Аллоҳ таоло инсониятга ҳаёт учун зарур бўлган жуда кўп неъматларни ато этган. Сув ана шу неъматларнинг энг зарури ва қадрлисидир. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди — одамлар, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг яшаши бевосита обиҳаётга боғлиқ.
Аллоҳ таоло сув орқали ерни обод қилди, наботот ва ризқ-розимизни ундириб қўйди. Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилинади: «Ва осмондан барака сувини туширдик ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик» (Қоф сураси, 9-оят).
«У сизларга ерни тўшак, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган Зотдир» (Бақара сураси, 22-оят).
«Биз ҳар бир тирик нарсани сувдан яратдик» (Анбиё сураси, 30-оят).
Ибодатда ҳам исрофга йўл йўқ.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сувнинг қадрига етиш лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд розияллоҳу анҳунинг таҳорат олаётганини кўриб: «Эй Саъд, бу исроф нимаси?» дедилар.
Саъд розияллоҳу анҳу: «Таҳоратда ҳам исроф борми?» деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: «Ҳа, гарчи оқиб турган дарё бўйида турган бўлсанг ҳам», — деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳатто ибодат ҳисобланган таҳоратда ҳам ортиқча сув ишлатиш исроф саналса, кундалик ҳаётимизда сувни қанчалик тежашимиз кераклигини англаб олиш қийин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 1 литр сув билан таҳорат, 3 литр сув билан ғусл қилишни суннат қилганлар.
Сувга шукр қилиш ва уни бошқалар билан улашиш
Ҳар бир неъматнинг шукри фақат тил билан эмас, балки амалда ҳам бўлади. Сув неъматининг шукри — уни тежаб ишлатиш, ифлослантирмаслик ва қадрлашдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда сув бўла туриб, одамларни ундан ман қилса, Аллоҳ қиёмат куни ундан Ўз раҳматини ман қилади», — деб марҳамат қилганлар.
Бор сувни бошқалар билан улашиш, қудуқ қазиш, ариқларни тозалаш ва сув етказиб бериш каби хайрли ишлар Исломда жуда катта савоб ҳисобланади.
Реаллик ва огоҳлик
Бугунги кунда дунё бўйлаб 1 миллиарддан зиёд инсон ичимлик сувига муҳтожлик чекмоқда. Минг афсуски, тежамкорлик ҳақида жуда кўп гапирилишига қарамай, атрофимизда бепарволик ва исрофгарчилик ҳануз учраб турибди. Кўчаларда, бозорларда ёки хонадонларда жўмракларнинг очиқ қолиши, тузатишга келганда «кимга керак бўлса, ўзи тузатиб олсин» деган кайфиятда бўлиш — айнан исроф ва бепарволикнинг олий кўринишидир.
Юртимизда ҳозирча ичимлик суви танқислиги сезилмаётган бўлса-да, соҳа мутахассислари яқин келажакда бундай муаммолар бизда ҳам юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда. Осмондан тушадиган сув миқдори ҳам ўлчовлидир. Инсон неъматни қадрлаб шукр қилса, у зиёда қилинади; ношукрлик ва исрофга йўл қўйса, неъматдан маҳрум бўлади.
Аллоҳ таоло Воқеа сурасининг 68-70-оятларида шундай марҳамат қилади: «Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизми?»
Шундай экан, сувни тежаб, жўмракларни очиқ қолдирмай, манбаларни ифлослантирмасдан, ушбу бебаҳо неъматни келажак авлодларга оқилона ва покиза ҳолда етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Аллоҳ таоло барчамизга сувни тежаб-авайлаб ишлатишни ва бу бебаҳо неъматнинг қадрига етиб, шукрини адо этишни насиб айласин!
Адҳамжон Абдураҳманов,
Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме
масжиди имом ноиби