Жаҳолатга қарши маърифат

ТАКФИР МАСАЛАСИ

ТАКФИР МАСАЛАСИ

Бугунги кунда ўзларини ғаразли мақсадларига етишишликда Ислом тарихида хорижийлар қўллаган услуб билан мусулмонларни кофирга чиқариб уларнинг қонини ва молини ўзларига халол қилиб олиш жиҳодий жамоалар мафкурасида кенг да­вом эттириляпти. 

Улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашади. 

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган мўмин киши қилган иши­ни ҳалол санамас экан, кофир бўлмайди. Шунингдек, тўрт мазҳаб уламолари иттифоқига кўра, катта гуноҳ содир этган шахс дўзахда ҳам абадий қолмайди.

Мусулмонни кофир санашдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни ко­фирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бун­дай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا تَبْتَغُونَ عَرَضَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا فَعِنْدَ اللَّهِ مَغَانِمُ كَثِيرَةٌ كَذَلِكَ كُنْتُمْ مِنْ قَبْلُ فَمَنَّ اللَّهُ عَلَيْكُمْ فَتَبَيَّنُوا إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا

«Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) киши­га бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра) сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутин­гиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир» (Нисо, 94). 

Бир неча саҳобалар Мадина ташқарисига чиққанларида бир гуруҳ мушрикларга дуч келадилар. Саҳобалардан қўрқиб тарқаб кетишганда, Мирдос исмли мушрик қолиб, уларга салом беради ва Имон калимасини айтади. Шунга қарамай, уни ўлдириб, нарсаларини ўлжа қилиб келтирган Зайд (ёки Миқдод)ни Расул алайҳиссалом қаттиқ койийдилар.

Ҳадиси шарифларда ҳам ўзга шахсни куфрга чиқаришдан огоҳлантирилади. Жумладан, Имом Бухорий Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади». 

Абу Заррдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бун­дай деганлар: “Ҳеч бир киши бошқа кишини фосиқ, кофир, деб айбламасин. Агар у киши бундай бўлмаса, айтган гапи ўзига қайтиб келади”. 

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, қибла аҳли бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик керак. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) қибла аҳлларидан би­рор кишини кофирга ҳукм қилмаганлар.

Халифа Али (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси такфир тушунчасини ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўллаган. 

Хорижийлар қурол ишлатиш билан ўз эътиқодини ёйиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилишади. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол са­нашган.

 “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблашади. 

Катта гуноҳ қилган ки­шини кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган.

Хорижийларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ҳаётига ҳам тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳга оид даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъкидлашади. 

2005 йил июл ойида Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом ола­ми етакчи уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.

Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш ҳақидаги саволга бундай жавоб беради:  “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг Расули эканига қалби билан тасдиқлаган ҳолда гувоҳлик берса, мусулмондир. Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим”.

Муродилла Аҳмедов,

Наманган тумани "Отавалихон" жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts