Жаҳолатга қарши маърифат

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШТИРУВЧИ ЗАҲАР. ГИЁҲВАНДЛИК — УМР ВА ИЙМОН КУШАНДАСИ

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШТИРУВЧИ ЗАҲАР. ГИЁҲВАНДЛИК — УМР ВА ИЙМОН КУШАНДАСИ

Инсоният тарихи давомида турли бало ва офатларни бошдан кечирган. Бироқ уларнинг ичида жамиятни ичидан емирувчи, келажакни барбод қилувчи ва инсонни ўзлигидан жудо қилувчи энг хавфли иллатлардан бири — гиёҳвандликдир. 

Бугунги кунда бу офат глобал муаммога айланиб, нафақат инсон соғлиғига, балки умумий хавфсизлик ва жамият генофондига ҳам жиддий таҳдид солмоқда.

Ислом дини инсоннинг жони, ақли, моли, обрўси ва динини ҳимоя қилишни олий мақсад деб билади. Шу боис, инсон ақлини хиралаштирадиган, соғлиғига зиён етказадиган ҳар қандай заҳарли моддалар шариатимизда қатъий қораланади.

Қуръони Каримда нафсни ҳалокатга ташлашнинг қайтарилиши.

Муқаддас китобимиз Қуръони Каримда гиёҳвандлик сўзи тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, унинг зарарлари ва инсон организмига кўрсатадиган салбий таъсири умумий илоҳий ҳукмлар остига киради. 

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 195-оятида шундай марҳамат қилади: "...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг!..."

Гиёҳвандликка ружу қўйган инсон билиб туриб ўз жонини, соғлиғини ва келажагини ҳалокатга улоқтирган бўлади. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло инсонга берилган ҳаёт ва танани омонат деб эълон қилган. Нисо сурасининг 29-оятида эса: "...Ўзларингизни (бир-бирингизни) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмдилдир", – дейилган.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш — бу секин-асталик билан ўз-ўзини ўлдириш (суиқасд)нинг бир кўринишидир. Исломда эса ўз жонига қасд қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади.

Ҳадиси шарифларда маст қилувчи моддаларнинг ҳукми борасида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ақлни олувчи ва баданни бўшаштирувчи ҳар қандай нарсадан қайтарганлар. Гиёҳвандлик воситалари эса айнан мана шундай хусусиятга эга.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: "Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир (спиртли ичимлик кабидир) ва ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир".

Бошқа бир ривоятда, Умму Салама (розияллоҳу анҳо) онамиздан шундай нақл қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи ва (баданни, ақлни) бўшаштирувчи, сустлаштирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар" (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Замонавий тиббиёт ва уламолар иттифоқ қилишганки, гиёҳвандлик моддалари (хоҳ у табиий, хоҳ кимёвий/синтетик бўлсин) инсон марказий асаб тизимини фалажлаб, баданни сустлаштиради ва инсонни ўз ҳаракатларини бошқара олмайдиган даражага келтиради.

Рақамлар қаралганда Дунёдаги умумий статистика

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) маълумотлари дунёдаги вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бораётганини кўрсатмоқда: Истеъмолчилар сони: Сайёрамизда 15 ёшдан 64 ёшгача бўлган аҳолининг қарийб 300 миллионга яқини (дунё аҳолисининг камида 5-6 фоизи) йил давомида ҳеч бўлмаганда бир марта гиёҳванд модда истеъмол қилади.

Ушбу истеъмолчиларнинг 40 миллионга яқини гиёҳвандликнинг оғир шаклларидан (наркомания касаллигидан) азият чекади ва тиббий ёрдамга муҳтож.

Ўлим кўрсаткичи эса ҳар йили дунёда гиёҳвандлик ва унинг оқибатида келиб чиқадиган касалликлар (ОИТС, гепатит, дозани ошириб юбориш ва юрак хуружи) туфайли 500 мингдан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмади.

Янги хавф — Синтетик моддалар сўнгги йилларда анъанавий наркотиклар ўрнини арзон ва ўта хавфли бўлган кимёвий (мефедрон, "соль", спайс каби) синтетик моддалар эгалламоқда.

Улар мияни атиги бир неча ойда бутунлай емириб битиради.

Ўзбекистондаги вазият ва хавотирли тенденциялар

Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра узоқ йиллар давомида "Афғон трафики" (жанубдан шимолга наркотиклар ташиш йўли) хавфи остида яшаб келди. Бироқ бугунги кунда вазият ички бозорда ҳам жиддийлашган:

Расмий рўйхатга қаралса Республикада наркологик диспансерларда расмий ҳисобда турувчи беморлар сони неча минглаб кишини ташкил этади, бироқ яширин истеъмолчилар сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.

Энг ачинарлиси гиёхвандлик ёшарётгани катта муаммога айланди. Илгари гиёҳвандлик асосан 30-40 ёшлардаги шахсларда кузатилган бўлса, ҳозирги кунда синтетик наркотикларнинг "оммалашиши" оқибатида 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёшлар ва ҳатто мактаб ўқувчилари орасида ҳам ушбу иллатга чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда.

Интернет орқали савдо ҳам авж олди. Замонавий гиёҳвандлик маҳаллий "кўча савдоси"дан ижтимоий тармоқларга (хусусан, Telegram'даги яширин гуруҳлар ва "закладка" - беркитиб кетиш тизимига) кўчган. Бу эса унга қарши курашишни янада мураккаблаштирмоқда.

Давлат даражасидаги олиб борилаётган курашларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳар йили тонналаб наркотик моддалар, миллионлаб дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомаладан ушлаб қолинмоқда ва юзлаб яширин лабораториялар тугатилмоқда.

Ижтимоий ва оилавий оқибатлар зарари ҳақида гапирсак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маст қилувчи нарсалар ҳақида гапириб:
"Хамрдан (маст қилувчи нарсалардан) сақланинглар, чунки у барча ёмонликларнинг калитидир", – деганлар (Имом Ҳоким ривояти).

Лойқаланган ақл эгаси навбатдаги дозани топиш мақсадида пул қидириб, ўз оиласини хонавайрон қилади, уйдаги буюмларни сотади, ота-онаси ёки турмуш ўртоғига қўл кўтаради.

Бу иллат ортидан қуйидаги фожиалар келиб чиқади.

Оилалар ажрими кўпайиб наркоман яшаётган оилаларнинг аксарияти тез фурсатда парчаланиб кетади, фарзандлар тирик етимга айланади.

Жиноятчилик—Ўғрилик, фирибгарлик ва ҳатто қотилликларнинг катта қисми гиёҳвандлик моддалари таъсирида ёки уларни сотиб олишга маблағ топиш мақсадида содир этилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак: Ислом дини инсонни улуғлайди ва ундан пок, соғлом ҳаёт кечиришни талаб қилади. Гиёҳвандлик эса Аллоҳ берган энг буюк неъмат — ақл ва соғлиқни ўз қўли билан чиритишдир.

Юқоридаги хавотирли статистикалар шуни кўрсатадики, бу офат узоқдаги эмас, балки ён-атрофимиздаги хавфдир. Жамиятимизни, айниқса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни бу балодан асраш фақатгина давлат органларининг иши эмас. Бу — ҳар бир ота-онанинг, устознинг ва маҳалланинг иймоний ва инсоний бурчидир. Ҳар бир инсон ўз фарзандининг хулқига ва кимлар билан дўстлашаётганига ҳушёр бўлиши шарт.

Зеро, соғлом жамият — порлоқ келажак гаровидир.


Содиқжон Абдураҳманов,
Косонсой туман Бузругхўжа жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts