Жамият аъзоларига муносабат

ФАРОСАТСИЗ ҲАЙДОВЧИ – ЙЎЛДАГИ ХАВФ ЭМАС, ЖАМИЯТ УЧУН ҲАМ ТАҲДИД.

ФАРОСАТСИЗ ҲАЙДОВЧИ – ЙЎЛДАГИ ХАВФ ЭМАС, ЖАМИЯТ УЧУН ҲАМ ТАҲДИД.

Ҳайдовчилик – бу шунчаки автомобилни бошқариш эмас. Бу инсонлар ҳаёти, тақдири ва омонатига масъул бўлиш демакдир. Рулга ўтирган ҳар бир ҳайдовчи шуни англаши лозимки, унинг биргина бепарволиги бир неча оиланинг бахтини кулга айлантириши мумкин.
Афсуски, бугунги кунда айрим ҳайдовчиларда одоб, масъулият ва фаросат етишмайди.
Шундай ҳайдовчилар борки, аёллар, қизлар ва ёш болалар олдида ҳаёсиз, ҳақоратомуз ва уятли сўзларни бемалол ишлатишади. Бу эса нафақат ахлоқсизлик, балки ёш авлод тарбиясига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Инсонларга яхши сўз сўзланглар». (Бақара сураси, 83-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Мўмин киши таъна қилувчи, лаънатловчи, ҳаёсиз ва ҳақоратомуз сўзловчи бўлмайди».

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривояти.

Яна баъзи ҳайдовчилар автомобилни бошқараётган вақтда сигарет ёки нос чекишади. Бу ўз саломатлигига ҳам, йўловчиларнинг саломатлигига ҳам бепарволикдир.

Айримлари мусиқани ҳаддан ташқари баланд қўйишади. Йўловчилар «овозини пасайтиринг», деб илтимос қилса ҳам, орадан бироз вақт ўтиб яна аввалгидек баланд қўйишади. Бу эса одобсизлик ва йўловчиларга нисбатан ҳурматсизликдир.

Энг ачинарлиси, баъзи ҳайдовчилар ҳаракат вақтида телефонда гаплашишади, ҳатто хабар ҳам ёзишади ёки, видео ролик ҳам кўришади. Улар рулда эканликларини ва бир неча инсоннинг ҳаёти ўз қўлларида омонат эканини унутишади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанглар».(Бақара сураси, 195-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Зарар етказиш ҳам йўқ, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ». Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан Имом Ибн Можа ривояти (2341), Имом Молик «Ал-Муватто».

Шунингдек, айрим ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишмайди. Тезликни ошириш, тақиқланган жойдан қувиб ўтиш, светофор ва йўл белгиларини менсимаслик – буларнинг барчаси инсон ҳаёти билан ўйнашишдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ким бир жонни ноҳақ ўлдирса, гўёки барча инсонларни ўлдирган кабидир. Ким бир жонни сақлаб қолса, гўёки барча инсонларни тирилтирган кабидир». (Моида сураси, 32-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Ҳар бирингиз масъулсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун жавобгарсиз». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Йўловчи – омонат. Омонатга хиёнат қилиш мусулмон кишига ярашмайди. Ҳар бир ҳайдовчи Аллоҳдан қўрқиб, қонунларга амал қилиб, йўловчиларнинг ҳаққига риоя қилиши лозим.

Фаросатли ҳайдовчи машинасини эмас, аввало нафсини бошқаради. У тилини ҳам, кўзини ҳам, қўлини ҳам назорат қилади. Телефонга чалғимайди, йўловчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлади, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилади ва ҳар бир йўловчини Аллоҳнинг омонати деб билади.

Зеро, яхши ҳайдовчи манзилга тез етказгани билан эмас, балки барча йўловчиларни соғ-омон етказгани билан қадрланади.

Аллоҳ таоло барча ҳайдовчиларга тақво, фаросат, сабр ва масъулият ато этсин.


Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts