Жамият аъзоларига муносабат

СИЛАИ РАҲМНИНГ ФАЗИЛАТИ

СИЛАИ РАҲМНИНГ ФАЗИЛАТИ

Силаи-раҳмнинг фазилати тўғрисида оят, ҳадис ва ривоятлар кўп. Қуръони каримда бу ҳақда шундай марҳамат қилинади: Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир.

Мазкур ояти карима билан Аллоҳ таоло қариндошлар алоқасини узишдан қайтармоқда. Демак, мазкур ояти карима ва бошқа ҳадис билан силаи раҳм қилмаслик, уни узиш энг катта гуноҳ ва унинг акси катта фазилатли амалдир. Силаи раҳм қилишнинг дунё ва охиратда манфаатлари бор. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Роббисидан қўрқса (яъни амалларида тақво қилса) ва силаи-раҳм қилса, унинг ажали орқага сурилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради” – дедилар.

Бу ҳадиси шарифда ҳам инсоннинг Роббисидан қўрқиб, унинг буйруқларини бажарса ва қайтарганларидан қайтса, ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида силаи раҳм қилса умри зиёда қилиниб, ажали орқага сурилади дейилмоқда. Албатта унинг умри зиёда бўлиши ва ажали орқага сурилиши унинг умрига барака берилишидир. Силаии раҳм билан қариндошлар ўртасида меҳр – муҳаббат зиёда бўлади.

Барака ва меҳр – муҳаббатнинг пайдо бўлиши силаи раҳмнинг дунёдаги фойдасидир. Албатта, унинг охиратдаги савоби ва мукофати ҳам бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳм Раҳмоннинг исмидан олинган. Ким сийлаи-раҳм билан боғланса, Аллоҳ таоло ҳам у билан боғланади. Ким силаи раҳм алоқаларини узса Аллоҳ таоло ҳам у билан орасини узади.” -дейди. 

Ихлос билан қилинган барча амалларнинг савоби бўлганидек, силаи-раҳмда ҳам ихлос бўлса савоб бўлади. Агар силаи-раҳмда ихлос бўлмаса, балки бирор бир ғараз билан “борди-келди” қилинса савоб ҳосил бўлмайди.

Шунингдек силаи раҳм қилишда “борди-келди” узилган қариндош-уруғлар билан силаи раҳм қилишни тиклаш ҳақиқий силаи раҳм бўлади. Бундай силаи-раҳмда ихлоснинг сурати кўринади. Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай таълим берганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қилганига яраша (силаи раҳм) қилувчи қариндошлик ришталарини боғловчи эмасдир. Аммо қариндошлик ришталари узилганда уни боғловчи киши силаи раҳм қилувчидир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Силаи раҳм қилувчилар билан борди-келди қилиш одатда ўз-ўзидан табий бўлади. Аммо, силаи раҳмнинг фазилатини билмаганидан ёки бепарволигидан салаи-раҳм қилмайдиган қариндош-уруғлар билан силаи-раҳм қилиш осон бўлмайди. Бу ҳолатда аввал айлганидек, ихлос керак бўлади. Шунда савоб кўпаяди. ҳам қариндош-уруғчилик ҳаққи учун уларга яхшилик қилиш лозим бўлади. 

Силаи-раҳм қилиш керак бўлган қариндош-уруғлар кўп бўлиб, аввало, ака-ука ва опа-сингиллар, амаки-тоға ва амма-холалар сингари яқин қариндошлар ўртасида тез-тез бўлиши керак бўлса, бошқа узоқ қариндошлар билан ҳам вақт-вақти билан бўлиши керак бўлади. Шунинг фарзандлар ота-оналарининг дўстлари силаи-раҳм қилиши ўзига хос фазилатли амал бўлади.

Шуни такидлаш керакки, узоқ вақт бир-биридан ўзоқлашган қариндошларни зиёрат қилиш энг савоб амаллардан ҳисобланади.

Авазбек Тўраев, 
Норин тумани  Қурбон ота ” жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts