Таълим тарбия

САЛОМЛАШИШ — ИСЛОМДАГИ ГЎЗАЛ ХУЛҚЛАРИДАНДИР.

САЛОМЛАШИШ — ИСЛОМДАГИ ГЎЗАЛ ХУЛҚЛАРИДАНДИР.

Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи алайҳи васалламнинг ҳаёти ва сўзлари бизни гўзал хулқ ва ахлоқларнинг энг олий намунасини кўрсатиб беради. Саломлашиш икки кишининг бир-бирига  Ҳар бир мусулмон учун гўзал ахлоқлар, шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эга. Пайғамбаримиз  салом бериши, ҳол-аҳвол сўраши.Аллоҳ таоло Қуръони каримда салом ҳақида шундай дейди   «…Бас, қачон, уйларга кирсангиз, бир-бирларингга Аллоҳ хузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинг (яъни «Ассалому алайкум» денг!)…»(Нур, 61). 

«Салом» сўзининг маъноларидан бири «тинчлик» бўлиб, салом берган киши иккинчи томонга тинчлик, хотиржамлик, осойишталик, фаровонлик тилаган бўлади. Саломлашиш — мусулмонлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлайдиган муҳим амаллардан биридир. Ислам дини инсонлар ўртасида яхши муносабатлар ўрнатишга катта аҳамият беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:

«Саломлашиш — мусулмонларнинг ўзига хос хулқидир. Салом бериш ва саломни қабул қилиш Аллоҳнинг розилигини олиш учун улуғ фазилатдир», деб айтганлар.

Салом, асосан, икки ёки бир неча киши ўртасида тинчлик ва осойишталикни тарғиб қилиш учун айтилади. Бу фақат бир сўз эмас, балки ўзингиз ва бошқалар учун саломатлик, яхши ният ва энг муҳими, Аллоҳнинг раҳматини англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда салом ва унинг жавоби чиройли суратда бўлиши ҳақида шундай дейди 

«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг    ёки худди ўзидек жавоб беринг». (Нисо сураси, 86- оят) 

Ушбу ояти каримадан салом берилганда жавоб берувчи унга саломнинг ўзидек ёки ундада чиройлироқ жавоб қайтариш лозимлиги келиб чиқмоқда Саломни янада тўлиқ ва маънодор қилиш учун «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ», яъни «Сизга тинчлик-омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин», дейилади.  Алик олиш ҳам саломга яраша чиройли ва мукаммал бўлиши керак. 

Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади. Салом тўлиқ, сўзларини бузмай, одоб билан берилади, у «салом», «сомалайкум» (маъноси: сизга ўлим бўлсин), «салом бердик», «привет», «хайрли кун» каби бузуқ шаклларда бўлмаслиги лозим. Кўпчилик ўтирган жой ёки издиҳомга кириб борган киши бир одамни хосламай, ҳаммага салом беради, аммо ўтирганларнинг ичидан бир киши алик олса кифоя қилади. Салом берилсаю, аммо бирор киши ҳам алик олмаса, ўтирганларнинг ҳаммаси фарзни тарк қилган гуноҳкорлардан бўлади. 

Бошни қимирлатиб, овозсиз, фақат қўлни кўксига қўйиш билангина салом бериб ҳам, алик олиб ҳам бўлмайди. Салом-алик баралла, эшиттириб айтилиши керак. Агар бирор киши биров орқали сизга салом айтиб юборган бўлса, бунинг жавобини («Ассалому алайка ва алайҳи», деб) дарҳол қайтаришингиз лозим. Салом мактуб орқали юборилган бўлса, дилингизда ёки хат орқали ёзма равишда «Ваалайкум ассалом», дейилади. Баъзилар таниган одамларига салом берадилар, уларнинг саломига алик оладилар, аммо нотаниш одамга на салом берадилар ва на алик оладилар. Баъзилар эса йиғилиб турган жамоат олдидан ҳам саломсиз ўтадилар. Бундай кишиларни аҳлоқсиз , бутунлай Ислом тарбиясидан узоқ кишилар деб айтишимиз мумкин. Чунки салом бериш яхши тилак билдириш, хайрли дуо этиш ва дўстлигини изҳор қилишдан иборатдир. Ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) танишга ҳам, нотанишга ҳам салом беришни Исломнинг энг яхши амали, деб таърифладилар. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллохдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг қайси амали яхширок?» деб сўради. 

Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «(Муҳтожларга) таом беришинг, танишга хам, нотанишга хам салом беришинг», деб жавоб бердилар (Имом Бухорий). Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатади. 

Азиз юртдошлар фарзандларимизга саломлашиш одобини ўргатайлик чунки саломлашиш Исломдаги гўзал хулқлардандир 

Бобуржон Қозоқбоев, 
Давлатобод тумани “Муҳаммад паноҳ” жоме  
масжиди имом ноиби  

Related posts