Ҳар бир инсон ўзига берилган умр неъматининг қадрини теран англаши, уни ғанимат билиши керак. Шунингдек, уни беҳуда ва фойдасиз ишлар билан ўтказиб юборишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Шуни унутмаслик керакки, умр ўтиб кетганидан кейин тарихга айланади, ҳеч қачон ортга қайтмайди.
Ёшлик умрнинг бир қисми бўлса-да, у даврга алоҳида неъмат деб қаралади. Бу хусусда динимизда кўплаб тавсия ва кўрсатмалар келган. Ёшликка бу даражада эътибор берилишига сабаб одоб-ахлоқ, илм ўрганиш, бирор касб-корнинг бошини тутиш, ўзи учун ва яшаб турган жамияти учун фойдали инсон бўлиб етишиш айнан мана шу даврга тўғри келишидир.
Инсон дунёга келар экан, ўзига берилган умрни чиройли ва сермазмун ўтказмоғи керак. Аслида «умр» сўзининг маъноси «хароб»нинг зидди бўлиб, луғатда тузатиш, обод қилиш ва ислоҳ этиш маъноларини англатади. У «таъмир» сўзи билан ўзакдош. Хароб бўлган уйни тузатиш ва обод этишни таъмирлаш дейилганидек, инсон ҳам ўз ҳаётини ислоҳ этиб, уни обод қилган ҳолда ўтказмоғига «умр» дейилади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ
«У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратгандир» (Мулк сураси, 2-оят).
Уламолардан бири умр бўйи ўқиган китобларидан шундай хулосага келган экан:
«Инсон дунёга келади, сўнгра яхши амаллар қилади ва ундан кейин вафот этади».
Содда қилиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, туғилиш билан ўлим ўртасидаги фурсат инсонга эзгу амаллар қилиши учун берилади.
Умр оқар сувдек жуда тез ўтиб кетади. Уни ғанимат билиш лозим. Баъзан инсон унинг ғанимат эканини теран англамайди. Умрнинг кеча-кундуз, ҳафта, ой ва йилга бўлингани тез ўтишига ишорадир.
Али розияллоҳу анҳу: «Ўтиб кетган вақт эмас, у умрдир», деганлар. Қуръони каримда инсоннинг болалик, ёшлик ва кексалик даврлари баён этилиб, тез ўтиб кетиши ҳақида бундай марҳамат қилинади:
وَاضْرِبْ لَهُم مَّثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ مُّقْتَدِرًا
«Уларга ҳаёти дунёнинг мисолини келтир. У Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Унинг сабаби ила ер набототлари аралашиб чиқади. Бас, хашакка айланиб, уни шамол учириб кетади. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотдир» (Каҳф сураси, 45-оят).
Аллоҳ таоло тўрт фаслни инсон ҳаётига ўхшатди. Баҳор келиб, ўлик ердан турли ўт-ўланларни чиқариши одам болаларининг дунёга келишига ўхшайди. Ёз келиб, ердан униб чиққан ўт-ўланлар, дов-дарахтларнинг ҳосил бериши уларнинг куч-қувватга тўлган ёшлик даврига ўхшайди. Куз келиб, бояги яшнаб турган чаманзор ўзининг тароватидан айрилиб қурий бошлайди. Бу инсоннинг ёшлик вақти ўтиб, кексаликка қадам қўйишига ишорадир. Қиш келганда эса юқорида зикр қилинган яхшиликларимиздан асар ҳам қолмайди. Оқиб турган сувлар ҳам музлаб, оппоқ қор ёғиб, ҳамма ёқ сукунатга чўмади. Бу эса инсон ҳаётининг поёнига етганини билдиради.
Мусохон Паттаев,
Давлатобод тумани “Мирғойиб Эшон” жоме
масжиди имом-ноиби