Билгилки, тавбанинг вожиблиги оят ва хабарларда баён қилинган. Басирати, яъни идрок ва зеҳн қуввати очилган кишига бу нарса кундай равшан.
Аллоҳ кўксига иймонни жойлаган инсон унинг нури билан олдидаги жаҳолат зулматларини ёриб ўтишга, ҳар қадамда довдираб, етакчига эҳтиёж сезавермасдан, сабот билан дадил юришга қодир бўлади.
Шунга кўра, солик, яъни охират йўлчиси икки хил: кўзи ожиз киши каби доимо, ҳар қадамда етовга муҳтож бўлиши ёхуд аввал ҳидоят топиб, сўнг нафсини ҳидоятга бошлайдиган басират соҳиби бўлиши мумкин.
Шунингдек, одамлар ҳам дин йўлида икки тоифага ажраладилар. Кимки бу йўлга қадам қўйиб, тақлиддан нарига ўтолмаса, у ҳар қадамда Аллоҳнинг китоби ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан бирор далилга муҳтож бўлади. Кўпинча эҳтиёжини қондиролмайди, ҳайронлик ичра қолади. Умри қанчалик узун, жидду жаҳди қанчалик қаттиқ бўлмасин, унинг бу ҳаракатида маҳдудлик, қадам ташлашида заифлик. бор.
Кимнинг қалбини Аллоҳ Исломга очиб, саодатманд этган экан, у Парвардигори томонидан бўладиган нур устидадир. У озгина ишора билан чалкаш йўл синоатидан огоҳ бўлади, машаққатли довонлардан ошиб, қалби Қуръон ва иймон нури билан ёғдуга тўлади. Ботинидаги нурнинг порлаши учун озгина баён кифоя. Гарчи олов тегмаса ҳам, худди ёғга ботирилган пиликдек зиё таратади. Агар олов тегса, нур устига нур! Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини Ўз нурига ҳидоят қилади.
Мана шу ҳолни ўзида ҳосил қилган киши тавбанинг вожиблигини билишни хоҳласа, аввало, басират нури ила тавбанинг моҳиятига, кейин унинг вожиблиги маъноси нимадан иборатлигига назар солсин. Сўнгра бу маъноларни ақлида жамлаб, тафаккур қилсин. Шак йўқки, шундан кейин у ўзининг тавба йўлида собит туриши зарурлигига қатъий амин бўлади.
Абадий ҳалокатдан нажот топиб, абадий саодатга эришиш учун тавба вожиб экан, демак, бахт ё бахтсизлик тушунчалари бирор ишни амалга ошириш ёки уни тарк қилишни тақозо этади. Акс ҳолда, вожиб сўзининг маъноси вожиблик сифатини йўқотади.
Қачонки, вожиб сўзининг маъноси абадий саодат йўлидаги восита деб англанса; боқий уйдаги фароғат Аллоҳ таоло дийдори ила ҳосил бўлиши ва ундан тўсувчи ҳар бир нарса шаксиз балога йўлиқтириши, нафс ва унинг истаги орасида воситачи бўлган кишининг фироқ ва жаҳаннам оловида куйиши англанса; дунё истакларига қул бўлиш, бу дунё билан дўст тутиниш, бевафо матоҳларга бутун меҳру муҳаббатни бериб боғланиш Аллоҳ таолонинг дийдоридан узоқлаштирувчи нарсалар экани англанса, шубҳасиз, ўшанда узоқлашиш йўлидан кечиб, яқинлик йўлига қадам қўйиш вожиблиги аён бўлади.
Қачонки, қалб билан бу олам зийнатлари орасидаги алоқа барҳам топиб, унинг ўрнини давомли зикр эгалласа, банда билан Яратувчи ўртасидаги унс ва муҳаббат янада ортади. Муҳаббат кучайган сайин ҳар ким тоқатига яраша улуғлик ва қудрат эгаси бўлмиш Зотга яқинлаша боради, гуноҳ нелигини англайди. Гуноҳ Аллоҳдан юз ўгириш ва шайтонга эргашиш эканини, шайтон Даргоҳдан тўсилгани сабаб Аллоҳдан узоқлаштирувчи душман эканини ичдан ҳис этади. Оқибат, узоқлашишни тарк этиб, яқинлашиш йўлига ўтиш вожиб эканига заррача шубҳа қилмайди.
Иброҳим Мамажонов,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме
масжид имом-ноиби