Жамият аъзоларига муносабат

ТАЪМАГИРЛИК — НАФС БАЛОСИ ВА ИМОН ЗАИФЛИГИ БЕЛГИСИ.

ТАЪМАГИРЛИК — НАФС БАЛОСИ ВА ИМОН ЗАИФЛИГИ БЕЛГИСИ.

Ислом дини инсониятни ҳалоллик, сабр-тоқат, қаноат ва меҳнацеварликка даъват этади. Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан бири бу ҳалол ризқдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ризқни Аллоҳдан деб билади ва уни топишда ҳалол йўлни тутади. Аммо нафсга берилган, Аллоҳ берганига шукр қилмайдиган баъзи кишилар таъмагирлик балосига гирифтор бўладилар.

Таъмагирлик нима?

Таъмагирлик — бу кишининг ўзида борига рози бўлмай, бошқаларнинг мол-мулкига кўз олайтириб яшаши, юрагида доимий норозилик, ҳасад ва очкўзлик билан юришидир. Бу ҳолат кишини ҳалолликдан, сабрдан ва охиратни ўйлашдан четлаштиради.

Қуръон ва ҳадисларда таъмагирлик

Аллоҳ таоло Қуръони каримда дейди: "Ва Аллоҳ сизларнинг баъзиларингизни баъзиларидан ризқда устун қилди. Бас, устун қилинганлар ўз ризқларини қўл остидагиларга бермайдиларки, (барча) бунда баробар бўлсинлар." (Наҳл сураси, 71-оят). 

Бу оятдан англашиладики, Аллоҳ ҳар бир бандага ризқни ўз иродаси билан беради. Кимдадир кўп, кимдадир оз бўлиши — бу синов. Шунинг учун инсон ўзидан бойроғига ҳасад қилмаслиги, аксинча Аллоҳнинг берганига рози бўлиши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

"Бойлик кўплиги билан эмас, ҳақиқий бойлик — бу қалбнинг бойлигидир." (Имом Бухорий ривояти)

Яна бир ҳадиси шарифда айтилади:

"Аллоҳга қасамки, мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман. Мен сизлар учун дунёнинг кенг очилиши ва сиздан аввалгиларни чалғитгани каби сизларни ҳам чалғитиб юборишидан қўрқаман."

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадислардан кўринадики, дунёга, бойликка ҳаддан ортиқ интилиш, бошқаларникига кўз олайтириш охиратни унутишга, қалбни худбинлик ва ҳасадга тўлдиришга олиб келади.

Таъмагирликнинг иллатлари

Шукр қилмаслик — Аллоҳнинг берган неъматларини қадрламаслик.

Ҳасад қилиш — бу оғир гуноҳлардан бўлиб, инсонни ичидан емиради.

Ноҳақ йўл билан мол топишга уриниш — бу эса ҳаромга етаклайди.

Иймон заифлиги — Аллоҳга таваккал қилмаслик, ризқни Унинг зиммасида эмас, одамларнинг қўлида деб билиш.

Қаноат ва таваккул — таъмагирликнинг давоси

Қуръонда Аллоҳ таоло дейди: "Агар шукр қилсангиз, албатта сизларга (неъматимни) зиёда қилурман." (Иброҳим сураси, 7-оят)

Мўмин кишининг калбида доимий шукр ва сабр бўлиши керак. Қаноат эса қалб бойлигини беради. Ҳар бир киши билмоғи керакки, ризқ — Аллоҳнинг қўлидадир. Инсон ҳаракат қилади, аммо натижани Аллоҳ беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

"Кимки тонгда уйғониб, танаси соғ, қалби хотиржам, кунлик ризқи бор бўлса — у гўё дунёдаги барча неъматларга эга бўлган кишидир."

(Термизий ривояти)

Хулоса

Таъмагирлик — бу нафснинг балоси, Аллоҳнинг берганига рози бўлмасликдир. Бу иллат инсонни ҳаромга етаклайди, охиратни унуттиради. Мўмин киши эса ҳар доим Аллоҳнинг ризосини кўзлайди, ҳалол меҳнат қилади, бошқаларга ҳасад эмас, дуо қилади. Шунда қалбда поклик, жамиятда эса барака ва тинчлик ҳукм суради.

"Қаноат қилган киши — доимо бой, ҳасад қилган киши — доимо камбағалдир."

 

Муҳиббуллоҳ Ҳудайбердиев,
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Related posts