Аллоҳ таоло тамонидан инсонга берилинган неъматлар жудда кўп. Инсондаги энг катта неъматларидан бири – тилидир. Тил билан зикр қилинади, Қуръон тиловат қилинади, илм тарқатилади. Аммо шу тил нотўғри ишлатилса, инсонни ҳалокат ёқасига ҳам олиб боради.
Ёлғон, чақимчилик, туҳмат ва бўҳтон жамиятни емирадиган, оилаларни бузадиган, дўстларни душманга айлантирадиган энг хавфли иллатлардандир.
Бугунги кунда кўплаб жанжаллар, адоватлар ва фитналарнинг илдизи айнан ўйламай айтилган ёки атайлаб тарқатилган бир оғиз сўздан бошланмоқда.
Ёлғон – мўминнинг зийнати эмас балки дунё ва охират саодатидан маҳрум қилувчи иллат ҳисобланади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй мўминлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ростгўйлар билан бирга бўлинглар." (Тавба сураси, 119-оят)
Ёлғон инсоннинг ишончини йўқотади. Бир марта ёлғон гапирган одамга кейинчалик рост гапирса ҳам одамлар шубҳа билан қарайдилар.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алаҳҳи васаллам дедилар: "Ростгўйлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Ёлғон эса фужурга етаклайди, фужур эса дўзахга етаклайди." (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Ёлғоннинг энг катта зарари шундаки, у қалбни қорайтиради ва инсонни гуноҳга одатлантириб қўяди.
Чақимчилик – жаннатдан маҳрум қилувчи гуноҳ ҳисобланади.
Чақимчи бир кишининг гапини бошқасига ташиб, одамлар орасида адоват уйғотадиган кимсадир.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алаҳҳи васаллам ҳадису муборакларида бу ҳақда қисқа ва лўнда қилиб шундей деганлар: "Чақимчи жаннатга кирмайди." (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтиб дедилар: "Бу икки киши азобланмоқда. Улардан бири ҳаёти давомида чақимчилик қилиб юрарди." (Имом Бухорий ривояти)
Одамларнинг сирларини ташиш, уларнинг орасини бузиш, фитна чиқариш мусулмон ахлоқига мутлақо зид ишдир.
Туҳмат ва бўҳтон – энг оғир зулмлардан бири ҳисобланади.
Туҳмат – инсонда йўқ айбни унга нисбат беришдир. Бўҳтон эса ёлғонни билиб туриб бировнинг шаънига ёпиштиришдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Мўмин эркаклар ва мўмина аёлларни қилмаган нарсалари билан айблаганлар бўҳтон ва очиқ гуноҳни бўйинларига олибдилар." (Аҳзоб сураси, 58-оят)
Яна Аллоҳ таоло айтади: "Бўҳтонни фақат иймон келтирмаган кимсаларгина тўқийдилар." (Наҳл сураси, 105-оят)
Туҳмат қилинган инсоннинг қалби яраланади, обрўси тўкилади, оиласи ва яқинлари азият чекади. Шу сабабли Ислом туҳматни энг катта гуноҳлардан бири деб ҳисоблайди.
Бир оғиз сўзнинг оқибати ҳақида
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алаҳҳи васаллам дедилар: "Киши Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган бир сўзни ўйламасдан гапириб юборади ва ўша сабабли жаҳаннамга қулайди." (Имом Бухорий ривояти)
Бугун айтилган ёлғон ёки тарқатилган туҳмат эртага минглаб инсонларга етиб бориши мумкин. Айниқса, ижтимоий тармоқларда текширилмаган хабарларни улашиш ҳам бу гуноҳларга шерик бўлиб қолишга сабаб бўлади.
Чин Мўмин қандай бўлиши керак?
Ҳақиқий мўмин:
Ростгўй бўлади.
Одамлар орасини ислоҳ қилади.
Бировнинг айбини тарқатмайди.
Эшитган ҳар бир гапига ишониб кетавермайди.
Туҳмат ва бўҳтондан узоқ юради.
Тилини назорат қилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй мўминлар! Агар бир фосиқ сизларга бир хабар келтирса, аниқлаб кўринглар." (Ҳужурот сураси, 6-оят)
Хулоса
Ёлғон – ишончни йўқотади. Чақимчилик – дўстларни душманга айлантиради. Туҳмат ва бўҳтон – бегуноҳ инсонларнинг қалбини яралайди. Буларнинг барчаси эса Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган оғир гуноҳлардандир.
Келинг, тилимизни ростлик билан безайлик, бировларнинг шаънини ҳимоя қилайлик, фитна ва ғийбат мажлисларидан узоқ бўлайлик. Чунки мўминнинг зийнати – ростгўйлик, унинг қуроли эса гўзал сўздир.
Тилни асраган – динини асраган, динини асраган эса дунё ва охират саодатига эришади.
Камолиддин Хамроқулов,
Норин тумани “Хаққулобод” жоме
масжиди имом ноиби