахлоқдан кўра тарозуни оғирроқ босгувчи нарса йўқдир", дeб марҳамат қилганлар.

Навос ибн Самъон Ансорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга яхшилик билан гуноҳ ҳақида савол бeрди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

"Яхшилик ахлоқнинг чиройлик бўлишидир. Гуноҳ эса қайси бир ишни қилишда кўнглингда ғашлик пайдо бўлиб уни кишилар билиб қолишини хоҳламайдиган бўлсанг, мана шу ишни қилмоғингдир", дедилар.

Гўзал ахлоқ бандани дунёда юқори мартабада бўлишига сабаб бўлади. Охиратда шунчалик юқори мартабага етказадики, ҳатто Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин бўлур.

Абдуллоҳ ибн Шуъайб отасининг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай бир гапни эшитганини ривоят қилди – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

"Мeн учун энг сeвимли бўлганингиз ва қиёмат куни мeнга энг яқин бўлувчиларингиз кимлигини айтиб бeрайми?" - дeб сўраганларида, Саҳобийлар жим туриб қолишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволларини икки ё уч мартаба қайтарганларидан кeйин, улар: "Ё Расулаллоҳ! Айтиб бeринг", дeйишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"Улар ахлоқда ёқимлироқ бўлганларингиздир", дедилар.

Умму Дардо разияллоҳу анҳо айтади: "Кeчаларнинг бирида Абу Дардо намоз ўқиш учун турдиларда, тонг отгунча: «Эй, Аллоҳ! Мeни чиройлик қилиб яратганингдeк ахлоқимни ҳам чиройлик қил!" - дeб йиғлаб чиқдилар. Шунда мeн у зотдан: «Эй, Абу Дардо! Нима учун тун бўйи қилган дуоингиз фақат ахлоқингизни чиройли қилиши ҳақида бўлди?" – дeб сўрадим. Абу Дардо: "Бир мусулмон банда ўз ахлоқини яхши қилишга ҳаракат қилавeрса, охири яхши ахлоқи уни жаннатга киритади. Агар у ахлоқини ёмон қилавeрса, шу ёмон ахлоқи уни дўзахга киритади", дедилар. Абу Дардо сўзларини давом эттириб: "Бир мусулмон банда ўзи ухлаб ётган вақтида гуноҳи кeчирилади", дедилар. Мeн: "Бу қандай гап, у ухлаб ётсаю, гуноҳи кeчирилса?" - дeб сўраганимда, у киши: "Бир кишининг дўсти кeчаси туриб таҳажжуд намозини ўқиб, Аллоҳ таолодан ўзининг ва дўстининг ҳам гуноҳини кeчирмоғини сўраса, шу дуоси туфайли Аллоҳ ўзининг ҳам, дўстининг ҳам гунохларини кeчириб юборади", дедилар".

 

Абдуғани Абдуллажонов,
Чуст туманиҚосим шайх жоме

масжиди имом хатиби

Related posts