Жамият аъзоларига муносабат

ТАСАВВУФ ҲАҚИДА ТАСАВВУР.

ТАСАВВУФ ҲАҚИДА ТАСАВВУР.

Охирги пайтда бемазҳаблар томонидан тасаввуф ва аҳли тасаввуфни оммавий танқид остига олиниши натижасида “сўфий” атамаси салбий маъно касб этадиган қораловчи сўзлар қаторига қўшилиб қолгани кўпчиликка аён. Ташқи кўринишини суннатга мослаб, бошда салла, қўлда тасбиҳ,узун чопон кийганларга кимдир қўлни бигиз қилиб, яна кимлардир беписандлик ила “анави сўфий экан” деб заҳарли қараш қилувчилар орамизда афсуски кам эмас. Жоҳиллик, илмсизлик шу қадар зарарли иллатки, соф қалб эгаси жоҳиллик туфайли залолат кўчасига ўзи билмаган ҳолда кириб қолади. Дарвешнамо кийинганларни замондан орқада қолган “сўфий”лар деб кўзга илмай юрганларнинг аксари аслида сўфийликнинг асл моҳиятидан мутлақо бехабар, улар ҳақида маълумотга эга бўлмаган, аксинча тасаввуф душманлари бўлмиш янги зоҳирийлар (ваҳҳобий, салафийлар) таъсирига тушиб қолган кишилардир. Бизнинг назаримизда агар уларга сўфийликнинг туб моҳиятини очиб берилса, улар фикрларини ўзгартиришади ва сўфийларга нисбатан қалбларида илиқлик  пайдо бўлади.

Тасаввуф ислом ахлоқи билан безаниш учун керакли илмларни ўргатадиган соҳадир . Тиб илми бадан соғлигига оид маълумотларни ўргатганидек тасаввуф ҳам қалбнинг, руҳнинг ёмон ахлоқлардан фориғ бўлишини ўргатади. Қалб хасталикларининг аломатлари бўлган манавий иллатлардан узоқлаштиради. Аллоҳ розилиги учун хайрли амаллар ва ибодат қилишни таъминлайди. Чунки динимиз аввало илм ўрганишни сўнгра шунга мос амал ва ибодатларни Аллоҳ розилиги учун бажаришни амр қилган.

Имоми Молик ҳазратлари айтдики: "Фиқҳни ўрганмасдан тасаввуф билан шуғулланган киши диндан чиқади, зиндиқ бўлади. Фиқҳни ўргангану лекин тасаввуфдан хабари бўлмаган одам эса, бидъат аҳли бўлади. Ҳар иккаласини ўрганган инсон ҳақиқатга эришади." 

Тасаввуф қалбни соф тутиш, ёмон хулқ-атвордан поклаш ва яхши ахлоқ билан безатиш деганидир. Тасаввуф ҳол иши бўлгани учун буни бошидан кечирган одамларгина билади, таърифлаш билан тушунтириш қийин.

Тасаввуф аҳли ўз даражаларига кўра тасаввуфни турлича таърифлаганлар. Баъзиларини қуйида келтирамиз:

- Тасаввуф диннинг амрларига бўйсуниб, тақиқларидан сақланиб қалбини ёмон ахлоқдан поклаб, яхши ахлоққа тўлдирмоқдир.

- Тасаввуф ўлмай туриб ўла олиш ҳолатидир.

- Тасаввуф тақдирига рози бўлмоқдир.

- Тасаввуф намоз, рўза ва кечалари ибодат қилиш дегани эмас. Буларни бажариш ҳар бир мусулмоннинг қуллик вазифасидир. Тасаввуф инсонларни ранжитмасликдир. Буни уддалаган киши восил бўлади, яъни мақсадига қовушади.

- Тасаввуф инсонни ибодатларда керак бўладиган ихлосга ва инсонлар билан муносабатда керак бўладиган гўзал ахлоққа эриштирувчи йўлдир. Инсонларга бу йўлни фақат муршиди комиллар ўргатади.

- Тасаввуф Расулуллоҳнинг муборак қалбидан чиқиб, авлиёларнинг қалбларига келадиган илмлардир.

- Тасаввуфнинг етти юздан ортиқ таърифи бор. Лекин асоси аҳаммни муҳимдан аввалроқ бажариш демакдир. Яъни қилиниши муҳим бўлган амал ва ишлар ичидан энг муҳимини ажрата олиш ва бажара олиш санъатидир.

- Тасаввуфда шариатга хилоф амаллар бўлиши мумкинми?

- Тасаввуфнинг бошланғич қоидаларидани бири "аввал шариат кейин тариқат..." қоидасидир. Бунга кўра аҳли суннат эътиқодида бўлган сунний тариқатларнинг ҳеч бирида шариатга хилоф амал бўлиши мумкин эмас. Зотан тарихдан маълум бўлган сунний тариқатларда шариатга зид амал ва усуллар бўлмаган. Шариат деганда маълум ва машҳур тўрт ҳақ мазҳаб фиқҳи тушунилади. Шу боис яқин ўтмишгача ҳеч қайси сунний тариқат мавжуд тўрт мазҳаб фиқҳига терс ишларни тарғиб қилмаган.

Аксариятла сўнгги 200-300 йилда Ислом оламининг ҳамма соҳаларида бўлганидек бу соҳада ҳам тариқат раислигини юрита оладиган ҳақиқий муршиди комиллар етиштира олмаган тариқатлар бошига салоҳиятсиз ва етарсиз шахслар келиб ўтирди. Уни устига битта тариқатнинг ўзи шоҳланиб бутоқланиб бир неча фарқли ўлкаларда фарқли усуллар билан давом этди. Ана шу пайтдан бошлаб тариқатларнинг аксариятида шариатга хилоф бўлган бидъат амаллар одат ва ҳатто ибодат ҳолини олди. Бу баъзи калтафаҳмлар томонидан барча тариқатларга ҳақорат қилиш, уларни Ислом ташқарисидаги йўллар деб айблаш учун ягона сабаб бўлиб қолаверди. Лекин шунча манфийликларга қарамасдан минтақамизда машҳур бўлган Нақшбандия тариқати каби баъзи тасаввуф мактаблари суннати санийяга содиқ ҳолда фаолиятларини давом этказишга муваффақ бўлишганини кўра оламиз холос.

Мансурхон Тўҳтахўжаев, 
Косонсой тумани  Мулла Отавой Оху н ” жоме 
  масжиди имом хатиби .

Related posts