Жамият аъзоларига муносабат

СУВ - АЛЛОҲНИНГ БИЗГА БЕРГАН НЕЪМАТИ!

СУВ - АЛЛОҲНИНГ БИЗГА БЕРГАН НЕЪМАТИ!

Аллоҳ таоло инсон зотини яратгач, унинг ер юзида яшашини ирода килди. Шунингдек, унга ердаги барча мавжудод ва махлукотни бўйсундириб, ҳамма қулайликларни яратиб қўйди. Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида унда сувларни оқизиб турли ўт-ўлан, дов – дарахтларни ўстириб ҳам қўйди. Қуръони каримнинг кўпгина сураларида Аллоҳ таоло инсонларга Ўзи ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам алохида зикр қилган: “Унинг аломатларидан (бири) ерни хор (қуруқ) ҳолда кўришингиздир. Бас, қачонки, Биз унинг устига сув (ёмғир) ёғдирсак, у харакатга келар ва унар. Албатта, ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олувчидир. Зеро, У барча ишга қодирдир”. (Фуссилат, 39)

Аллоҳ таолонинг Ўзи ато этган неъматлари орасидан сувни алоҳида эслатиб ўтиши бежиз эмас. Сабаби, инсон хаёти ва фаолиятида сув энг бебаҳо неъматлардандир. Инсон овқатсиз бир икки хафтагача яшаши мумкиндир, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Одам танасидаги сув агар 15 % га камайса, у халок бўлади. Мутахассислар фикрича, Инсон танасининг аксар кисми сувдан иборат. Масалан, чақалок оғирлигининг 75 % ни сув ташкил этади. Сув инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Бунга яна унинг тозаланиб – покланиш ва бошка мақсадларда ишлатадиган суви ҳам қўшилса, инсонга сув канчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади. Аллоҳ таоло сувнинг қанчалик бебаҳо неъмат экани хақида баён этар экан, сув воситасида бандаларга ато этадиган жуда кўп имкониятларни ҳам эслатади: “Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёхлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кукатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева—ю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик).” (Абаса, 24-32)

Аллоҳ таоло инсонларнинг Ер юзида экин-тикин қилишлари, тирикчиликларини ўтказишлари, умуман фаравон ҳаёт кечиришлари учун осмондан мўл қор-ёмғирларни муайян тизим асосида туширади.

Булардан ташқари инсонларга ва уларнинг чорваларига емиш, озуқа қилиб, қанчадан-қанча ҳар-хил меваларни, турли ўт-ўланларни ҳам Аллоҳ таоло ўстириб қўйган. Агар У осмондан қор-ёмғир ёғдирмаса, У яратган Қуёш нур сочмаса, Ер тупроғи унумдор бўлмаса, дарахт-экинларнинг бирортаси кўкармас эди. Инсон булардан ибрат олиб, ақл юритмоғи даркор. Аллоҳ берган бу бебаҳо неъматлар учун Унга тоат-ибодатда бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида, унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб қўйди. Сув Аллоҳнинг улкан неъматидир. Рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз суюқлик танамизни текиклаштиради, либосларимизни поклайди, ташналигимизни қондиради, ҳаётимизнинг давом этишига сабаб бўлади. Бежизга сувни “Обиҳаёт” дейишмайди.

Сув бўлмаса, экин-тикинлар ўсмайди, чорва ҳайвонлари ҳалокатга учрайди, ер юзида ҳаёт тугаб, яшашнинг имкони ҳам қолмайди. Сув етиб бормаган улкалар қурғоқчиликка айланади, осмондан Аллоҳ ёғдирган сув, яъни қор-ёмғир ёққачгина яна ҳамма нарса «тирилиб» тўлақонли ҳаёт бошланади.

Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас.

Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига миллионлаб инсонлар касалланиб, нобуд бўлмоқда.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни сувга эътиборли бўлиш, уни тежаб ишлатиш ва Аллоҳнинг ушбу неъматига доимо шукур қилиб боришимизни насиб қилсин!

Анвархон Садриддинов

Наманган шахар Ҳазрати Лангар жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts