Таълим тарбия

ҲУНАРЛИ КИШИ ХОР БЎЛМАС!

ҲУНАРЛИ КИШИ ХОР БЎЛМАС!

Муқаддас динимиз касбу кор қилиб ҳаёт кечиришга бировнинг қўлига қарам бўлиб қолмасликка буюради. Касб-ҳунар эгаллаш пайғамбарлардан меросдир.

Халқимизда фарзандларини ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш учун ҳунармандларга шогирд бериш анъанаси бор. Ушбу одат сабаб юртимиздан кўп машҳур усталар етишиб чиққан.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар "Ким тиланчилик қилишдан сақланса, оиласини боқиш ва кўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида халол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат қунида у Аллох таолога  юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади".

Ривоят қилинишича Исо алайҳиссалом доим ибодат билан машғул бўлган бир кишидан сенинг таъминотинг билан ким шуғулланади, деб сўрайди. У акам деб жавоб беради. Шунда Исо алайҳиссалом аканг сендан кўра обидроқ экан деган экан. Ҳадиси шарифларда кишиларнинг яхшироғи эл-юртга манфаатлироғи экани айтилган.

Истиқлол йилларида юртимизда ёшларни ҳунар эгаллашига катта эътибор қаратилди. Ҳозирда ҳар бир туман ва шаҳарларда касб-ҳунар мактаблари ташкил этилган. У ерда ёшларимиз касб-ҳунар сирларини мукаммал ўрганмокда.

Зеро, хунарнинг катта-кичиги бўлмаганидек, уларнинг барчаси бирдек қадрли ва эъзозлидир. Луқмони ҳаким ўғлига насиҳат қилиб шундай деган экан: "Эй ўғлим, ҳалол касб қилиб, фақирликдан сақлан чунки ким фақир бўлса унга учта нарса етади. Динида енгил-елпилик, ақлида заифлик ва мурувватсизлик. Булардан ҳам ёмонроғи, одамларнинг унга беписанд қарашларидир”.

Умар розияллоҳу анҳу "Бирортангиз "Эй Аллоҳ, мени рйзқлантир", деб ўтириб олмасин. Чунки осмондан тилла ва кумуш ёғмаслигини биласизлар-ку", деган эканлар.

Демак, инсонга касб қилиш лозим бўлиб ва ўз касби орқали Аллоҳ таолога маҳбуб ва яқин бўлган бандалари сафидан жой олиши мумкин.

Қилаётган касбимиз ҳалолдан бўлсин, ҳалолга сарфлайлик. Касбига машғул бўлаётган вақтда яхши ният билан: Аллоҳ касб қилишга буюрган, шунинг учун касб қиляпман, Набий соллаллоху алайҳи васаллам ҳам касб қилганлар, деб амалга оширса, ҳам фарз, ҳам суннатнинг савобига эришади. Бу савобга эришишда унинг шаръий аҳқомларига риоя қилиши шартдир. Агар касби билан дунё топса, Аллоҳга ҳамд айтсин, яхши фойда кўрибди. Агар дунё топмаса ҳам ҳамд айтсин, тақвоси билан динини асрабди.

Нурулло Маҳкамов, 

Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме 

масжиди имом-ноиби

Related posts